Италия билан ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда
Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Олий Мажлис Сенатининг қирқ еттинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида ушлаб бериш, маҳкумларни топшириш, жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартномаларни ратификация қилиш ҳақидаги қонунлар кўриб чиқилди.
Муҳокамалар чоғида глобаллашув, тобора кучайиб бораётган миграция жараёнлари ҳамда терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик хавфи ортиб бораётган шароитда халқаро ҳамкорликнинг ишончли ҳуқуқий асосларини шакллантириш масалалари ниҳоятда долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8-9 июнь кунлари Италия Республикасига давлат ташрифи чоғида қатор икки томонлама шартномаларнинг имзолангани икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасида ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Сенаторлар томонидан кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Шартномани (Рим, 2023 йил 8 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонунда жиноят ишларини тергов қилиш ва бошқа процессуал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юридик ёрдам кўрсатиш асослари ва шарт-шароитлари назарда тутилмоқда. Хусусан, сўровларнинг шакли ва мазмуни, ёрдам кўрсатишни рад этиш ёки кечиктириш асослари, сўровларни бажариш, ҳимоя чоралари, хавфсизлик кафолатлари, шунингдек, жиноят ишларини таъқибни давом эттириш учун ўтказиш каби муҳим масалалар бўйича қоидалар белгиланмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, жиноят ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Шартноманинг ратификация қилиниши икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг жиноят ишларини тергов қилиш ва суд муҳокамаси жараёнининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги Шартнома (Рим, 2023 йил
8 июнь) ратификация қилиниши Ўзбекистон ва Италия фуқароларига суд томонидан тайинланган жазони ўз мамлакатида ўташлари учун ҳуқуқий асос ва имконият яратади.

Ҳужжатга кўра маҳкумларни топшириш Қонунда белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ шартнома тузувчи томонларнинг мурожаатлари асосида амалга оширилади.
Муҳокамалар доирасида маҳкумларнинг жазони ўз мамлакатида ўташи уларга яқин қариндошлари билан мунтазам учрашиш имконини яратиши таъкидланди. Бу оилавий муносабатларга ижобий таъсир қилади, шунингдек, маҳкумларнинг жамият ижтимоий ҳаётига мослашишига ёрдам беради.

Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги Шартномада (Рим, 2023 йил 8 июнь) ҳар бир томон бошқа томоннинг сўровига кўра ўз ҳудудида аниқланган ва бошқа томон тарафидан қидирилаётган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ёки бундай шахсларга нисбатан чиқарилган ҳукмни ижро этиш учун бир-бирларига ушлаб бериши асослари ва шартлари кўрсатилган.
Мазкур Шартноманинг ратификация қилиниши суд муҳокамаси самарадорлигини оширишга ва жиноят содир этган шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги тамойилини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунлари бўйича сенаторлар шартномалар ратификация қилинишига доир қонунларни қўллаб-қувватлади.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг