Истеъмолчиларда телекоммуникация хизматларидан фойдаланишда танлов имкони кенгаяди

12:44 01 Декабрь 2023 Жамият
81 0

Ҳар қандай нуқтада маълумотлар узатиш ёки олиш учун алоқа қамровини ҳосил қилиш кўчма йўлдош алоқа тармоқлари ва радиотелефон алоқа тизимларининг мавжудлиги билан боғлиқ.

Бугунги кунда дунёда бир қатор глобал кўчма йўлдош алоқа тармоқлари тез суръатда ривожланмоқда. Starlink, Globalstar, One Web, Thuraya, Iridium, Inmarsat ва бошқа илғор тизимлар шулар жумласидан.

Масалан, Starlink, Globalstar, One Web тармоқлари бевосита реактив тезликда мегамаълумотлар узатиш (интернет) хизматларини, шунингдек Thuraya, Iridium, Inmarsat каби тармоқлар эса минтақалараро радиотелефон алоқа хизматларини кўрсатишга мўлжалланган.

Бу каби глобал кўчма йўлдош алоқа тармоқлари техник жиҳатдан ер юзининг қарийб барча ҳудудида, маҳаллий тартибга солиш тартиб-тамойилларидан қатъи назар, фойдаланиш имконини беради. Шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам.

Қайд этиш жоиз, республикамиз ҳудудида глобал кўчма йўлдош алоқа тармоқларидан фойдаланиш расман тартибга солинмаган. Бу эса уларнинг хизматларидан норасмий тартибда оммавий фойдаланиш эҳтимолини келиб чиқаради. Оқибатда, мазкур хизматларни кўрсатишда ахборот хавфсизлиги кучсизланади, тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш имкониятлари чекланади. Шахсий маълумотларни сақлаш ва фойдаланишда ҳам жиддий муаммолар юзага келади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига олис ҳудудларда Интернет ва алоқа қамровини ошириш учун шароитларни кенгайтиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида бир қатор янги нормалар акс этаётгани эътиборга молик.

Хусусан, қонун лойиҳаси билан “Давлат божи тўғрисида»ги қонуннинг давлат божи ставкаларининг миқдорлари билан боғлиқ қисмига ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонуннинг лицензия олиш талаб қилинадиган фаолият турларига тегишли қўшимчалар киритилмоқда.

Аҳамиятли томони шундаки, у билан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ортиқча ёки қўшимча тўловлар белгиланмаяпти ёки соҳага янги тартибга солиш воситаларини жорий этиш назарда тутилмаяпти, балки истеъмолчиларга арзонлаштирилган хизматлар кўрсатиш имконини яратиш мақсад қилинмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида мамлакатимизда сунъий йўлдош алоқа тармоқлари ривожланиш баробарида, телекоммуникациялар соҳасида фаолият кўрсатаётган субъектлар сони ҳам ошади.

Сирасини айтганда, ушбу ҳужжат маҳаллий телекоммуникация тармоқларида хизматлар кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг доираси ва сонини чекланмайди, аксинча, яратилаётган шароитлар соғлом рақобат муҳитини ўстиришга, истеъмолчиларга телекоммуникация хизматларидан фойдаланишда танлов имкони кенгайишига хизмат қилади.

Умуман олганда, юртимизда барча қишлоқ ва маҳаллаларни, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассасалари ва мактабларни тезкор Интернетга улаш тадбирларини сифатли ва тўлиқ амалга ошириш учун йўлдошли алоқа технологияларидан фойдаланишга шарт-шароитлар яратишда ҳуқуқий имконият яратилади.

Умид ЖАББОРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?