Ижарама-ижара юрган етмиш ёшли кутубхона биноли бўлди

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Гап Қоровулбозор туман ахборот кутубхона маркази ҳақида бормоқда. Бундан чамаси етмиш йилча муқаддам ташкил топган ушбу зиё маскани «Отангга бор, онангга бор» қабилидаги муносабат ортидан неча ўн йил давомида ижарама-ижара юрди. Бу орада қанчадан-қанча кутубхоначиларнинг кўркам, шинам хоналарда ишлаш орзу-умиди чил-парчин бўлди.
Ҳечдан кўра кеч, деганидек, ниҳоят, кутубхона учун икки қаватли замонавий бино қад ростлади.
— Шу пайтга қадар икки хонадан иборат ижара бинода фаолият кўрсатиб келаётгандик, — дейди марказ директори Шарофат Йўлдошева. — Бирида китобларимиз, бирида ходимларимиз жойлашганди. Ўқув зали, компьютер хонаси ҳақида гапирмасам ҳам бўлади. Энди у кунлар ўтмишда қолди. 40 мингта китоб фондимиз, қарийб 11 минг нафар фойдаланувчимиз бор. Янги бинода электрон кутубхона, фондларни сақлаш хоналари, ўқув зали мавжуд. Ходимларнинг фойдаланувчиларга сифатли хизмат кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратилган.
Қўш қаватли замонавий бино қурилишига 1 миллиард 800 миллион сўм сарфланди. Шунинг 1 миллиард 200 миллион сўми «Open byudjet»га овоз бериш орқали ютиб олинди. Туман ҳокимлиги томонидан 600 миллион сўм ажратилди. Ахборот кутубхона маркази жамоаси «Open byudjet»нинг яна бир мавсумида қатнашиб, 400 миллион сўм миқдоридаги маблағга эга бўлди. Ўз навбатида, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси 360 миллион сўм ажратиб, зиё масканини қўллаб-қувватлади. Натижада замонавий компьютерлар харид қилиш, марказнинг жойлардаги филиалларини жиҳозлаш имконияти туғилди.
Истиқлол байрами арафасидаги бу қулайлик қоровулбозорлик китоб ихлосмандларини ҳам беҳад хурсанд қилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг