Иқтисодий судлар тизими оптималлаштирилади

13:30 02 Сентябр 2025 Жамият
64 0

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этишда дадил қадамлар ташланиб, бу йўналишда бир қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Улар орқали судларнинг халқчилиги ва очиқлиги, инсон ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш каби тамойиллар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Судлар фаолиятини автоматлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш доирасида ишларни судьялар ўртасида автоматик тақсимлаш, суд мажлисларини видеоконференсалоқа режимида ўтказиш, суд қарорларини интернетда эълон қилиш, ижро ҳужжатларини мажбурий ижрога электрон шаклда юбориш амалиёти йўлга қўйилди. Шунингдек, ягона электрон тўлов тизими ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлар учун интерактив хизматлар портали ишга туширилди.

Мазкур ислоҳотлар натижасида судларда иш юритиш жараёни такомиллашиб, ҳужжатлар алмашинуви тизими соддалаштирилди, ижро ҳужжатларини чоп этиш ва юборишдаги харажатлар камайди, суд ҳужжатларининг тезкорлик билан ижро органларига етиб бориши таъминланди.

2024 йил 21 август куни Президентнинг «Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–140-сон Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, судлар фаолиятига «Рақамли суд» концепцияси босқичма-босқич жорий этилади. Хусусан:

— судга ариза топширишдан олдин сунъий интеллект ёрдамида ишнинг тахминий натижаси ва харажатлари ҳисоблаб берилади;

— судга мурожаатлар электрон шаклда юборилади;

— тарафлар суд биносига бормасдан, масофадан туриб иштирок этади;

— иш материаллари билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади;

— суд харажатлари электрон ҳисобланиб, тўлов амалга оширилади;

— суд жараёнлари тўлиқ электрон шаклда юритилади;

— сунъий интеллект ёрдамида суд мажлислари баённомалари реал вақт режимида матнга айлантирилади, суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантирилади.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати иқтисодий судлар тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар киритилиши белгиланганидир.

Айни пайтда иқтисодий судлар туман (шаҳар), туманлараро судлар сифатида фаолият юритиб келмоқда. 2026 йил 1 январдан эса иқтисодий судларни мақбуллаштириш орқали туманлараро, туман ва шаҳар иқтисодий судлари тугатилади. Уларнинг ўрнига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар фаолияти йўлга қўйилади.

Бунинг асосий мақсади – ягона суд амалиётига эришиш орқали одил судлов сифатини оширишдир.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур ислоҳотлар одил судловнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, фуқаролар ҳамда судьялар учун қулай шароитлар яратиш ва энг муҳими – аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Сарвар Солиев,

Зангиота туманлараро иқтисодий судининг раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?