Йигирма уч йил танаффусдан сўнг Наманган давлат университетида журналистика йўналиши қайта тикланди

17:35 22 Июнь 2023 Жамият
746 0

Фото: “Халқ сўзи”

1999 йилда НамДУнинг журналистика йўналишидаги бўлимини сўнгги талабалар битириб чиққан эди. Уларнинг аксарияти оммавий ахборот воситалари таҳририятларидан муносиб ўрин топиб, ҳамон самарали ижод қилишаётир. Вилоятда матбуот   нашрлари, шунингдек, ижтимоий тармоқларнинг ривож топиши баробарида журналист кадрлар тайёрлаш масаласи яна кун тартибига чиқди. Айни масаладаги мурожаатлар натижаси ўлароқ бу ерда журналистика йўналиши тикланди ва навбатдаги ўқув йилидан бошлаб абитуриентлар ушбу мутахассислик бўйича талабаликка қабул қилинади.

Жорий йилдан университетда яна бир қатор янги таълим йўналишлари очилди. Шу муносабат билан профессионал таълим, компьютер илмлари ва дастурлаш технологиялари, сув биоресурслари ва аквакултура, дизайн ва графика бўйича ҳам қабул квоталари эълон қилинди.

— Университетимизда фаолият бошлайдиган журналистика йўналишида водийдаги олий таълим муассасаларида мавжуд бўлмаган интернет ва телерадио йўналишларида мутахассисларни тайёрлаш йўлга қўйилади, — дейди НамДУ “Пресс клуби” раҳбари Санжарбек Ҳамидов. — Бунда талабалар назарий билимларни университетнинг ўзида амалиёт билан уйғун ҳолда олиб борадилар.

Айтиш керакки, Наманган давлат университетида замонавий ўқув ва лаборатория хоналари, сўнгги янгилик ва технологияларни ўзида мужассам этган, шунингдек, жуда катта адабиётлар фондига эга Ахборот-ресурс маркази, ўқув ишлаб чиқариш устахоналари ва корхоналаридан иборат катта база яратилган. Бу ўз навбатида янги ташкил этилган йўналишлар бўйича таълимни талаблар даражасида ташкил этиш имконини беради.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер