Ижтимоий суғурта — фуқаро ишончи, давлат масъулиятининг янги босқичи
Жорий йил бошида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ўтказилган илк матбуот анжумани мамлакат ижтимоий ҳаётида муҳим воқеалардан бири бўлди. Анжуманнинг асосий мақсади — яқинда қабул қилинган “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка оддий ва тушунарли тарзда етказишдан иборат бўлди. Тадбир Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида ташкил этилди ва унда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси масъуллари иштирок этди.

Анжуманда таъкидланганидек, мазкур Қонун ҳамда Президентимизнинг тегишли Фармонига мувофиқ, шу йилдан бошлаб давлат ижтимоий суғуртасининг янги тизими босқичма-босқич жорий этилади. Бу ўзгаришлар аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янги поғонага олиб чиқишга қаратилган. Ҳар икки ҳуқуқий ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг аҳолига давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни амалга ошириш тизимини такомиллаштиришга доир қарори ҳам қабул қилинди.
Янги тартибга кўра, 2026 йил 1 январдан ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари, жорий йил июль ойидан эса вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари давлат ижтимоий суғуртаси орқали тўланади. Бу янгилик, айниқса, хусусий секторда ишловчи ходимлар учун айни муддао. Чунки илгари мазкур нафақалар асосан иш берувчилар зиммасида бўлган ва бу кўплаб аёлларни ижтимоий кафолатлардан четда қолдирган эди. Янги тизим эса бу адолатсизликка чек қўяди.

Давлат ижтимоий суғуртаси фуқароларга касаллик ёки ҳомиладорлик даврида даромадни сақлаб қолиш имконини беради. Бу нафақат моддий ёрдам, балки камбағалликнинг олдини олишга хизмат қилувчи муҳим воситадир. Энг муҳими, эндиликда ижтимоий тўловлар билан боғлиқ молиявий юк иш берувчилар зиммасидан олиб ташланади. Бу тадбиркорларга янги иш ўринларини яратиш, бизнесни кенгайтириш учун имконият очади.

Авваллари иш берувчилар харажатларни камайтириш мақсадида ҳомиладор аёлларни ишга олмасликка ёки ишдан бўшатишга уриниш ҳолатлари ҳам учраган. Янги тизим эса бундай ҳолатларнинг олдини олиб, меҳнат бозорида адолатни таъминлайди. Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси ижро этувчи дирекцияси директори Нодир Муслитдинов таъкидлаганидек, мазкур тизим расмий бандликни рағбатлантиради. Чунки нафақалар фуқароларнинг суғурта стажига боғлиқ ҳолда тайинланади.

— Аниқ рақамларга тўхталадиган бўлсак, янги тизим жорий этилиши натижасида жорий йилда бюджет ташкилотларида ишловчи 2,2 миллион нафар, хусусий секторда банд бўлган 3,6 миллион нафардан ортиқ фуқаро, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар ва норасмий секторда фаолият юритувчи 7 миллион нафардан зиёд аҳоли давлат ижтимоий суғурта тизими билан қамраб олиниши режалаштирилган, — дейди агентлик директорининг ўринбосари Жамшид Абруев.

Шунингдек, 2026 йилда 165 минг нафар суғурталанган шахсга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, 1 июлдан эса қарийб 500 минг нафар фуқарога вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари мурожаатсиз, автоматик тарзда тўлаб берилади. Нафақалар электрон шаклда тайинланиши шаффофликни ошириб, ортиқча қоғозбозликни камайтиради.
Янги давлат ижтимоий суғурта тизими — бу шунчаки тўловлар эмас. Бу инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолатни қарор топтириш ва давлатнинг фуқаро олдидаги масъулиятини амалда намоён этишдир.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ,
(“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг