Ижодга ошно қалб

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/“Халқ сўзи“. Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида адабий учрашув бўлиб ўтди. Унда ўзининг 70 ёшини қаршилаган, Ўзбекистон ва Беларусь Ёзувчилар уюшмалари аъзоси Исмат Кўчиевнинг ҳаёти ва адабиётга боғланган ижод йўли ҳақида гап борди.
Ўзбекистон Республикаси ва бир қатор халқаро ташкилотларда фаолият кўрсатган Исмат Кўчиев, шунингдек, таниқли публицист, ёзувчи ва шоир, жамоат арбобидир.
Дастлаб тадбирда иштирок этган шоир ва адиблар, адабиётшунос ва тилшунос олимлар, журналистлар, маънавият фаоллари ҳамда шеърият ихлосмандлари, ижодкорнинг дўстлари Исмат Кўчиевнинг серқирра фаолияти, ижоди ҳақида ўз фикрларини билдиришди. Исмат Кўчиев бугунги кунда ҳам ижод билан фаол шуғулланмоқда
— Исмат Кўчиевнинг учрашув учун айнан Самарқанд Давлат университетини танлагани бежиз эмас, ижодкор айнан мазкур университетнинг француз филологияси факультетида таҳсил олган, — дейди университет ректори, сенатор Рустам Холмуродов. — Университетимизнинг шундай кадрлари борлигидан фахрланамиз. Икки тилда ижод қилиб келаётган И.Кўчиевнинг асарлари халқлар ўртасидаги тинчлик ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга, юртдошларимизнинг маънавий дунёқарашини юксалтиришга хизмат қилиб келмоқда.
Таниқли ижодкор ва публицист И.Кўчиев 1955 йил 27 январда Тожикистоннинг Панжикент туманида туғилган. У ўзбек ва рус тилларида баравар ижод қилади. Исмат Кўчиев шу пайтга қадар рус тилида “Шараф Рашидов — победитель” (“Шароф Рашидов — ғолиб”), “Шараф Рашидов — создатель” (“Шароф Рашидов — бунёдкор”) каби сиёсий-ижтимоий портретларни яратди. Ушбу китобларида тарихчи сифатида давлат арбоби Шароф Рашидовнинг ёрқин ҳаёт йўлини таҳлил қиларкан, шахснинг тарихдаги роли нақадар катта бўлишини такрор-такрор таъкидлаган.
Ижодкорнинг иккита китоби — “Жаннат райҳонлари”, “Улуғлар чорбоғи” ўзбек тилида чоп этилган. Унинг “Бабур. Сквозь века” (“Бобур. Асрлар оралаб”) номли шеърий китобида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросининг жаҳон тараққиёти тарихидаги ўрни борасида мулоҳаза юритилади.
И.Кўчиевнинг рубоийлари, “Болалик чорбоғи”, “Талабалик йилларим” шеърий туркумлари эълон қилинган. Унинг “Пять шагов в вечность” (“Абадиятнинг беш довони) ва “Триумф Гейдара Алиева” (“Ҳайдар Алиевнинг ғалабаси”) номли достонлари алоҳида китоб ҳолида чоп этилган. “Абадиятнинг беш довони” достони буюк ўзбек мутафаккир шоири Алишер Навоийнинг 580 йиллигига бағишланади. Бу китобда буюк шоир ҳаётининг беш лавҳаси ҳақида ҳикоя қилинади.
Тадбирда адиб асарларининг Ўзбекистон, АҚШ, Белоруссия, Озарбайжон ва Россияда кенг кўламли тақдимотлари бўлиб ўтгани ҳамда мутахассислар ва кўпсонли ўқувчиларга манзур бўлгани эътироф этилди.
Ижодкорнинг меҳнати муносиб баҳоланиб, Исмат Кўчиев Давлатимизнинг юксак мукофоти — “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Исмат Кўчиев бугунги кунда ҳам ижод билан фаол шуғулланмоқда. Тадбир давомида шоир ижодидан намуналар ўқилди.
Қайд этилганидек, Исмат Кўчиевнинг тўпламларидан ўрин олган шеърларда Ватан мадҳи, меҳр-оқибат, бугунги таҳликали даврдаги миллат маънавиятини юксалтириш, ватанпарварлик масалалари ўзгача талқинда, янгича ёндашув билан бетакрор топилмаларда куйланган. Ҳар бир шеърни ўқиб ўзингизга нимадир хулоса қиласиз, сабоқ оласиз.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг