Ишсизлик ва камбағаллик даражасини пасайтириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди

09:55 23 Декабрь 2024 Сиёсат
291 0

Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 20 декабрь куни қабул қилинган «Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ҳамда бу борада маҳаллий ҳокимликларнинг роли ва масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, маҳаллий ҳокимият органларининг роли сезиларли равишда кучайтирилади. Ушбу фармон маҳаллий ҳокимликларнинг ҳисобдорлиги ва ташаббускорлигини оширишга қаратилган тизимни жорий этишга қаратилган.

Шу тариқа, 2025 йилда иқтисодий ўсиш, ишсизлик ва камбағаллик даражасини пасайтириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бир қатор молиявий ваколатлар берилди. Жумладан, айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулкига солиқ ва ер солиғи каби тушумларнинг сезиларли қисмини маҳаллий бюджетларга ўтказиш йўлга қўйилади.

2025 йилдан бошлаб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига ЯТТлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг минимал ва максимал ставкаларини белгилаш ваколати берилди. Шунингдек, кўчмас мулк ижара қийматининг оширувчи коэффициентлари зоналар бўйича ўрнатилиши кўзда тутилган. Халқ депутатлари кенгашларига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун ва ер қаъридан фойдаланиш учун солиқ ставкаларини ўзгартириш ваколатлари берилди.

Маҳаллий ҳокимиятларга давлат активларини сотишдан тушган маблағларнинг 90 фоизини туман, шаҳар ва вилоят бюджетларига тақсимлаш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликларга бандлик ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кенг имкониятлар тақдим этилди.

Фармон ҳудудларнинг иқтисодий ривожланиши учун янги имкониятларни очиб беради ва маҳаллий ҳокимликлар масъулиятини ошириш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашга хизмат қилади. Бу ислоҳотлар иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиши кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?