“Йигитликда йиғ илмнинг махзани...”

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 5 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар муҳокама қилинар экан, ёшлар таълим-тарбияси, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши масаласига ҳам урғу берилгани халқимизни жуда хурсанд қилди. Ахир беш аср муқаддам Алишер Навоий бобомиз ҳам ўз асарларида айни шу масалани бадиий талқин қилган, эртанги кунимиз эгалари бахту саодати учун куюнган. Буюк аллома орзуларининг бугунги рўёби ҳар биримизни масрур қилади.
Алишер Навоий боқий меросини ўрганар эканмиз, уларнинг замирида инсон қадри, камолоти, халқ манфаатлари ғоялари ётганини кўрамиз. Масалан, улуғ шоир:
Йигитликда йиғ илмнинг махзани,
Қарилик чоғи сарф қилғил ани,
дер экан, ёшларни ўтаётган ҳар дақиқадан унумли фойдаланиб, билим олишга, китоб ўқишга, маънан бойишга, илм хазинасини кенгайтиришга ундайди. Вақт — оқар дарё. Кексайганингда мана шу хазина корингга ярайди, ҳаётда ўрнингни топишингда, умр йўлингда учраган тўсиқларни енгиб ўтишингда, обрў-эътибор, мавқе касб этишингда, бахтли-саодатли, фаровон яшашингда асқатади, дейди у.
Улуғ мутафаккир “Ҳайрат ул-аброр”да ҳам инсоннинг умр баҳори, энг гўзал даври ҳақида сўз юритган. Шоир инсонга берилган умрни фаслларга қиёслайди. Киши умр баҳорини шундай ўтказиши керакки, ёшлик мевалари тўкилиб, бақо гулшанини гўзаллик тарк этганда, оҳ ила надоматлар чекмасин.
Ҳаётда кўриб турибмизки, кимдир қисқа умрини мазмунли ўтказиб, элга нафи тегади. Кимдир эса мазмунсиз умр кечиради. Алишер Навоий таъкидича, ҳар бир инсон умрининг баҳори — йигитлигини илм-ҳунар эгаллашга сафарбар этмоғи лозим.
“Фарҳод ва Ширин” достонида Фарҳоднинг ёшлигидан меҳнат, илм ва ҳунар эгаллашга сафарбар этилишида ҳам буюк аждодимиз эзгу орзу-ниятлари мужассамдир. Шоир достон қаҳрамонини тасвирларкан, “Жаҳонда қолмади ул етмаган илм, Билиб таҳқиқини касб этмаган илм”, дейди.
Достон воқелиги кўрсатадики, кимки илму ҳунарни пухта эгаллаган бўлса, ўз орзулари рўёбига, албатта, эришади. Ўз илмига ишонч, тилсимларни ечиш, ҳунар ва санъатини ҳар соҳада кўрсата олиш — Фарҳоднинг илм жиҳатидан такомилга етганини кўрсатади. Бу билан ҳазрат Навоий инсон тафаккури билан ҳар қандай муаммони ҳал этиши мумкинлигини ҳам айтади. Илм бу йўлда инсонга ҳамроҳ, йўл кўрсатувчи маёқ эканини таъкидлайди. Жумладан, Фарҳод тилидан шундай дейди:
Деди: ҳар ишки қилмиш одамизод,
Тафаккур бирла билмиш одамизод.
Улум ичра манго то бўлди мадҳал,
Топилмас мушкуле мен қилмаган ҳал.
Фарҳоднинг камол топишида Боний, Моний, Қоран, Афлотун, Суқрот, Жомасп, Хизр, Сухайло каби олим, донишманд, ҳакимларнинг хизмати катта. Алишер Навоий бежиз бу сиймоларни достонга киритмаган. Инсон умри давомида ўрганади ва маънавий бойиб боради. Фарҳод ҳам мана шундай устозлар қўлида таълим-тарбия топди. Комил инсон даражасига етди. Улуғ шоир Фарҳод образи орқали илмли бўлиш, ҳунар ўрганиш, маънавий комилликка интилиш, эзгу инсоний туйғулар билан яшаш ғояларини улуғлаган.
Умуман, мутафаккир бобомиз кўплаб асарларида ҳар бир инсонни билимли, ҳунарли бўлишга ундаб, олимликнинг фойдаларини ҳаётий мисоллар асосида кўрсатиб берган. Биргина “Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт” ҳикматининг нақадар асосли ва мантиқли эканини мулоҳаза этишнинг ўзи кишини ҳайратлантиради.
Бугун мамлакатимизда улуғ бобомиз орзу-ўйларининг ҳаётга татбиқи халқимизни мамнун этмоқда. Президентимиз таълим-тарбия соҳаси ривожига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратмоқда. Фарзандларимиз камолотига боғча ёшиданоқ ғамхўрлик кўрсатиляпти. Мактабларда, коллеж ва техникумларда, олий ўқув юртларида замон андозаларига мос шарт-шароитлар яратилаётир.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда таъкидланганидек, таълим соҳасида вазифалар жуда кўп. Шу боис Лойиҳа офиси ташкил қилинди ва унга катта илмий-амалий тажрибаси бор мутахассислар жамланди. Энди мазкур офис Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази билан биргаликда мактабларда математика, физика, кимё, биология ва хорижий тиллар бўйича ўқув режа ва дастурларини халқаро стандартлар асосида янгилайди. Ўқувчи ва муаллимлар билимини баҳолашда халқаро тажрибалар (PISA, TIMSS, PIRLS) босқичма-босқич жорий этилади.
Президент мактаблари таълим дастури яна мингта мактабда қўлланилади. Уларнинг моддий-техника базаси шунга мувофиқ яхшиланади.
Хуллас, йиғилишда мактабгача таълим, мактаб, профессионал ва олий таълим тизимида сифат ўзгаришларига олиб келадиган қатор чора-тадбирлар белгиландики, уларнинг барчаси ёшларимизнинг замонавий билимларни, ҳунарларни эгаллаб, ҳатто халқаро даражада рақобатбардош касб соҳиблари бўлиб улғайишига замин яратади. Бу эса аждодларимизнинг, жумладан, Алишер Навоий бобомизнинг ҳаёт тамойилига айланган эзгу мақсадидир.
Марғуба АБДУЛЛАЕВА,
филология фанлари доктори, доцент.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг