Йиғлаётган «Биби сешанба»
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Андижон вилояти ҳудудида 400 дан ортиқ сайёҳлик объектлари мавжуд. Улар орасида табаррук қадамжолар ва зиёратгоҳлар алоҳида ўрин тутади. Хўжаобод туманидаги Имом ота, Хонобод шаҳридаги Фозилмон ота, Жалақудуқ туманидаги Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳлари шулар жумласидан. Қўрғонтепа туманидаги Биби сешанба, Юнус пайғамбар ота, Андижон туманидаги Меҳмон валий ота каби манзиллар ҳам бир пайтлар одамлар билан гавжум бўлган. Бироқ уларнинг ҳар бири эътиборга муҳтожлиги ачинарли… Ана шулардан бири Султонобод қишлоғидаги «Биби сешанба» зиёратгоҳидир.
Фарғона водийсида момолар ёки бибилар билан боғлиқ зиёратгоҳлар ўрта асрлардан буён мавжуд. Жумладан, ўзбек ва тожик халқларида афсонавий Биби сешанба сиймоси қадрли бўлган. Боиси, у оилавий бахт, тикувчилик, ип йигирув каби ҳунарлар ҳомийси сифатида талқин этилган. Советлар даврида зиёратгоҳларга бориш тақиқлаб қўйилган. Шу боис Султонободдаги «Биби сешанба» маскани болалар оромгоҳига айлантирилган. 2000-2005 йилларга келиб, ҳудудда кўнгиллилар томонидан ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилади. Натижада бир пайтлар кичкинагина хонадан иборат бўлган мақбара ўрнида миллий услубдаги ганчкор мақбара барпо этилади. Шу тариқа зиёратчилар ташриф буюра бошлайди.
Мақбара атрофидаги булоқлар «Жаннатбулоқ», «Сумалакбулоқ», «Қизбулоқ», «Кўзбулоқ», «Шўрбулоқ» каби номлар билан машҳур. Улар таркибидаги минераллар турли хил тошмалар, ички касалликлар, қулоқ ва кўз хасталикларига даво ҳисобланади. Юқорида таъкидланганидек, Биби сешанба оилавий бахт сиймоси бўлгани боис аксарият зиёратчилар бу ерга келиб қизларига бахт тилайди. Фарзанд кўрмаган аёллар фарзанд сўрайди. Айтишларича, «Қизбулоқ»дан сув ичиб, юз-қўлини ювган хотин-қизларнинг барча тилаклари ижобат бўлади.
Яна бир манбада баён этилишича, бир пайтлар бу ерда еттита супа бўлган. У Мияширбоча исмли киши томонидан қурилган. Аввалига ўтган-кетганлар дам олишган. Аста-секин улар сони кўпайган. Мияширбоча эса уларга хизмат қилган. Бир куни унинг тушида Ўзган шаҳрига бориб, кўк рангли қўй олиб келиши ва шу ерда сўйиб, эҳсон қилишига ишора қилинган. Бу туш бир неча бор такрорлангач, у худди шундай қилган. Сўйилган қўй гўштини одамларга тарқатган. Худойи сешанба куни бўлиб ўтган.
Ҳа айтганча, Мияширбоча отамиз 161 ёшида вафот этган экан.
Булар қанчалик ҳақиқат ёки афсона бўлишидан қатъи назар, бугунги кунда «Биби сешанба» сайёҳларнинг эътиборини жалб қилиши мумкин бўлган зиёратгоҳлардан биридир. Тўғри, бундан бир неча ўн йиллар аввал манзилда ободонлик ҳукм сурган. Бироқ айни пайтда аҳволни қониқарли, деб бўлмайди.
Мақбарага олиб борувчи ва зиёратгоҳ атрофини айланувчи йўлаклар кўчиб, таъмирталаб бўлиб қолган. Мақбара деворидаги ёзувлар ташриф буюрувчиларнинг нечоғли «маданиятли» эканлигидан далолат. Қуйидаги булоқларнинг аксарияти ўтлоқлар орасида қолиб кетгани учун ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Машҳур чойхона қадам босиб киришга қўрқинчли ташландиқ бинога айланган. Кўнгилли ҳордиқ олишга хизмат қилган қайиқчали беланчак ўтинхона вазифасини ўтамоқда. Гарчи, санитария-гигиена талабларига жавоб бермасада, одамлар шу ерда таом пишириб, эҳсон уюштиришларига тўғри келяпти.
— Қирғизистон Республикасининг Жалолобод шаҳридан келдим, — дейди зиёратчи Ойбек Одилбеков. — Бу ернинг таърифини кўп эшитганман. Муроди ҳосил бўлмаганлар келиб, эҳсон уюштирадиган манзил сифатида Қирғизистонда ҳам машҳур. Бироқ вайронага айланган зиёратгоҳга келиб, тўғриси, дилим ранжиди. Давр билан боғлиқ таъмирлаш ишлари пайсалга солинишини тушуниш мумкин, лекин чор тарафни супуриб, покиза сақлай олмасликни кечириб бўлмайди. Кузатяпман, бир кунда юзлаб зиёратчилар келар экан. Улар жойлашган жойи, ошпаз ҳақи учун пул тўлашяпти. Мавсум давомида йиғилган маблағ ҳисобига бу жойни қайта ободонлаштириш мумкин. Шунда зиёратчилар сони янада ортган бўларди.
Маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган бу каби манзилларда ободонлаштириш ишларини ташкил этиш катта муаммони туғдирмайди. Зеро, саховатли халқимиз хайрли ишларда қўлдан келганча ёрдамга шай. Мисол учун, Жалақудуқ туманидаги Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳини олайлик. Бундан атиги тўрт йил аввал ҳам эски, кўримсиз бўлган мақбара ўрнида 20 млрд. сўмлик лойиҳа ишлари бажарилди. Бунинг учун давлат ва маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилгани йўқ, барчаси саховатли инсонлар кўмагида амалга оширилмоқда. Худди шу сингари «Биби сешанба» зиёратгоҳида ҳам ободонлаштириш ишларини ташкил этиш, чойхона, дам олиш масканлари барпо этиш учун тадбиркорлар жалб этилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бунинг учун хоҳиш ва ташкилотчилик бўлса кифоя…
Хулоса ўрнида айтганда, бундай қадамжолар ҳамиша сариштали ва фариштали манзиллардан бири бўлмоғи керак.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг