Ижтимоий ҳимоя – ижтимоий давлат устуни
Янги Ўзбекистонимизда сўнгги йилларда тараққиёт суръатлари изчил ўсиб бораётганини кузатишимиз мумкин. Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, шу билан бирга аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, инклюзивликни таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизими халқаро тажриба асосида ривожлантирилмоқда. Юқорида қайд этилган ислоҳотлар динамикасига мос равишда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, самарали ижтимоий сиёсат юритиш давлатимизнинг кун тартибида турган энг муҳим масалалардан ҳисобланади.
Ушбу йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июндаги «Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони асосида ташкил этилди.
Мазкур агентлик аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади ҳамда ўз фаолиятини бошқа давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 сентябрдаги ПҚ-319-сон қарорига мувофиқ, 28 та туман (шаҳар)да, эксперимент тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва ижтимоий ходимлар кўрсатадиган ижтимоий хизматлар ҳамда ёрдамларнинг янги тизими йўлга қўйилди.
Ижтимоий муаммоларни адолатли ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига хос тизими яратилиб, «темир дафтар», «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари», «маҳаллабай» ва «хонадонбай» ишлаш усуллари жорий этилгани бугун ижтимоий масалаларни самарали ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституциянинг 1-моддасида Ўзбекистон ижтимоий давлат экани белгилаб қўйилди. Бош қомусимизда ижтимоий мажбуриятларга доир нормалар 3 баробарга ошганлиги, меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлиши белгиланди.
Ўзбекистон 2021 йилда «Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция»га қўшилган. Бундай шахсларни ишга олган корхона ва ташкилотлар учун бир қатор имтиёзлар берилиб, эндиликда бино ва иншоотларни қуриш лойиҳаси ногиронлиги бўлганлар учун қулай муҳит яратилганлиги бўйича ҳам мажбурий экспертизадан ўтказилмоқда. Жамоат транспорти, бекатлар ва чорраҳаларда улар учун тўсиқсиз муҳит яратиш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, ходимларининг 50 фоизида ногиронлик бўлган тадбиркорларга давлат буюртмачилари билан тўғридан тўғри шартнома тузиш имконияти тақдим этилди.
Жорий йилнинг 13 декабрь куни муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ва 2025 йилдаги устувор вазифалар юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам кўплаб муаммолар ўз ечимини топди.
Давлатимиз раҳбари бу йил ижтимоий ҳимоя бўйича қилинган 34 та муҳим янгиликка қўшимча 28 та янги ташаббусни илгари сурди. Келгуси йилда 1 миллион 200 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш учун таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт масалаларини ҳал қилиш ва яшаш шароитини яхшилаш зарурлиги таъкидланди. Янги йилдан оилавий боғча ўринларини 15 фоизига камбағал оила фарзандлари қабул қилиниб, боғча тўлови қисман қоплаб берилиши эълон қилинди.
Камбағал оила фарзандларини чет тили, ИТ ва касб-ҳунарга ўқитиш учун қўшимча имкониятлар яратилади.
Йиғилишда масъул шахсларга 1 мартгача тўгараклар очиб, камбағал оиладаги 118 минг ёшни ўқитишни бошлаш топширилди. Тўгарак харажатларининг 80 фоизгача бўлган қисми давлат бюджетдан қопланиши қайд этилди.
Камбағал оилалар фарзандларини тайёрлаб, 2025 йилда 3,5 минг ёшларни олийгоҳга грант асосида қабул қилиш зарурлиги таъкидланиб, олийгоҳ ректорлари ҳам камбағал оиладан жами 4 минг нафар ёшларни ўқитишга бош-қош бўлиши шартлиги бўйича топшириқлар берилди.
Ҳозирги кунда 65 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдам олиш учун фуқароларимиз туғилганлик, ногиронлик тўғрисида, пенсия, талабалик гувоҳномаси, банк картаси каби 10 дан ортиқ ҳужжатни кўтариб юришга мажбур.
Бундай оворагарчиликка чек қўйиш вақти келганини таъкидлаб, Президент барча ҳужжатларни ўрнини босадиган битта – ижтимоий карта жорий этилишини эълон қилди.
Ижтимоий карта билан автобус ва метрода бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига компенсация олиш мумкин бўлади, нафақа ва ёрдам пуллари ҳам шу картага тушади.
Айни вақтда Ватанимизда амалга оширилаётган муҳим сиёсий жараёнларда халқимиз тараққиёти, фаровонлиги учун янги-янги режа ва дастурларни кутаётганига шубҳа йўқ. Ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўйлаймизки, халқимизни рози қилади ва юксак марраларни эгаллашига замин яратади.
Элдор Шерманов,
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий
мусиқа санъати институти ректори в.б.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг