Иқтисодий ва ижтимоий юксалишнинг асосий мезони

08:35 08 Август 2025 Сиёсат
130 0

Ўзбекистонда кутилаётган умр кўриш давомийлигида барқарор ўсиш тенденцияси кузатилмоқда

Бугунги глобаллашув даврида инсон капитали ривожланишининг энг муҳим кўрсаткичларидан бири, шубҳасиз, кутилаётган умр кўриш давомийлигидир. Мазкур кўрсаткич нафақат жамият соғлиғи, балки иқтисодий, ижтимоий ва экологик барқарорлик даражасини ҳам ўзида акс эттиради. Шу боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар томонидан кутилаётган умр кўриш давомийлиги доимий равишда таҳлил қилиб борилади. Бундан эса мамлакатлар салоҳияти ва аҳоли фаровонлигини баҳолашда муҳим мезон сифатида фойдаланилади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг ижобий самаралари асосий иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичлардан ҳисобланган аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми, умумий даромадлар улуши, кутилаётган умр кўриш давомийлиги, турмуш тарзи, саводхонлик кўрсаткичи каби статистик рақамларда ўз аксини топяпти.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “кутилаётган умр давомийлиги” деганда, туғилган (0 ёшдаги) инсонларнинг ўртача умр кўриш йиллари сони тушунилади. Ушбу кўрсаткич асосий демографик индикаторлардан бири бўлиб, ҳар бир ёш гуруҳи бўйича алоҳида ҳисобланади. Шуниси муҳимки, кутилаётган умр давомийлигини ҳисоблашда қайд этилган ўлим кўрсаткичлари келгуси йилларда ҳам ўзгармасдан шундай сақланиб қолиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатимизда доимий аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 75,1 ёшни ташкил этади. Қувонарлиси, бу борада сўнгги йилларда барқарор ўсиш суръати кузатилмоқда. Ушбу кўрсаткич 2023 йилда 74,7 ёш, 2022 йилда — 74,3, коронавирус пандемияси даври, яъни 2020 йилда — 73,4, 2010 йилда — 73, 2000 йилда — 70,8, 1991 йилда эса 66,4 ёш бўлган.

Кўриниб турибдики, Ўзбекистонда умр кўриш давомийлиги барқарор ўсиш тенденциясига эга. Мазкур кўрсаткич жинслар бўйича таҳлил қилинганда, 2024 йилда эркаклар учун ўртача умр кўриш давомийлиги 72,9 ёш, аёллар учун эса 77,3 ёшни ташкил этди. Шаҳар жойларда 74,9 ёш, қишлоқ жойларда эса 75,1 ёшга тенг бўлган.

БМТ Аҳолишунослик бўлинмасининг Ижтимоий ва иқтисодий масалалар бўйича департаменти маълумотларига қараганда, дунё миқёсида умр кўриш давомийлиги ўртача 73,5 йил кўрсаткичида турибди. Ўзбекистонда ушбу рақам 75,1 ёш эканлигини инобатга оладиган бўлсак, мамлакатимизда умр кўриш давомийлиги дунё бўйича ўртача 1,6 ёшга юқори эканлиги ойдинлашади. Гарчи юртимизда бу тенденция ўсиб бораётган бўлса-да, ҳали ҳам ривожланган мамлакатлар, масалан, Япония (84,9 йил), Корея Республикаси (84,4 йил) билан қиёсланганда сезиларли фарқ борлиги кўзга ташланади. Бу эса умр кўриш давомийлигига таъсир этувчи омилларни чуқур таҳлил қилиш ва улар асосида тегишли ислоҳотларни давом эттиришни тақозо қилади. Шу мақсадда мамлакатимизда кўп омилли регрессия таҳлили амалга оширилди.

Таъкидлаш керакки, бу саъй-ҳаракатлар иқтисодий, ижтимоий ёки бошқа соҳалардаги жараёнларни ўрганишда муҳим восита ҳисобланади. Бунда боғлиқ ўзгарувчи сифатида умр кўриш давомийлиги, мустақил ўзгарувчилар сифатида эса аҳоли жон бошига умумий даромадлар ҳажми, аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлиги, ҳар 10 минг аҳолига тўғри келадиган шифокорлар сони, атмосферага чиқарилган ифлослантирувчи моддалар, болаларни касалликларга қарши эмлаш, рўйхатга олинган жиноятлар сони, рўйхатга олинган руҳият ва хулқ атвор бузилиши касалликлари сони ўзгарувчилари қабул қилинди. Таҳлил натижалари ҳар бир мустақил ўзгарувчининг боғлиқ ўзгарувчига таъсирини баҳолаш ва умумий моделнинг статистик аҳамиятлилигини аниқлаш имконини берди.

Регрессия таҳлиллари аҳоли жон бошига умумий даромадлар ҳажми умр кўриш давомийлигига ижобий ва статистик жиҳатдан аҳамиятли таъсир қилишини кўрсатди. Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлиги ҳам умр кўриш давомийлигига ижобий ва статистик жиҳатдан аҳамиятли таъсир кўрсатади. У бир бирликка ошганда, умр кўриш давомийлиги ўртача 0,1 бирликка ортади. Ҳар 10 минг аҳолига тўғри келадиган шифокорлар сони статистик жиҳатдан деярли аҳамиятли эмас, деб топилди. Бу эса умр кўриш давомийлигини оширишда нафақат шифокорлар сони, балки соғлиқни сақлаш тизими самарадорлиги муҳимлигини кўрсатади.

Рўйхатга олинган жиноятлар сони умр кўриш давомийлигига салбий таъсир кўрсатса-да, бу таъсир статистик жиҳатдан аҳамиятсиздир. Биринчи марта ташхиси аниқланиб рўйхатга олинган руҳият ва хулқ атвор бузилиши касалликлари сони умр кўриш давомийлигига салбий ва статистик жиҳатдан аҳамиятли таъсир кўрсатади. Яъни руҳият ва хулқ атвор бузилиши касалликлари сони бир бирликка ошганда, умр кўриш давомийлиги ўртача 0,02 бирликка камаяди.

Мустақил ўзгарувчилардан учтаси статистик жиҳатдан аҳамиятли бўлиб чиқди: аҳоли жон бошига умумий даромадлар ҳажми ва аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси умр кўриш давомийлигига ижобий таъсир кўрсатади, ҳисобот даврида биринчи марта ташхиси аниқланиб рўйхатга олинган руҳият ва хулқ атвор бузилиши касалликлари сони эса салбий таъсир кўрсатади. Қолган тўртта ўзгарувчи эса 15 йиллик маълумотлар таҳлилида статистик жиҳатдан сезиларли аҳамиятга эга эмас деб топилди.

Таҳлиллар натижаларига таянган ҳолда, умр кўриш давомийлигига таъсир қилувчи омилларни қуйидаги асосий тоифалар — соғлиқни сақлаш тизими, иқтисодий унсурлар, экологик ҳолат, турмуш тарзи ва демографик омилларга ажратиш мумкин.

Мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши умр кўриш давомийлигига энг муҳим таъсир кўрсатувчи омиллардан биридир. Буни БМТ Аҳолишунослик бўлинмаси расмий сайтида келтирилган умр кўриш давомийлиги бўйича рейтинг маълумотлари ва амалга оширилган статистик таҳлил натижалари ҳам тасдиқламоқда. Ўзбекистонда мустақиллик йилларида иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли даромадларини ошириш, турмуш тарзини яхшилаш ва камбағалликни қисқартириш борасида муҳим ислоҳотлар олиб борилди. Ушбу ислоҳотлар натижаси асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг сўнгги ўн беш йилдаги ўзгариши динамикасида яққол намоён бўлади. Жумладан, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 2010 йилда 2 763,7 минг сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб, ушбу кўрсаткич 14 баробарга кўпайди ва 39 131,4 минг сўмга етди, аҳоли жон бошига умумий даромадлар ҳажми эса 2010 йилдаги 2 192,8 минг сўмга нисбатан қарийб 11 карра ошиб, 2024 йилда 24 111,9 минг сўмни ташкил этди. Камбағаллик даражаси 2021 йилда 17 фоиз бўлган бўлса, 2024 йилда 8,9 фоизгача камайди.

Соғлиқни сақлаш тизими умр кўриш давомийлигига бевосита таъсир кўрсатувчи омиллардан биридир. Шу маънода, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар натижаси биргина оналар ўлими даражаси сўнгги йилларда сезиларли камайгани мисолида ўз исботини топяпти. Эътибор қилинг, 1990 йилда 100 минг туғуруққа 34,1 она ўлими қайд этилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 14,8 га тушди. Чақалоқлар (1 ёшгача болалар) ўлими даражаси ҳам пасайди: 2000 йилда ҳар 1000 нафар туғилган чақалоққа 18,9 та ўлим тўғри келган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 9,0 тага камайди.

Таҳлилларга қараганда, Ўзбекистонда ўлимнинг асосий сабаби юрак-қон томир касалликлари бўлиб, 2024 йилда умумий ўлимларнинг 61,9 фоизини ташкил этди. Бошқача айтганда, ҳар 100 000 аҳолига нисбатан юрак-қон томир касалликлари туфайли қайд этилган ўлимлар сони 2024 йилда 290,4 га етди. Ушбу ҳолат, 2020 йилдаги пандемиядан кейин кескин ошган бўлиб, бугунги кунда пасайиш тенденцияси кетаётгани кишига таскин беради. Шунингдек, нафас йўллари касалликларидан вафот этганлар 4,7 фоизни, ўсма касалликларидан 8,9 фоизни ва ҳазм қилиш органлари касалликлари сабаб ҳаётдан кўз юмганлар 4,4 фоизни ташкил қилди.

2025 йил 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистон нуфусининг ўртача ёши 29,3 кўрсаткичда бўлди. Аҳолининг 11,9 фоизи меҳнат ёшидан юқори бўлиб, бу гуруҳда сурункали касалликлар кўпроқ учрайди.

Жисмоний фаолликнинг пастлиги Ўзбекистонда кенг тарқалган муаммо бўлиб, аҳолининг фақат 32 фоизи мунтазам жисмоний машқлар билан шуғулланади холос. Ваҳоланки, умр кўриш давомийлиги бўйича дунёда етакчи Япония (84,9 ёш), Жанубий Корея (84,4) ва Швейцария (84,1 ёш) сингари мамлакатларда соғлиқни сақлаш тизимининг юқори сифати, тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 100 фоизга етгани, энг асосийси, соғлом турмуш тарзи кенг намоён бўлиши муҳим омил сифатида келтирилади.

Жаҳон банки маълумотларига кўра соғлиқни сақлаш соҳасига молиявий ресурсларнинг нисбатан кўп йўналтирилиши умр кўриш давомийлигини оширади. Мисол учун, Ўзбекистонда соғлиқни сақлашга қилинган харажатларнинг ЯИМдаги улуши 7,4 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич Туркияда — 3,7, Озарбайжонда — 4, Қирғизистонда — 4,9, Хитойда — 5,4, Беларусда — 6,7, Россияда — 6,9, Грузияда — 7,3, Норвегияда — 8, Италияда — 9, Бразилияда — 9,1, Корея Республикасида — 9,4, Канадада — 11,2 ва Японияда — 11,4 фоизга тенг. Бу кўрсаткич дунё бўйича ўртача 9,9 фоизни ташкил этади.

Жаҳон мамлакатлари билан таққосланганда, Ўзбекистон умр кўриш давомийлиги бўйича МДҲ орасида ўртача натижаларга эга бўлса-да, Япония, Корея Республикаси ва Швейцария каби ривожланган давлатлардан ҳали орқада. Шу боис демографик барқарорлик, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тиббий хизматлардан кенг фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарур. Зеро, умр кўриш давомийлиги нафақат соғлиқ, балки мамлакат иқтисодий ва ижтимоий тараққиётининг асосий мезонларидан бири ҳисобланади.

Умуман олганда, Ўзбекистонда кутилаётган умр кўриш давомийлиги сўнгги йилларда барқарор ўсиш тенденциясини намоён этмоқда. Бу аҳоли саломатлиги, соғлиқни сақлаш тизими ислоҳотлари, иқтисодий ўсиш ва ижтимоий турмуш шароитларининг яхшиланиши билан бевосита боғлиқдир.

Беҳзод ҲАМРОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Миллий статистика қўмитаси раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?