Ижодкорнинг иккинчи умри
Одилжон ака билан “Андижоннома” газетаси таҳририятида ишлаб юрган даврларидан таниш ва қадрдон эдик.
Ўша пайтлардаёқ у кишининг газета саҳифаларидаги танқидий-таҳлилий мақолалари, ҳазил-мутойибага йўғрилган ҳангомалари ўзига хослиги, ширали тили ва енгил ўқилиши билан ўз ўқувчиларини топган эди.
Кейинроқ “Халқ сўзи” газетаси вилоят мухбири сифатида фаолият олиб бориб республика миқёсида ўз сўзи ва услубига эга журналистлардан бирига айланди. Ўша даврларда нуфузли республика нашри саҳифаларида Одилжон Шодмоналиев имзоси билан вилоятда амалга оширилаётган ибратли ишлар тезкор тарзда ёритилар, танқидий-таҳлилий материаллар ҳам бериб туриларди. Уларнинг ортидан Одилжон ака кенг жамоатчиликка танилди, обрў-эътибор топди, қалами чархланди.
Бироқ, журъатли, қатъиятли журналистнинг иллат ва қусурларни фош этадиган мақолалари кўпчиликда қизиқиш уйғотиш билан бирга айримларнинг пешонасини тириштиргани ҳам бор гап. Бунинг ортидан ижодкор муайян қийинчиликларга дуч келган паллалар ҳам бўлган. Шунда ҳам Одилжон ака ўзининг журналистик позициясидан чекинмаган.
Журналистик фаолият билан бирга Одилжон аканинг ҳазил мутойибага йўғрилган насрий асарлари, ҳангомалари ҳам матбуот саҳифаларида чоп этилиб турар эди. Улар жамиятимизда, инсонлар феъл-атворида учрайдиган айрим иллат ва қусурларни нишонга олиши, енгил ўқилиши ва ўқувчини беихтиёр жилмайтириши билан ажралиб турарди.
Моҳир журналист, дилкаш инсон бўлганидан дўстлари орасида турли касб эгалари бор эди. Гоҳида нотанишроқ давраларга тушиб қолсак, мен тортиниброқ ўтирсам Одилжон ака тезда киришиб кетар, ҳазил-мутойибалари билан даврага файз киритиб ўтирарди. Ҳангома ёки латифа айтиб эмас, даврада бўлаётган гап-сўзларнинг ўзидан кулгили қирраларини топиб ҳавасимизни келтирарди.
Пойтахтда, турли вилоятларда қалам аҳллари билан мулоқотда бўлганимизда ҳам кўплаб ижодкор дўстлар ҳали-ҳануз Одилжон Шодмоналиев ҳақида сўрашади, ёдга олишади, хотираларини сўзлаб қолишади.
Яқинда республика газетаси таҳририятида Одилжон аканинг ишини давом эттираётган журналист укамиздан газета бош муҳаррири ёш журналистларга маслаҳат бериш жараёнида Одилжон акани эслагани ва фаолиятини ибрат қилиб кўрсатганини эшитиб хурсанд бўлдим.
Ҳар гал Избоскан туманидаги олти юз нафардан ортиқ ўқувчилар таҳсил олаётган “Лидерлар мактаби” нодавлат таълим муассасасида бўлганимда, бу ерда амалга оширилаётган ибратли ишлар билан танишганимда Одилжон акадан илмли, маърифатли фарзандлар қолгани, улар оталарининг хайрли ишларини давом эттираётгани, эзгу ниятларини рўёбга чиқараётганига яна бир бор амин бўламан. Сармоясини таълим тараққиётига йўналтирган ўғли Шуҳратжон Одилович ва келини Муҳайёхон Баҳодировналарнинг ташаббуси ва саъй ҳаракатлари билан шу ҳудудда жадал қад ростлаётган хусусий олий таълим муассасаси биносини кўриб, у битиб фаолият кўрсатишни бошласа ҳозирда ишлаб турган боғча ва мактаби билан уйғунлаштириб таълим кластери ташкил этиш бўйича режалари ҳақидаги фикрларини эшитиб уларга ўзбекона қилиб “отангизга раҳмат”, дегим келади.
Шуларнинг барчаси журъатли, қатъиятли моҳир журналист, дилбар ва дилкаш инсон Одилжон Шодмоналиев қолдирган асарларида, мақолаларида, элининг ёдида, билимли, изланувчан ва шижоатли тадбиркор фарзандлари тимсолида иккинчи умрини яшаётганига ишончли далил бўлади.
Ҳабиб СИДДИҚ,
Ўзбекистон ва Қирғизистон Ёзувчилар
уюшмалари аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- “Барселона” қийин ғалабани қўлга киритди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
- МИБ директорига янги ўринбосар тайинланди
- Тошкент – Самарқанд пуллик йўли қурилиши 2 миллиард доллардан зиёдга баҳоланмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг