Исроил кучлари Ғазодаги тинч аҳоли бошпаналарига ҳужум қилди, ўнлаб қурбонлар, юздан ортиқ жароҳатланганлар бор

15:02 24 Апрель 2025 Дунё
101 0

Кеча, 23 апрель куни Исроил қўшинларининг Ғазога ҳужуми оқибатида камида 45 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда «Al Jazeera» нашри.

Таъкидланишича, Исроил ҳарбийларининг чоршанба оқшомида Ғазо аҳолисининг бошпаналарига ҳужум уюштириши оқибатида 45 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. 100 дан ортиқ аҳоли вакиллари турли даражадаги тан жароҳатлари олиб, шифохоналарга ётқизилган.

«Al Jazeera» нашрининг тиббий манбалари хабарига кўра, Исроил аскарларининг Ғазога уюштираётган тунги ва тонгги ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда.

Аввалроқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юқори мартабали вакиллари Исроил ҳукуматининг Ғазодаги мактаб, шифохона ҳамда маҳаллий аҳоли бошпаналарига қилаётган ҳужумларини қоралаб, бу ҳаракатларни инсониятга қарши жиноят сифатида баҳолаган эди.

Бундан ташқари, БМТ Исроил ҳукуматини Ғазо аҳолисининг омон қолиши учун зарур бўлган бирламчи эҳтиёжларидан маҳрум қилаётганини айтиб, бу ҳаракатларни кескин қоралаган.

Маълумот учун, Исроил узоқ вақтдан буён кўплаб инсонпарварлик ёрдамлари, жумладан, озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюмлар ҳамда бирламчи эҳтиёж учун зарур бўлган бошқа турдаги маҳсулотларнинг Ғазо ҳудудига киришига тақиқ қўйиб келмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?