Ижтимоий тармоқларда эътироф этилган ҳамшира вилоятнинг асосий байрам тадбирига таклиф қилинди

18:34 07 Март 2023 Жамият
791 0

Фото: Халқ сўзи

Қарши шаҳрида 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан асосий байрам тадбири бўлиб ўтди. Унга фахрий онахонлар, халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилаётган, илм-фан, спорт, санъат ва ижодда ютуқларни қўлга киритган фаол хотин-қизлар таклиф этилди.

Дастлаб Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Азимов йиғилганларни байрам билан табриклади. У ўз нутқида таъкидлаб ўтганидек, аёлни, онани улуғлаш, эъзозлаш халқимизнинг асрий қадриятларидан биридир. Эътиборли томони, бугун бу қадрият ҳукуматимиз томонидан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий муҳофазаси, таълим олиши ва жамиятда ўз ўрнини топиши йўлида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларда амалий тасдиғини топмоқда.

— Мамлакатимизда хотин-қизларнинг муаммолари, дарду ташвишлари билан доимий шуғулланадиган адолатли ва самарали тизим яратилди, — дейди Муротжон Азимов. — Хусусан, вилоятимизда «Аёллар дафтари»га киритилган 60 минг 182 нафар опа-сингилларимизга манзилли кўмак кўрсатилди. 3 минг 520 нафар хотин-қизга имтиёзли кредит, 2 минг 970 нафарига эса субсидиялар ажратилди. Уй-жойга эҳтиёжи бўлган 178 нафар аёлга уй берилди. 2022 йилда амалга оширилган мазкур чора-тадбирлар учун барча манбалар ҳисобидан 87 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Анъанага кўра, жорий йилда ҳам жамият ва давлат ҳаётида фаоллик, ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ҳамда болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ҳамда истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган қашқадарёлик 19 нафар аёл «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шунингдек, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Президентимиз Фармонига кўра вилоятнинг 5 нафар вакиласи юксак давлат мукофотларига муносиб кўрилди.

Тадбирда бир гуруҳ фаол хотин-қизлар вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғаларига сазовор бўлди. Улар орасида Чироқчи туманининг энг чекка ҳудудларидан бирида жойлашган оилавий шифокорлик пунктининг патронаж ҳамшираси Холбека Бобоқулова ҳам бор.

Таъкидлаш жоиз, бир муддат аввал ижтимоий тармоқларда Холбека Бобоқулованинг 37 йил давомида эшакда юриб чекка қишлоқ аҳлига тиббий хизмат кўрсатгани ҳақидаги лавҳа тарқалган ва жуда кўпчилик ҳамшира аёлнинг матонатини, фидойилигини эътироф этган эди.

— Бугун ҳаётимдаги ўзгача кун бўлди, — дейди Холбека Бобоқулова. — Одамларга шифо улашиш – касбимиз. Ҳар қандай вазиятда ҳам беморларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатишимиз керак. Бундан кейин ҳам кучим, имконим борича шу йўлда меҳнат қиламан.

Тантанали тадбирда Ватанни, онани, аёлни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар рақсларга уланиб кетди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ,  «Халқ сўзи».

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?