Ислом цивилизацияси маркази: “Мен”ларни “биз” қиладиган мегалойиҳа

22:11 12 Февраль 2025 Жамият
163 0

Президент Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларидан бирида “Янги Ўзбекистон” иборасига алоҳида тўхталиб, “Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”, деди. Бу бежиз эмас.

Ўз тарихида икки ренессанс кўрган мамлакатимизнинг гербида Ҳумо қуши қанот кериб турибди. Бу ҳам тасодиф эмас. Ҳумо – жаҳон цивилизация марказларидан бири, қадимий ва навқирон Ўзбекистон рамзи – Ренессанс рамзи. Халқимиз, айниқса ёшлар шод. Чунки янгиланиш, уйғониш, жўшқинлик Ренессансларнинг ҳаракатлантирувчи кучи – ёшларга хос оловли туйғулар-да.

Сўнгги йилларда дунё ижтимоий фанларида маданий код, миллий код тушунчалари кенг қўлланилмоқда. Маданий код бу – аждодлардан мерос қолган ноёб маданий хусусиятлар. Улар халқнинг рамзларида, гоҳ англанган, гоҳ англанмаган ҳолда хулқ-автор, одатларида намоён бўлади. Маданий код ўзбекча айтганда “асли қонида бор нарса”га тўғри келади.

Имом Бухорий, Термизий, Ибн Сино, Марғиноний, Беруний, Насафий, Фарғоний, Замахшарий, Мотуридийларнинг меросхўрларимиз. Улар ўзларидан 1000 йил кейин Ислом Академияси, Ислом Цивилизацияси марказини қуриш ҳуқуқини олиб, бизга бериб кетдилар. Икки ренессансни яратган боболар қони бугун бизнинг томирларимизда оқаётир. Шундай экан, Янги Ўзбекистонда қайта тикланиш тажрибасини қаердан излашимиз керак? Бу саволга жавобни ҳазрат Алишер Навоий тайинлаб кетганлар: “Ҳар не истарсен, ўзингдин истагил”.

Аждодларимиз жаҳон аҳлига диний ва дунёвий илмларнинг аслини ўргатган. Дунёнинг етук олимлари бизнинг боболаримиз билан танишликлари, уларга шогирдликлари, уларнинг китобларини ўқиганликлари билан фахрланишган. Бизга бугун мана шу шон, мана шу шараф дарвозаси қайта очилмоқда.

2019 йилнинг 31 декабрь куни “Узлуксиз маънавий тарбия Концепцияси” тасдиқланди. Унга кўра 30 ёшгача бўлган ўқувчи-ёшларда Ватанга садоқат, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибатлилик, масъулиятлилик, бағрикенглик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварлик каби таянч фазилат, ижтимоий компетенциялар ривожлантирилади. Бу фазилатлар оилавий тарбияга ижтимоий буюртмага айланади. Шу вақтгача натижаси мавҳум бўлиб келган тарбия мана шу таянч фазилатларда натижа топади. Мукаммал компетенция-фазилатлар билан мустақил ҳаётга кириб борган ўғил-қизларимиз ўзини ҳам, Ватанини ҳам бахтли қиладилар.

Мактаб, оилалар учун “Узлуксиз маънавий тарбия Концепция”сининг инновационлиги нимада? Илгари Ўзбекистоннинг 1-18 ёшгача бўлган болалар, ўсмирлар ёшига мос қандай маънавий талабларга жавоб бериши керак?”, “Бир йиллик тарбиянинг натижалари қандай бўлди?”, деган аниқ савол қўйилмаган. Қўйилса ҳам “Ҳамкорликда кўп тадбирлар ўтказдик. Энди, болалар катта бўлса, маълум бўлади-да, тарбияси”, деган фикрлар билдирилган. Ёки 5-6 нафар иқтидорли ёшларни кўрсатиб, тарбиявий ишлар ютуғи, дейилган. Бугунги уюшмаган ёшларимиз ана шу ноилмий тарбиянинг жабрдийдалари.

Болалар ғайратли рақсга тушишар, шеърни кўзлари ёниб, тўтидек ўқишар, бироқ, шеър, рақс тугагач, кўзлари бўм-бўш, ҳамма қатори бўлиб қолишар эди. Чунки тарбия оғзаки эди. Амалий эмас эди. Фазилатлар тренингларда ўргатилмас, шу сабаб натижа фазилатга айланмасдан, билим даражасида қолиб кетар эди. Шунинг учун бугун 15-20 ёшли болаларимизнинг хулқи бизни ранжитаётган бўлса, бунга улар айбдор эмас. Уларнинг билмаслиги – тушунтирилмаганидан, қилмаслиги – ўргатилмаганидан. Ватанпарварликни ҳам, чой сузишни ҳам, уялишни, масъулиятни, салом беришни ҳам.

Энди “Бугун мактабларни битираётган ёшларимиз Учинчи Ренессансга хизмат қилишга тайёрми?”, деган саволга “Ҳамкорликда кўп тадбир ўтказганмиз. Энди тарбияси катта бўлса билинади-да”, дейиш, ўзини алдаш. “Ҳа энди тарбия, маънавиятни ўлчаб бўлмайди-да. Бошиям, охириям йўқ-ку”, дейиш тўхтайди. Миллий ғоянинг тарбияга қандай жорий бўлаётгани амалда, ҳамма жойда, болаларимиз фазилатларида ҳар куни ёшига мос кўриниб, эшитилиб туради.

Маънавият ва маърифат, мафкуравий тарбия бизга Ватаннинг ўғил-қизлари сифатида, ишлаш ва яшаш бурчини эслатади. Учинчи Ренессанс нима учун, ким учун кераклигини халққа унинг орзулари билан боғлаб уқтиради, кўрсатади. Тушунган халқ – ғоя билан қуролланган халққа айланади. Ўз миллий ғоясини англаган халқни эса тўхтатиб бўлмайди.

Инновацион фикрлаш

“Учинчи Ренессанс” натижаларининг қачон, қандай бўлиши ҳар бир оиланинг инновацион фикрлашига боғлиқ. Бунинг учун инновацион яшаш – ҳар биримизнинг ҳаёт тарзимизга айланиб, ҳар бир ўзбекистонлик ўз соҳасининг инноватори бўлиши керак. Яъни ҳар бир ота-она, тадбиркор, фермер, ўқитувчи, санъаткор, журналист, боғча тарбиячиси, имом, талаба, қурувчи, олим, провайдер, тикувчи, тарғиботчи, маҳалла раиси “Нима қилсам ишимнинг самараси ошади?”, деб ўйлансин. Ижод қилсин, бош қотирсин. Ўз ишига, ҳаётига янгиликлар киритиб яшасин. Ана шунда бахтнинг ўзи унга қараб келаверади. “Узлуксиз маънавий тарбия Концепцияси”да ўн таянч фазилатнинг бири инновацион фикрлаш, этиб белгиланганлигининг ҳикмати шунда. Ҳаракатдан баракат.

Тарихда бир кишининг инновацион фикрлаши бутун бошли халқни ҳалокатдан сақлаб қолганига мисоллар бор. Бир тарихий мисол эсга тушади. Дунёдаги энг катта гонорар II асрда Рим императори Марк Аврелий томонидан шоир-методист Оппианга берилган. Оппиан севги, ишқий ўртанишлар ҳақида эмас, балиқчилик ва ов қилиш қоидалари ҳақида 20 000 байтли икки достон ёзган эди. Император достонларнинг ҳар бир сатри учун бир олтин тангадан қалам ҳақи беради[1]. Чунки одамлар бу достонларни ўқиб, куйлаб, эшитиб, балиқ тутиш, ов қилиш қоидаларини ўрганиб олишди. Мана шу битта артпедагогик инновация халққа балиқ тутиш маҳоратини ўргатиб, уни очликдан сақлаб қолган.

Хуллас, Учинчи Ренессанс маънавияти ёшларимизни, халқимизни инновацион фикрлашга, ўйлашга, яшашга ўргатишни талаб қилади. Бунинг учун нафақат болалар боғчалари, мактаб, лицей, институтлар, балки оилаларда ҳам болаларимизни инновацион фикрлашга ўргатиш ҳам фарз, ҳам қарзга айланмоғи мақсадга мувофиқдир.

Миллий ғоя – миллий мотивация

Миллий ғоя – халқ орзуси, ниятининг ифодаси. У миллий ривожланишнинг янги талабларидан келиб чиқиб янгиланиб туради. Ўз чиқишларидан бирида Президентимиз “Миллий ғоя нима учун керак?”, деган саволни ўртага ташлади. Жавобини ҳам бир жумлага жо қилиб, “Ватанни севиш учун”, деди. Учинчи Ренессанс биздан ана шу севгини — Ватанни уйимиздек, халқимизни оиламиздек севишни сўраяпти. Чунки фақат севги инсонни янги, яхши келажак яратишга сафарбар қилади, мададкор бўлади.

Учинчи Ренессансни ким амалга оширади? Ўзида Ватанга содиқлик, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибат, масъулият, бағрикенглик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварликни мужассам қилган ўзбекистонликлар. Учинчи Ренессанс биздан жон, соғлиқ, маблағ эмас, юқоридаги фазилатларни ҳар куни амалда кўрсатишни сўрайди. Ўз ишимизни ҳалол-пок, сифатли, виждонимиз назоратида бажаришни сўрайди.

Учинчи Ренессанс инсон маънавиятидаги ренессансдан сезилади ва бошланади. Бу эса миллий характеримизга, маънавий инновациялар киритишимизни талаб қилмоқда. Аслида энг қийин аммо энг тўғри йўл ва ресурс шу. Бу халқимиз характерини кучли фазилатлар – ирода, тиришқоқлик, меҳнатсеварлик, инновацион фикрлаш, тадбиркорлик билан кучайтиради. Бунинг учун ўта аниқ илмий педагогик-психологик тадқиқотларни мунтазам ўтказиб боришимиз зарур. Уларда “Учинчи Ренессанс учун халқимиз характерида қайси фазилатларни кучайтириш керак?”, “Қайсилари бор?”, “Нималар етишмаяпти?”. “Қайси иллатлар Учинчи Ренессансни бошлашимизга халақит беради?”(масалан, ҳасад, кўролмаслик, исрофгарчилик, лоқайдлик, ёлғон, меҳрсизлик, ғийбат...) қабилида. Буларни бир тизимга солиш учун Ислом цивилизацияси бошчилигида “Жамиятни Учинчи Ренессансга тайёрлашнинг илмий-амалий дастури”ни ишлаб чиқиб, дадил жорий қилиш мақсадга мувофиқ. Нега деганда, юқорида айтганимиздек, Учинчи Ренессанс аввало ўзбекистонликларнинг маънавиятида, феълида рўй беради.

Маънавий Ренессанс қанча кучли бўлса, Учинчи Ренессанс шунча тез, самарали бўлади. Ана шунда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар маънавиятдаги, характеримиздаги ислоҳотлар билан қўллаб-қувватланади. Бунинг учун илгари учраб турган “Маънавиятни ўлчаб бўлармикан?”, деган иккиланишлар воз кечишимиз керак. Зеро, аждодларимиз Биринчи ва Иккинчи Ренессансларни илмдан нажот олиб яратишган. Демак, Учинчи Ренессансда ҳам “Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлмағай”(Имом Бухорий).

Ҳар соҳанинг ўз илми бор. Илмга суянмаган соҳанинг келажаги йўқ(Ш.Мирзиёев). Учинчи Ренессанс тарбия, маънавий-маърифий соҳанинг ихтисослашувига боғлиқ. Ана шунда жамият ёшларимиздан кутаётган таянч фазилатлар, уларнинг реал ҳаётда қандай намоён бўлаётганини диагностик ўрганиш имкони яратилади. Натижада “Узлуксиз маънавий тарбия Концепцияси” асосида ҳар бир ўзбекистонликда таянч фазилатларни илмий асосда кучайтиришга эришилади. Учраётган маънавий иллатларни қуритиб бориш мумкин бўлади. Бунда ҳар бир инсон билан амалий ишлаш, энг миллий-замонавий технологияларни жорий қилиш зарур.

Президентимиз ўз чиқишларидан бирида “Курашга тайёрланган, курашган одам ютади”, деган эди. Учинчи Ренессанс биздан қийинчиликларга қарши курашга тайёр бўлишимизни тақозо қилади. Бу тайёрлик барча соҳаларни қамраб олиши ва ҳамма жойда, ҳар биримизда намоён бўлиши лозим.

Масалан, халқ ўз ватандош тадбиркорларини, тадбиркорлар ўз халқини қўллаб-қувватлаши керак. Миллионта “Мен”дан аҳил битта “Биз”га кўтарилиш умумхалқ ҳаракатига айланиши керак. Афсуски, бунинг акси ҳам учраб туради. Ўтган йиллар ҳайит байрамларида мамлакатимизнинг айрим шаҳарларида нарх-наво икки карра кўтарилганини кўрдик. Баъзи шаҳарларда эса бир неча бор туширилганини ҳам кўрдик. Бу ҳолат яқинда коронавирус шароитида талабаларга такси хизматини кўрсатилишида, дори савдосини ҳам учради. Кимдир бепул, савоб учун, ватандошим, деб хизмат қилса, кимдир нархни икки-уч маротаба оширди. Ҳар бир ўзбекистонликнинг бир-бирида ватандошлик ҳаққи ва бурчи бор-ку.

Демак, миллий ғоя – мотивациянинг таъсири, рўёби иқтисодиётда, кундалик ҳаётда кўриниб турса, Учинчи Ренессанс йўлида ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар аҳил, қарс икки қўлдан бўлса, биз янада бирлашамиз.

Миллий ғоя одамларга Учинчи Ренессанс ким учун, нима учунлигини, аҳамиятини тушунтиради. У берган мотивация ётганни – ўтиришга, ўтирганни – туришга, турганни – юришга, юрганни – югуришга ундайди. Рағбат бериб, шавқлантиради. Тушунтиради. Чунки “Нега?”лигини билмаган тушунмаган одамлар бирлашмайди. Қўшилса ҳам, кўр-кўрона, юзаки ишлайди. Бири ишласа, иккиси томошабин бўлади. Миллий ғояда ўз манфаатини кўрганлар бирлашиб, ихтиёрий, завқ билан ишлайди. Натижада ҳаётидан рози бўлади.

Миллий ғоямизнинг ижтимоий мазмун-моҳиятини бир сўзда айтса, бу сўз – розилик. Бу тушунча Учинчи Ренессансни тушуниш ва тушунтириш, амалга ошириш учун фундаментал, жипслаштирувчи асос бўлади. Зеро миллий ғоя рўёби халқнинг муайян вақт ва маконда ўзини бахтли деб ҳис қилишида, бу эса унинг шукроналарида – ҳаётдан розилигида намоён бўлади.

Албатта, буларнинг барчаси учун тинчлик, мустақилликни жон қадар мустаҳкам, кафолатли ҳимоялашимиз керак. Мустақиллик ҳарбий, ғоявий ва сиёсий ҳимояланади. Бунда ҳам ўтмишдан сабоқ чиқариш керак. Биз ҳар гал мустамлака бўлиб, оёқ-қўлларимизга кишан тақишганида бир нарсадан афсусланганмиз – халқнинг бирлашмаганидан. Халқнинг бирлашмагани сабаби, ҳаммани “Биз”, деган байроқ остига бирлаштирадиган ғоя бўлмаганлиги. Натижада “Биз” бўлиб енгадиган куч “мен”ларга парчаланиб, мағлуб бўлганмиз.

Бугун бизда “мен”ларни “Биз” қиладиган ғоя бор. Бу Учинчи Ренессанс ғояси. Қурилаётган Учинчи Ренессанс пойдеворини ғоявий ҳимоя қилишимиз керак. Биз уни превентив, ўз вақтида ҳимоя қилмасак, уни бузишлари мумкин. Бу маънавий, ғоявий ҳужум. Уларга жавоб беришимиз ва жавобимиз илмий асосда бўлиши керак. Нима учун? Чунки илмий асосда бўлмаса, биз қилаётган тадбирлар бир марталик, ўткинчи бўлиб қолади. Шу маънода миллий ғоя тарғиботини илмий асосга қуришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ниҳоятда зарур.

Муҳаммаджон Қуронов

Педагогика фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?