Ижтимоий ҳимоя хайрия эмас, инсонпарварликка асосланган тизим

15:01 21 Январь 2025 Жамият
210 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Кейинги пайтда ижтимоий ҳимоя хайриями?.. Бу кимларга берилади, деган саволлар билан маҳаллага мурожаат қиладиганлар кўпайиб бормоқда. Аввало ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган камбағал оилалар, ёлғиз оналар, кўп болали оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий ҳимояга даъвогар ҳисобланади. Мана шундай ижтимоий таъминотга муҳтож аҳолига ёрдам кўрсатиш мақсадида Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан янги бошқарув тизими йўлга қўйилди.

Ижтимоий ҳимоянинг янги тизими қисқа муддатда маҳаллада 12 тоифадаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни хатловдан ўтказиб, ягона аниқ рўйхатини ишлаб чиқмоқда. Ижтимоий хизматларни маҳалла даражасида кўрсатиб, фуқароларнинг марказгача овора бўлишини олдини олмоқда. Албатта, ижтимоий ҳимоя — бу хайрия эмас, ижтимоий ходим фуқароларга нафақа ёки бошқа моддий ёрдам бериш бўйича сўровларни “маҳалла еттилиги” иштирокида кўриб чиқиш тартибини йўлга қўймоқда. Холислик ва шаффофлик — ижтимоий ҳимоянинг асосий мезони.

— Ўзим тикувчиликка қизиқаман. Бундан олти йил илгари хавфли ўсма туфайли ўнг оёғимнинг сон қисмидан жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, тўшакка михланиб қолгандим, — дейди Жомбойлик 2-гуруҳ ногирони Ҳумора Донобоева. — Менга ижтимоий хизматлар маркази томонидан замонавий сон протези олиб берилди. Шундан сўнг ўзим мустақил ҳаракатланиб, хонадонимда тикувчилик фаолиятини йўлга қўйдим. Ҳозир 3 нафар хотин-қизларга тикувчилик сир-асрорларини ўргатиб келмоқдаман.

Ижтимоий ҳимоянинг янги тизими йўлга қўйилгани ногиронлиги бўлган кўплаб шахсларнинг муаммоларига ўз вақтида ечим топмоқда. Аниқ мисолларга эътибор қаратадиган бўлсак, биргина Самарқандда ўтган йил мобайнида ижтимоий ходимлар томонидан 11,4 минг нафар шахсга индивидуал ёрдам кўрсатилди. Вилоятда 101632 нафар ногиронлиги бўлган фуқаролар рўйхатга олинган бўлса, йил якунига қадар хатлов натижасида яна 7452 нафар фуқарога ногиронлик белгиланди. Ачинарлиси, улар орасида турли сабабларга кўра 15-30 йиллаб ногиронлик белгиланмаган фуқаролар бор.

— Ногиронлигим сабабли қарийб 20 йилдан бери тўшакка михланиб қолганман, — дейди Самарқанд туманида яшовчи Фариддун Хўжаев. — Фақат оилам қарамоғида бўлиб, ногиронлик гуруҳи белгиланмаганди. Маҳалламизда фаолият кўрсатаётган ижтимоий ходим кўмагида менга ногиронлик гуруҳи белгиланди. Энди давлат томонидан ижтимоий ёрдам оляпман.

— Ёшларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласи ҳам фаолиятимизнинг асосий йўналиши ҳисобланади, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Хуршид Назаров. — Ҳозиргача ташкилотимиз томонидан 11882 нафар ёшларнинг назоратга олиниши таъминланди. Уларнинг таълим-тарбиясини назорат қилиш мақсадида 8190 нафарига васийлик тайинланди. 3129 нафарига ҳомийлик белгиланди. 375 нафари фарзандликка берилди. Ҳозирда 157 нафар қаровсиз бола ижтимоий муассасаларда тарбияланаётган бўлса, 38 нафари оила муҳитига қайтарилди. Юқоридаги мазкур қарорда ҳар бир вилоят ва туман шифохонасида реабилитация хизматини йўлга қўйиш, ногиронлик реабилитация марказларида эрготерапия, физиотерапия, даволаш-гимнастика хизматлари қамровини 5 карра ошириш, тиббиёт олийгоҳларида реабилитация кафедраларини очиш бўйича вазифалар белгиланган. Эътиборлиси, ногиронлиги борларга бериладиган протез ва реабилитация воситалари рўйхати ҳам кенгайтирилиб, 37 тага етказилади. Айни пайтда Самарқандда 15706 нафар фуқаро айни воситалар билан таъминланган. Янги қулайлик ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга тезроқ қайтиши, ўзи истаган меҳнат фаолияти билан шуғулланиши учун имконият яратмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу жараённи рағбатлантириш мақсадида 2025 йилнинг 1 январидан ногиронлиги бўлган ишчилар учун ижтимоий солиқни 1 фоиз этиб белгилаш таклифини берди. Шунингдек, корхоналарга сурдо-таржимон, психолог ва кўзи ожизлар учун ҳамроҳлик хизмати харажатига 50 миллион сўмгача субсидия ажратилишини таъкидлади.

Дарҳақиқат, аҳоли ижтимоий ходимларнинг маҳаллама-маҳалла юриб, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олаётгани ва уларга ижтимоий ёрдам кўрсатаётганидан миннатдор. Очиғи, илгари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ногиронлиги бўлган инсонларга, «Мурувват» ва «Саховат» уйларига қарарди. Халқ таълими вазирлиги махсус мактаб интернатлари, меҳрибонлик уйларига жавобгар ҳисобланарди. Меҳнат вазирлиги ногиронлиги бўлганларни меҳнатга йўналтириш билан шуғулланарди. Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ногиронлик нафақалари билан ишларди. Фуқаролар ижтимоий хизмат ва ёрдам олиш учун 10 дан ортиқ ҳужжатларни ўзида олиб юришга мажбур эди.

Президентимизнинг 2025 йилнинг 1 июлигача “ижтимоий карта” жорий этиш бўйича берган таклифи ҳам тизимини янада такомиллаштириш учун айни муддао бўлди. Мазкур карта ёрдамида жамоат транспортида бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига компенсациялар олиш мумкин. Нафақа ва ёрдам пуллари ҳам шу картага тушади. Бу билан фуқароларнинг оворагарчилигига чек қўйилади. Ногиронлиги бўлган ёшларни таълим билан қамраб олиш учун ҳар бир туманда биттадан боғчада инклюзив таълим гуруҳи, мактабларда инклюзив синфлар очилади. Ҳаракати чекланган болаларнинг мактабга келиб-кетиш харажатининг 75 фоизи қоплаб берилади. Бу ўз навбатида, ёш авлоднинг таълим-тарбия олишида тенг имкониятлар яратиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?