Исроил Эроннинг барча дронларини уриб туширди ва яна Эрон ҳудудига зарба берди

16:49 13 Июнь 2025 Дунё
246 0

Фото: Reuters

Исроил мудофаа кучлари Эрон дронларини муваффақиятли тутиб олган. Бу ҳақда «Ynet» ахборот портали хабар бермоқда.

Яҳудий давлати армияси 13 июнь, жума куни Эронга ҳужум қилди. Исроил армияси бу операцияни «Эроннинг ядровий қурол ишлаб чиқариш салоҳиятини жиловлаш учун огоҳлантирувчи ҳужум» деди.

Ҳужумлар Натанздаги уранни бойитиш маркази, баллистик ракета инфратузилмаси, олимлар ва ҳарбийлар яшаётган ҳудудлар, қурол омборлари ва ҳарбий лабораторияларга қаратилган.

Эроннинг IRNA давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, ҳужум оқибатида мамлакатнинг бир қанча юқори лавозимли қўмондонлари ва ядро дастури устида ишлаётган олимлари ҳалок бўлган. Жумладан, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бош қўмондони Ҳусайн Саломий, Эрон қуролли кучлари қўмондони ўринбосари – “Хатам-ал-Анбия” марказий штаби қўмондони, генерал Ғулом Али Рашид ҳамда ядро дастури устида иш олиб бораётган олимлар – физик Муҳаммад Маҳдий Теҳрончи ва атом энергетикаси бўйича ташкилот раҳбари Фариддун Аббос Давоний ҳаётдан кўз юмган. Фақатгина Теҳронда тинч аҳоли вакилларидан камида ўн киши ҳалок бўлган. Бундан ташқари, камида 50 киши тан жароҳати олган, улардан 35 нафарга яқини аёллар ва болалардир. Бу ҳақда Эрон давлат телевидениеси бошловчиси жонли эфир вақтида айтиб ўтди.

Ўз навбатида, Эрон Ислом Республикаси олий раҳнамоси Али Хоманаий Исроил қилган иши учун жазоланишини айтди. Эрон қарши ҳужум режаси доирасида яҳудий давлатига 100 та «Shahed-136» камикадзе дронларини учирди. Исроил мудофаа кучлари томонидан маълум қилинишича, уларнинг барчаси йўқ қилинган.

Исроил яна Эрон ядровий иншоотига яна зарба берди
Исроил Натанздаги Эрон ядровий иншоотига яна зарба берди. Бу ҳақда Эрон давлат телерадиокомпанияси хабар берди.

«Бир неча дақиқа олдин ционистик режим Табриз, Шероз шаҳарлари ва Натанздаги ядровий иншоотга зарба бериб, янги ҳужумлар ва тажовузларни амалга оширди», дейилади хабарда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Исроилнинг Эронга уюштирган зарбалари натижасида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Аэрокосмик кучлари қўмондони Али Ҳожизода ҳам ҳалок бўлган.

АҚШ Исроилга дунёдаги энг ҳалокатли қуролни берган
Эрон томонидан жавоб ҳужумига учраган тақдирда Исроилни ҳимоя қилишга ваъда берган АҚШ президенти Дональд Трамп дунёдаги энг ҳалокатли қурол яҳудий давлатида эканини айтди. Бу ҳақда «Регнум» ахборот агентлиги хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Трамп АҚШ дунёдаги энг яхши ва ҳалокатли ҳарбий техникани ишлаб чиқараётгани, Исроилда эса улардан кўпи борлигини айтган. Оқ уй раҳбарининг қўшимча қилишича, Эрон Исроил билан келишувга эришиши керак, ҳозир мамлакатда қутқариб қоладиган нарса бор.

Шу ўринда Трамп Эронни Вашингтон билан ядровий битим имзолашдан бош тортиш оқибатлари ҳақида огоҳлантирди.

«Мен Эронга келишувга эришиш учун имкониятдан кейин имконият бердим... Лекин улар қанчалик ҳаракат қилишмасин, келишувга қанчалик яқинлашмасинлар, ҳеч қачон буни уддалай олишмади», — деди у Исроил ҳужумидан кейин. Қўшимча қилишича, келишув рад этилган тақдирда оқибатлар «улар кутганидан ҳам ёмонроқ» бўлади.

Аввалроқ, ҳам Трамп Эронни имкон қадар тезроқ ядровий битим имзолашга чақирган эди. Шу ўринда у «Исроилнинг кейинги ҳужумлари янада шафқатсиз ва вайронкор бўлишига» ишончи комиллигини ҳам эслатиб ўтди.

Исроилнинг ушбу ҳужум халқаро ҳамжамият томонидан кескин норозилик билан кутиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?