Истиқболли лойиҳалар ва маҳаллий кадрлар салоҳияти

14:20 24 Октябр 2022 Жамият
425 0

Фото: Халқ сўзи

Тошкент шаҳрида жойлашган «Ўзелектроаппарат-Электрошит» корхонаси мамлакатимизда паст ва юқори кучланишли трансформаторлар ишлаб чиқаришда етакчи корхона ҳисобланади.

Айни пайтда бу ерда йилига 5000 та подстанция, 1 миллиондан ортиқ электр ҳисоблагичлар, 450 турдан зиёд электротехника маҳсулотлари, 500 кВгача кучланиш қурилмалари ишлаб чиқарилади. Корхонада ҳар чоракда 230 минг кг мис хом ашёси қайта ишланади. 12 та ишлаб чиқариш цехида йилнинг тўрт фаслида ҳам иш қизғин, жаҳон стандартлари ва сифатига мос равишда фаолият кўрсатиш учун 30 дан ортиқ етакчи хориж компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатилган.

Корхона томонидан бугунги кунда энергетика, тоғ-кон саноати, нефть-газ, транспорт, кимё, автомобилсозлик, қурилиш соҳаларидаги объектларни электр энергияси билан таъминлаш бўйича қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. «Яшил энергетика»ни ривожлантириш мақсадида йирик қуёш электр станцияларининг қурилишларида ҳам «Ўзелектроаппарат-Электрошит» корхонасининг хизмати катта.

Қарийб 4 ярим минг кишилик корхона жамоаси мазкур соҳада дунёда етакчи бўлган Бирлашган Араб Амирликлари, Франция каби мамлакатлар корхоналари билан ҳамкорликда бир неча лойиҳаларни амалиётга йўналтирмоқда. Бунинг учун ёш мутахассислар мунтазам равишда Германия, Жанубий Корея давлатларида малака ошириб келишмоқда.

— Рақамли электростанцияларни ишга тушириш, муқобил энергия манбаларини кенгайтириш, экологик жиҳатдан хавфсиз электромобиллар эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш сингари истиқболли лойиҳалар тўлиқ ўзимизнинг мутахассислар томонидан ҳаётга татбиқ этилаётгани қувонарли, — дейди корхона раҳбари ўринбосари Шерзод Шукуров. —  Бу каби ютуқларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилиб, дунёнинг ихтисослашган гигант компаниялари ўзаро тенг шерик, ишончли ҳамкор сифатида биз билан ҳамкорлик қилишга интилмоқдалар.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?