Ислоҳотлар штаби: Энди Наманганда ҳар бир дастур назоратда

18:29 30 Июль 2025 Жамият
182 0

Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари дастурига кўра, бу йил 4,2 млрд. сўмлик сармояни жалб этиш, экспорт ҳажмини 1 млн. долларга етказиш, 323 минг янги иш ўринлари яратиш орқали 55 минг оилани камбағалликдан чиқариш юзасидан катта марралар белгиланган.

Бир қарашда айни рақамлар ортида жиддий амалий ҳаракатлар зарурати турганини илғаб олиш қийин эмас. Амалда эса ҳар бир йўналиш замирида реал лойиҳалар бор. Бу лойиҳалар ижроси вилоятда яқинда фаолият бошлаган ислоҳотлар штабининг қатъий назоратига олинган. Ўз сўзини айта оладиган тажрибали мутахассис, илғор тадбиркор ва хорижий инспекторлардан иборат бу тузилма маҳаллалар кесимида тайёрланган дастурларни синчиклаб ўрганиб, таҳлилдан ўтказади, сўнгра ижрога йўналтирилади.

Айтиш керакки, вилоятда кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаси иқтисодиётнинг муҳим таянчига айланиб бормоқда. Ҳозирги кунга келиб ҳудудда меҳнатга яроқли аҳолининг 82 фоизи айни йўналишда банд бўлиб, ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 76 фоизи улар томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Ҳудудлардаги қўшимча куч ва манбаларни ҳаракатга келтириш ҳисобига ушбу кўрсаткичлар янада ўсиб бораётир.

Йилнинг тўрт фаслида ҳам сувга сероб бўлган Норин туманида хуштаъм ва харидоргирлиги жиҳатидан ички ва ташқи бозорда талаб юқори бўлган форель балиғини етиштириш учун қулай шарт-шароит мавжуд. Ҳудуддаги ер ости сувлари маҳаллий тилда “хонбалиқ” деб аталадиган ушбу жониворлар парваришига тўла мос — қишда музламайди, ёзда исиб кетмайди. Шундан келиб чиқиб, уни аҳоли томорқаларида боқиш ҳам йўлга қўйилди. Туман бўйича 84 та тик қудуқлар ковланиб, давлат-хусусий шериклик тамойилида хонадонларга бериш бўйича тайёрланган лойиҳанинг дастлабкиси Хўжақўрғонча маҳалласида амал оширилмоқда.

— Ишни уйим томига 5 кВтли қуёш панели ўрнатишдан бошладик, — дейди хонадонда балиқ етиштирувчи Нурилло Маҳмудов. — Кейин тик қудуққа мотор ўрнатиб, “бочка” усулида ҳовуз қурдик. Форель балиғи боқишнинг афзалликлари ва фойдаси ҳақида яхшилаб ўрганганимиз қўл келди. Ҳовузга 1 минг донадан кўпроқ чавоқ ташлагандик. Уч ойда бир тонна балиқ етиштириш ҳисобига 31 млн. сўмдан зиёд соф фойда олиш мумкин экан. Балиқнинг бу тури жуда покиза бўлади. Агар тозаликка аҳамият қаратсангиз яхши ўсади. У 2 маҳал озиқлантирилади. Озуқани мутахассислар орқали Эрон, Туркия, Польшадан импорт қилиб оляпмиз. Ҳозир балиқларнинг тирик вазни бир килограммдан ошди. Август ойида сотувга чиқарамиз.

Хўжақўрғончада элликка яқин хонадон ҳовлисида тик қудуқли ҳовузларда форель парваришлаяпти. Кўпчилик оилавий бизнеснинг бу турида иш бошлаб тўғри қилганига амин бўлмоқда. Хуллас, азалдан балиқчилик бўйича анча-мунча кўникмага эга Норинда ушбу усул билан иш олиб борилаётгани вилоятнинг бошқа туманларига ҳам ибрат бўлмоқда. Бу ерда биринчи мавсумнинг ўзидаёқ 8,5 минг тонна парҳезбоп ва экспортга мўлжалланган гўшт етиштириш орқали аҳоли бандлиги ва хонадонлар даромадини оширишга эришилади.

Ислоҳотлар штаби аъзолари Мингбулоқ тумани аҳлига ўрдакчиликни ривожлантириш борасидаги лойиҳаларни маъқуллаб, тўғри иш қилди. Кўплаб суғориш тармоқларига эга бу ҳудудда одамлар илгаридан ўрдак ва ғоз боқиш билан шуғулланиб келишган. Эндиликда бу юмуш жойларда маданийлаштирилган ҳолда амалга оширилмоқда. Ариқ, закан ва зовурлар тозаланиб, иҳоталанган ҳолда ўрдакхоналарга айлантириляпти. Умуман олганда, туманда 1,7 минг километр зовурлар таъмирланиб, уларнинг 938 километр қисмида 515 тонна балиқ, 505 километр қисмида эса 1,4 минг тонна парранда гўшти ва 1,2 млн. дона тухум етиштириш ҳаракати боряпти.

Ҳозирги кунда 300 та фермер хўжалиги ва 800 нафар фуқаро томонидан 16,4 млрд. сўм маблағ йўналтирилиб, ўрдак ва балиқ боқиш учун инфратузилма тайёрланмоқда. 32 та фермер хўжалиги ва 15 та тадбиркор 50 та ўрдакхона ташкил этиб, 40 минг дона ўрдак парваришлашни бошлаган.

— Ўрдак боқишнинг муҳим бир яхши жиҳати бор, — дейди “Азизбек Жамолиддинович“ фермер хўжалиги раҳбари Азизбек Кенжаев. — Бу жонивор заканлардаги ўт-ўланларни таг-томири билан еб ташлайди. Қолаверса, кўп сузиши эвазига закан хас-хашаклардан тозаланиб, сув йўллари равонлашади. Муҳими, уларни парвариш қилиш учун катта майдон, кўп сонли ишчи кучлари талаб этилмайди.

Бу сингари истиқболли лойиҳалар вилоят иқтисодиётининг бошқа йўналишлари, масалан, текстиль ва тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, қурилиш ашёлари ва бошқа истеъмол моллари ишлаб чиқариш корхоналари, хизмат соҳаларида ҳам рўёбга чиқарилмоқда. Жорий йилнинг 7 июль куни давлатимиз раҳбарига Наманган вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудлардаги ишларнинг бориши ва лойиҳалар ижроси юзасидан берилган ҳисоботда булар ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди.

Айни пайтда ислоҳотлар штаби аъзоларининг саъй-ҳаракати билан яна 1 млн. доллар қийматидаги янги лойиҳалар ҳам тақдим этилдики, унинг ижроси билан қўшимча равишда яна 12 минг иш ўрни очилади, бюджет 200 млн. сўмга бойийди. Бундан ташқари, 160 млн. долларлик маҳсулотни хорижга экспорт қилиш учун янги имкониятлар эшиги очилади.

Бу ҳазилакам кўрсаткич эмас!

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?