Исроил Эронга ҳужум қилди. АҚШ ҳужумда «қўли» йўқлигини айтмоқда. Эрон олий раҳнамоси яҳудий давлатини «аччиқ ва аламли» тақдир кутаётганини билдирди

10:20 13 Июнь 2025 Дунё
352 0

Исроил Эронга бир неча бор ҳаво зарбалари берди. Ҳужум бошлангани ҳақида дастлаб «Axios» портали хабар берди. Буни Исроил мудофаа вазири Исроэль Кац ҳам тасдиқлади.

«Исроилнинг Эронга превентив зарбасидан сўнг, яқин келажакда Исроил ва унинг тинч аҳолисига ракета ва дрон ҳужуми кутилмоқда», — деди Кац.

Аввалроқ, «ABC News» Исроил ҳукумати яқин кунларда Эронга зарба бериши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. Телеканалнинг уч манбаси Вашингтоннинг ҳужумга тайёргарлик кўришга алоқаси бор ёки йўқлигини билмаслигини айтган.

Шунингдек, Эрон ҳукумати Исроил томонидан ҳужум содир бўлган тақдирда унга жавоб режаси ишлаб чиққанини маълум қилганди. Тахминларга кўра, жавоб чоралари юзлаб баллистик ракеталардан фойдаланишни ўз ичига олади.

Исроил фавқулодда ҳолат эълон қилди
Исроилда фавқулодда ҳолат эълон қилинди, бутун мамлакат бўйлаб сиреналар янгради.

Исроил мудофаа кучлари ички фронт қўмондонлиги ҳам худди шундай огоҳлантириш билан мамлакатнинг исталган нуқтасига етиб боришга қодир бўлган оғир ракеталар билан ҳужум қилиниши мумкинлигини таъкидлади. Мамлакатда барча таълим муассасалари ёпилди, тадбирлар ва йиғилишлар тақиқланди, фақат зарур соҳалар бундан мустасно.

Исроилнинг Бен Гурион аэропорти эҳтимолий жавоб ҳужуми муносабати билан тунги рейсларни бекор қилди ва Эрондан жавоб кутилаётгани учун камида эрталабгача рейслар амалга оширилмайди.

Эрон фуқаро авиацияси ташкилоти вазиятга ойдинлик киритилгунга қадар Теҳрондаги Имом Ҳумайний аэропортидаги фаолиятини тўхтатди.

Нетаняьҳу ҳужум нишонини айтди
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаньяҳу Эронга зарба бериш мақсадини айтди. Унинг айтишича, яҳудий давлати Эроннинг ядровий бойитиш дастурининг марказига зарба берган.

«Биз Эроннинг ядровий бойитиш дастурининг марказига зарба бердик, биз Эроннинг ядровий қурол дастурининг марказига зарба бердик, Эроннинг Натанздаги асосий бойитиш иншоотига ҳужум қилдик», — деди Нетаньяҳу.

Сиёсатчининг қайд этишича, ҳужум Эрон ракета объектларига қилинган. Унинг таъкидлашича, асосий мақсад Исроилга таҳдидни бартараф этишдир. Операция «қанча керак бўлса, шунча кун» давом этади.

Исроил мудофаа кучлари матбуот котиби операциянинг биринчи босқичи якунлангани ҳақида хабар берди. «Times of Israel» газетаси ҳарбий амалдорларга таяниб, «Rising Lion» операцияси бир неча кун давом этиши мумкинлигини хабар қилди.

«Қисқа вақт ичида Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг ўнлаб самолётлари операциянинг биринчи босқичини якунлади, бунда ўнлаб ҳарбий объектларга, жумладан, Эроннинг турли ҳудудларидаги ядровий объектларга зарбалар берилди», — дейди у.

«Reuters» Исроил ҳарбий амалдорига таяниб хабар беришича, Эрон ҳарбий қўмондонлари ҳам Исроил зарбалари нишонига айланмоқда.

«Shot» Телеграм каналининг таъкидлашича, зарба қурбони Эрон армияси бош штаби бошлиғи Муҳаммад Бакарий бўлиши мумкин эди, бироқ бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ.

Бундан ташқари, Эроннинг «Tasnim» ахборот агентлиги Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Ҳусайн Саламий ҳаво ҳужуми натижасида ҳалок бўлганини тасдиқлади.

«Ynet» порталининг хабар беришича, Исроил минглаб заҳирадаги аскарларни чақиришни бошлаган. Муҳим ҳарбийлар бўлинмалар, Ҳарбий ҳаво кучлари, барча қўмондонликлар разведка учун сафарбар қилинмоқда.

Ҳужум Эроннинг бир қанча вилоятларига йўналтирилди
Портлаш товушлари Эроннинг қатор вилоятларида, жумладан, Кирмоншоҳ ва Лористон вилоятларида ҳам эшитилди. Бу ҳақда «Tasnim» агентлиги Исроил ҳаво ҳужумлари ҳақидаги хабарлар ортидан маълум қилди.

«Al Masirah» телеканали Исроил ҳарбийларини Теҳрондаги турар-жой биноларига зарба беришда айблади. Эрон пойтахтида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва давомли портлашлар овозлари эшитилди. Маҳаллий ОАВ шаҳар узра тутун кўтарилаётгани тасвирланган лавҳаларни тарқатди. Таъкидланишича, ҳужум натижасида қурбонлар ва жароҳатланганлар бор, уларнинг аниқ сони ҳозирча номаълум.

«Israel Today» Телеграм канали Эроннинг уран бойитиш заводлари жойлашган Натанз шаҳрига зарба берилгани тасвирларини эълон қилди.

АҚШ ҳужумга алоқаси йўқлигини айтди
АҚШ президенти Дональд Трамп Исроилнинг Эронга ҳужумидан кейин вазирлар маҳкамаси йиғилишини чақиришга қарор қилди, деб хабар бермоқда CNN телеканали Оқ уй расмийларига таяниб.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг айтишича, АҚШнинг Эронга берилган зарбаларга алоқаси йўқ, Вашингтоннинг устувор вазифаси минтақадаги АҚШ кучларини ҳимоя қилиш бўлиб қолмоқда.

Унинг таъкидлашича, Исроил Вашингтонни, унинг фикрича, бу операция ўзини ҳимоя қилиш учун зарур бўлганлиги ҳақида хабардор қилган.

«Эронга зарба бериш билан бизнинг ҳеч қандай алоқамиз йўқ ва бизнинг энг муҳим вазифамиз минтақадаги кучларимизни ҳимоя қилишдир», — дейди Марко Рубио.

Унинг қўшимча қилишича, Трамп маъмурияти АҚШ кучларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришни буюрган. Оқ уй раҳбари Эронни АҚШ манфаатларига дахл қилмасликка ва америкалик ходимларга зарар бермасликка чақирди.

«Axios» аввалроқ таъкидлаганидек, АҚШ Исроилнинг ҳаво мудофаа тизими ядровий иншоотларга эҳтимолий ҳужумга жавобан Эроннинг ракета зарбасига дош беролмаслигидан хавотирда.

Нашрнинг ёзишича, Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уткофф Эрон ядровий иншоотларга зарба беришга жавоб қайтарса, Исроил томонида оммавий қурбонлар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Портал, шунингдек, АҚШ разведкаси маълумотларига асосланиб, Эронда 900 килограмм ва ундан ортиқ оғирликдаги зарядни кўтара оладиган икки мингга яқин ракета борлигини, Исроил улар етиб бора оладиган ҳудудда эканини ёзди.

Исроилни «аччиқ ва аламли» тақдир кутмоқда — Эрон олий раҳнамоси
Эрон олий раҳнамоси Али Хоманаий Исроилнинг Эронга ҳужумига изоҳ бериб, яҳудий давлати қилган иши учун албатта жазоланишини айтди.

«Бугун тонг саҳарда ционистик режим севимли юртимиздаги жинояти билан ўзининг ифлос ва қонли қўлини ошкор қилди ҳамда ўзининг ёвуз табиатини ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ кўрсатди... Агар Худонинг иродаси бўлса, Ислом Республикаси қуролли кучларининг қудратли қўли уни тарк этмайди», — деди Хоманаий.

У ўз мурожаатида бир қанча қўмондон ва олимларнинг ўлимини ҳам тасдиқлади. Республика Олий раҳнамоси яҳудий давлати бу ҳаракатлари билан ўзи учун «аччиқ ва аламли» тақдирни тайёрлаб қўйганини таъкидлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?