Йилбоши кўрки

Абу Райҳон Беруний «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида бир қанча халқларнинг турли байрамлари ҳақида маълумотлар келтириб, бу байрамлар дунёвий ва диний ишлар учун нишонлаб келинганини қайд этади. Қадимги халқларнинг айёмлари орасида йилнинг турли фасллари ва ойларида нишонланадиганлари бўлиб, йилнинг бошланишини белгилайдиган байрам энг улуғи ҳисобланган.
Қадимги форслар йилнинг бошланишини «Наврўз» («Янги кун») деб атаганлар. Бу кун қадимги даврларда қуёшнинг Саратон буржига кирган пайтида нишонланган. Кейинроқ, тақвим такомиллашгач, бу байрам орқага сурилиб баҳор фасли (Дай моҳ)нинг биринчи ойи — Фарвардин Моҳ ойининг биринчи кунида нишонлана бошланган.
Қутлуғ саналари ва байрамлари форсларникига ўхшаб кетадиган сўғдларда баҳорнинг биринчи ойи Навсард деб аталиб, унинг илк куни катта Наврўз ҳисобланган. Лекин форслар ва сўғдларда йилни бошлаб берадиган байрам — Наврўз кунини белгилашда тафовутлар бўлган. Бу ушбу мамлакатлардаги амалдаги тақвимлар билан боғлиқ эди.
Қадимги Турон цивилизациясининг ривожида ўзига хос ўрин тутган Қадимги Хоразмда ҳам кўплаб байрамлар бўлган. Хоразмликларнинг динга алоқаси бўлмаган байрамлари орасида баҳорнинг биринчи ойи — Навсаржи ойининг биринчи кунида нишонланадиган Йилбоши байрами улуғ байрамлардан бири саналган. Бу ҳақда Беруний ўз асарида (XI боб) маълумот бериб ўтган. Шу ўринда осмон илмларини, ернинг қуёш атрофидаги ҳаракатини 12 та буржга бўлиб чиққан қадимги туркларда Йилбоши байрами баҳорги тенгкунликка — 21 мартга тўғри келганини алоҳида қайд этиб ўтиш керак.
Маҳмуд Кошғарий ўзининг машҳур «Девони луғотит-турк» асарида қадимги туркларнинг байрамлари билан боғлиқ муҳим маълумотларни келтириб ўтади. Улар орасида баҳорги тенгкунлик байрами — Йилбоши байрамига атаб тайёрланадиган таом — «сумалоқ» ҳақидаги маълумот ғоят эътиборлидир. Маҳмуд Кошғарий халқимиз ошпазлик (кулинария) санъатининг шоҳ таомларидан бўлган «сумалоқ» атамасининг қадим туркий сўзлигини урғулаб, унинг номланиши асоси «сума», яъни сувда ивитиб ундирилган буғдой эканини қайд этади. Сувда ивитилган буғдой қалин ўт бўлиб униб чиққандан кейин унга «лоқ» сўз ясовчиси қўшилиб, «сума+лоқ», деб номланган. Ҳозирда ҳам ўзбек тилида «ўт+лоқ» атамаси билан ўт ўсган майдон аталиб келинишини ҳисобга олсак, «сумалоқ» номининг қадимий туркий атама экани ойдинлашади.
Бугунги кунда жамиятимизда бу атама «сумалак» тарзида қўлланилиб, унинг асосида форсий «се-малак» — «ўттиз малак» тушунчаси ётади, деган ғайри илмий тушунча кенг ёйилган. Ваҳоланки, «малак» атамаси тилимизга ислом даврида араб тилидан кириб келган бўлиб, бу тушунча форсларда «фаришта» номи билан аталади. «Малак» сўзининг арабий эканини, араб кулинария санъатида сумалоқ/сумалак, дея номланувчи таомнинг мавжуд эмаслигини ҳисобга олсак, «сумалак» атамаси на форсий ва на арабий сўз экани англашилади. Шу сабабли, бу қадимий таомнинг асл туркий номи — «сумалоқ» атамасини халқимизга қайтариш устида ишлаш маърифатпарвар зиёлиларимиз вазифаси сифатида қараш пайти келди.
Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида баҳорги тенгкунлик байрамини «Йилбоши» номи билан нишонлаш сақланиб қолган. Миллий қадриятлар тикланаётган, асл тарихимиз қайтаётган янги Ўзбекистонда баҳорги улуғ байрам — «Йилбоши» байрами номини ҳам «Наврўз» атамаси билан бирга мамлакатимизда ва умумтуркий дунёда кенг ёйиш керак. Бунда Марказий Осиё цивилизацияси асослари яратилган мамлакатимиз яловбардор бўлиши, янги Ўзбекистон олимлари ташаббус кўрсатиши керак.
Астрономия илми ривожланган бугунги кунда Ернинг қуёш атрофидаги ҳаракатининг янги цикли 21 март кунидан бошланиши, бу ҳаракат 365 кун, яъни 1 йил давом этиши маълум. Бу ҳам қадимги аждодларимизнинг аниқ фанлар соҳасида, хусусан, осмон жисмлари ҳаракатини ўрганишда ўз даври учун илғор билимларга эга бўлганидан, қўшни ўлкалар ва мамлакатларга маърифат тарқатганликларидан далолат.
Шу ўринда, тилшунос олимларимизнинг арабий сўз сифатида тилимизга кириб келган «илм» сўзи асосида қадимги туркий сўз — «билим» тушунчаси ётгани ҳақидаги фикрларини ҳам эсга олиш керак. Бу ҳақда қадим тарихимиздаги мавжуд бўлган «Билгамиш», «Билга Ҳақон» атамалари ва бошқалар мисол бўла олади.
Янги Ўзбекистонга кириб келган баҳорий улуғ байрам, янги йил — Наврўз боис бу маълумотларни ёш авлод онгига сингдириш орқали бой тарихимиз, бетакрор қадриятларимиз, муқаддас байрамларимиз ҳақидаги билимларни кенг ёйиш таълим тизими олдидаги вазифалардан бири бўлиши керак.
Ўктам МАВЛОНОВ,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий
университети профессори, тарих фанлари доктори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг