Исроилнинг Ғарбий соҳилга ҳужуми ва Дуровнинг озод қилиниши (+видео)

11:33 30 Август 2024 Дунё
181 0

Россия—Украина урушининг 916 кунги тафсилотлари

Россия томонидан Шарқий Купянск шаҳрига бошқариладиган бомба ҳужумидан сўнг камида 14 киши жароҳат олган. Украина Президенти Владимир Зеленский кечки мурожаатида гапирар экан, ҳалок бўлганлар борлигини айтди. Ҳужум шаҳар ҳокимлиги биносига ҳам зарар етказган.

Украина Бош штаби чоршанба кунги янгиланишида Покровскга яқин бир қатор қишлоқларда шиддатли жанглар бўлганини маълум қилди.

«Ҳозиргача душман Украина позицияларига ҳужум қилишга 38 марта уриниб кўрди. Жанг ҳали ҳам 14 та жойда давом этмоқда», — деди Бош штаб. Владимир Путин Украина қўшинлари томонидан қўлга олинган Курск вилоятидаги ҳудудни қайтариб олиш учун қарши ҳужумга ўтишини, аммо қийин курашга дуч келишини айтган.

НАТО аъзолари НАТО—Украина Кенгаши йиғилишида Украина мудофаасини янада кучайтириш мажбуриятини яна бир бор тасдиқладилар. «Биз Украинани Россиянинг босқинидан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва ўқ-дорилар билан таъминлашда давом этишимиз керак. Бу Украинанинг курашда қолиши учун жуда муҳимдир», — деди Бош котиб Йенс Столтенберг.

Шунингдек, Россия ташқи ишлар вазирлиги 92 нафар АҚШ фуқароларини, жумладан, журналистлар, адвокатлар ва мамлакатнинг асосий ҳарбий – саноат фирмалари бўлган раҳбарларга тақиқлов жорий этди.

Владимир Зеленский идораси раҳбари Андрей Ермак ва Украина мудофаа вазири Рустам Умеров шу ҳафта АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти вакиллари билан учрашиб, Оқ уйни узоқ масофага мўлжалланган Америка қуроллари билан Россия ҳудудига зарба беришга қўйилган чекловни олиб ташлашни сўрамоқчи.

Украиналик мулозимлар Вашингтонга «Киевга қарши ҳарбий амалиёт йўналишини ўзгартиришни қийинлаштирадиган» «устувор мақсадлар» рўйхатини ҳам тақдим этмоқчи.

Таъкидланишича, Умеров жума куни мудофаа вазири Ллойд Остин билан учрашади. Ермак ким билан мулоқот ўтказиши ҳақида маълумот берилмаган, бироқ у аввалроқ Вашингтонда Давлат котиби Энтони Блинкен ва Президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан билан музокарага ишора қилганди.

Сешанба куни Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер журналистларга Зеленский Ғарбни Россия ҳудудига ракета зарбаси берилиши бўйича тақиқни бекор қилишга чақираётганига қарамай, ҳали жорий чеклов бекор қилиниши режалаштирилмаганини айтди.

Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелл Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ажратиш ва Ғарб қуролларидан фойдаланиш бўйича барча чекловларни олиб ташлашга чақирди.

Павел Дуров озод қилинди

Париж суди «Телеграм» асосчиси Павел Дуровни озод қилди. Шаҳар прокуратураси маълум қилишича, маҳбус беш миллион евро гаров тўлаш мажбурияти билан қўйиб юборилган. У ҳафтада икки марта полиция бўлимига келиши шарт, Францияни тарк этолмайди.

Париж прокуратураси матбуот хабарномасида келтирилишича, Дуровга уюшган жиноятчилик билан боғлиқ турли айблов қўйилган.

«France 24» телеканалида тергов мамлакат расмийлари «Телеграм» суд сўровига амалда жавоб бермаётганини пайқаганидан кейин бошлангани, бунга Европанинг бошқа давлатлари, масалан Бельгия вакиллари ҳам ишора қилгани айтилди.

Пойтахт прокуратураси кўрсатмаси билан 2024 йил февралда дастлабки суриштирув бошланган, суд эса 8 июлда терговга киришган.

Европа комиссияси «Телеграм» фаолиятини бевосита назорат қилмайди, чунки Европа Иттифоқида атиги 41 миллион фойдаланувчига эга бу тармоқ «йирик онлайн платформа»лар тоифасига кирмайди, деди ЕИ вакили Томас Регниер Брюсселда уюштирилган брифингда.

Комиссия ушбу масъулият аъзо давлатлар зиммасида, деб ҳисоблайди. У рақамли хизмат тўғрисидаги қонун нуқтайи назаридан сўз эркинлигига қилинган ҳужум ҳақидаги айбловни рад этиб, қонун «ҳеч қандай ҳолатда сўз эркинлигини бузмаслиги, фақат онлайн платформадан ноқонуний контент олиб ташланиши назарда тутилиши»ни таъкидлади.

Аввалроқ ЕИда онлайн платформалар устидан назоратни кучайтирувчи Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун ишлаб чиқилиши ташаббусини илгари сурган Еврокомиссия «РИА Новости»га Дуров Франция қонунчилигига мувофиқ ҳибсга олинганини билдирган.

Исроил Ғарбий соҳилга ҳужум уюштирди

Исроил Ғарбий Соҳилда Женин, Тулкарм ва Тубас яқинидаги Фаръа қочқинлар лагерига қаратилган йирик ҳужумни бошлади. Исроил армиясининг ушбу ҳужуми натижасида ўнлаб қочқинлар ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Al Jazeera» хабар берди.

Маълум бўлишича, Тел-Авив ҳужум қуролли гуруҳларнигина нишонга олганини айтиб, ўзидан айбни соқит қилмоқчи бўлган. Фаластин маъмурияти эса ҳужумни қоралаб, бу жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Саудия Арабистонига ташрифини тез якунлашга мажбур бўлган президент Маҳмуд Аббос давом этаётган зўравонликлардан хавотирларини билдирди. Қайд этилишича, биргина Ғарбий Соҳилда 660 дан ортиқ фаластинлик айнан Исроил армиясининг операцияларида ҳалок бўлган.

Яҳудий давлати расмийлари, жумладан, Ташқи ишлар вазири Катс Ғазодаги гуруҳларни Эрон билан боғлиқликда гумонини билдирган.

Халқаро таҳлил марказларига кўра, Ғарбий Соҳилда кучайиб бораётган қаршилик ташқи ёрдамдан кўра кўпроқ маҳаллий омилларга боғлиқ. Исроил ҳукумати, хусусан, ҳукуматнинг ўнг қанот гуруҳлари Ғарбий Соҳил устидан назоратни кучайтиришга интилаётгани ҳам айтилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?