Ислоҳотларнинг ҳаққоний ўлчови

Иллюстратив фото
Бугунги кунда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади. “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятини баҳолаш ва натижадорликка йўналтириш мақсадида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳанинг ҳуқуқий база ҳам мустаҳкамланмоқда.
Жумладан, 2022 йилда қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунда хизматчиларни баҳолаш ва рағбатлантиришнинг адолатли мезонлари белгиланди.
Президентимизнинг 2024 йил 13 мартдаги “Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизимида муҳим қадамлар ташланди.
Фармонга кўра, ўтган йил якунларида 91 та республика ташкилотининг 338 нафар раҳбар ва ўринбосарлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари фаолияти баҳоланди. Республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари иш самарадорлиги таҳлил қилинди.
Натижаларга кўра, юқори кўрсаткичга эга бўлган раҳбарлар рағбатлантирилди, қониқарсиз натижа кўрсатганларга тегишли чоралар кўрилиши таъминланди. Бундай тизим давлат хизматчиларининг самарадорлигини ошириш ҳамда юқори натижаларга эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Қолаверса, KPI баҳолаш амалиёти таҳлили натижалари раҳбарларнинг стратегик режалаштиришга бўлган кўникмасини оширмоқда.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Давлат бошқарувида самарадорликни баҳолаш учун KPI кўрсаткичларининг тўғри шакллантирилиши ва уларни аниқ мезонлар асосида ишлаб чиқиш, шу билан бирга инсон омилини камайтириш ва шаффофликни таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, давлат фуқаролик хизматидаги раҳбар ходимлар самарадорлигини баҳолаш учун samaradorlik.uz платформаси орқали амалга ошириш йўлга қўйилди.
Жаҳон тажрибасини ўрганиш натижаларига кўра, KPI баҳолаш тизими ҳисобдорликни ошириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва коррупцияга қарши курашда юқори натижаларга эришиш имконини яратади. Шу боис, давлат бошқарувини ислоҳ қилиш жараёнида KPI кўрсаткичларини жорий этиш ва такомиллаштириш муҳим вазифалардан бири саналади. Кўплаб давлатларда, хусусан, АҚШ, Европа мамлакатлари, Сингапур ва Жанубий Кореяда KPI баҳолаш тизими давлат бошқарувининг ажралмас қисмига айланган. Ўзбекистонда ҳам бу тизимни ривожлантириш ва такомиллаштириш мақсадида хорижий тажрибалар ўрганилмоқда. БАА ва Латвия давлатлари билан ҳамкорликда давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Умуман, баҳолаш тизими давлат хизматини ривожлантириш ҳамда давлат бошқарувини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Сардор АБДУЛЛАЕВ,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходими.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг