Ишсизликдан бошланган юмуш катта бизнесга айланди
Фото: Халқ сўзи
Андижон вилояти Асака тумани Кужган маҳалласида яшовчи Валижон Абдуллаев қулупнай савдосидан ҳар уч кунда 100 доллар даромад топади.
— Асли касбим корейс тили бўйича таржимонлик, — дейди Валижон Абдуллаев. — Қарийб 20 йил давомида шу касб билан шуғулландим. Бир муддат Жанубий Кореяда ишлаб келдим. У ерда қулупнай бизнеси жуда ривожланган. Бу эса эътиборимни тортди. Қизиқишим туфайли оз-моз тажриба орттирдим. Пандемия сабаб Асакага қайтиб келгач, бир муддат бекор қолдим. Шунда ҳовлида 5 сотих майдонда иссиқхона ташкил қилиб, Корея услубида қулупнай парваришлашга киришдим. Натижа ёмон эмас! Ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида пишган бўлса, шундан буён ҳар уч кунда ҳосил йиғяпман. Бир теримда 10 килогача қулупнай теришимни ҳисобга олсак, демак, камида 100 доллар пул ишлаб топяпман. Уйимда шунча даромад топиш имконим пайдо бўлгач, Кореяга бориб ишлашимга ҳам ҳожат қолмади!
Валижон шу билангина кифояланиб қолмай, қулупнай кўчатидан ҳам даромад олишни йўлга қўйган. Ўтган йили 15 минг туп кўчатнинг ҳар бирини 3-4 минг сўмдан сотишга эришди. Қолганини эса мана шу иссиқхонада парваришлаб, ҳосилга тайёрлади.
— Меҳнати қийин эмас, — дея давом этади у. — Кўчатни ҳар йили янгидан экмайсиз, ўзидан кўпаяверади. Мен иссиқхонада плёнкани икки қават қилиб, термос услубини қўллаганим учун табиий ҳарорат сақланади. Ҳозирча ички бозорни сархил ва мазали ҳосил билан таъминлаяпман. Тез орада экспорт фаолияти билан шуғулланиш ниятидаман.
Пандемия шароитида ишсизликдан бошланган юмуш бугунги кунда катта бизнесга айланди. Айтгандай, даромад топишнинг бу йўлини ўрганмоқчи бўлганлар учун Валижоннинг эшиги ҳамиша очиқ.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Қайнука учун жигарини берган янга
- Тошкент вилоятидаги ҳайвонот боғида назоратсиз қолган шерлар қоровулни ўлдирди
- Қиш суратлари: оддий ҳаётнинг ноодатий гўзаллиги
- Ўзбекистонда қиймати 14 миллион евродан ошадиган лойиҳа иш бошлайди
- Эндиликда онлайн қимор ўйинларини ўйнаш учун лицензия берилади
- Шунчаки ёзмоққа бормайди қўли...
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг