Исроил президентнинг таянч нуқтаси бўлган ҳудудга зарба берди

04:00 18 Октябр 2024 Сиёсат
363 0

Исроил Суриянинг Ўрта ер денгизидаги порт шаҳри Латакияга уюштирган зарбаси оқибатида камида икки фуқаро жароҳатланди ва ёнғин келиб чиққан. Бу ҳақда Сурия давлат ахборот агентлиги САНА хабар берди. Президент Башар ал - Асаднинг таянч нуқтаси бўлган ва Россия авиабазаси яқинида жойлашган порт шаҳарга камдан-кам ҳужум уюштирилади.

Зарба чоршанбадан пайшанба кунига ўтар кечаси Лакатиянинг жануби-шарқий қисмига берилган. Ҳудуддаги хусусий мулкка зарар етган. Аввалроқ, САНА зенит мудофааси Латакия устидаги душман нишонларини тутиб олгани ҳақида ёзган эди.

Бирлашган Қиролликда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваториясининг айтишича, Исроил рейди Латакия шаҳридаги қурол омборини нишонга олган. Ҳарбийлар Суриядаги индивидуал зарбалар ҳақида камдан-кам фикр билдиргани учун ҳодисага изоҳ бермади.

Исроил йиллар давомида Суриядаги Эрон билан боғлиқ нишонларга қарши ҳужумлар уюштириб келади. Бироқ ўтган йилнинг 7 октябрида Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи бошчилигидаги ҳужумдан кейин бундай рейдларни кучайтирди ва Эроннинг Суриядаги таъсирини кенгайтиришга йўл қўймаслигини бир неча бор таъкидлаган.

Маълумотларга кўра, Исроил ўтган октябрь ойидан бери Сурияга ҳаво рейдлари ва артиллерия ҳужумлари билан 220 мартадан ортиқ зарба берган. Энг муҳим ҳужум апрель ойида Исроил қирувчи самолётлари Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги биносини нишонга олиб, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг етти нафар аъзосини ўлдириши бўлди.

10 октябрь куни Сурия давлат матбуоти Исроилнинг марказий Хомс ва Хама вилоятларига ҳужум қилгани, автомобил йиғувчи завод ва ҳарбий позицияни нишонга олгани ҳақида хабар берган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер