“Ипак йўли дурдонаси” — дўстлик ва ҳамжиҳатликка очилган эшик

16:33 06 Октябр 2021 Маданият
1113 0

Фото: tiffest.uz

Пойтахтимизда 28 сентябрь — 3 октябрь кунлари “Ипак йўли дурдонаси” XIII Тошкент халқаро кинофестивали бўлиб ўтди.

Фестивалга хорижий мамлакатлардан 400 нафарга яқин таниқли киноижодкорлар ташриф буюрди. Тошкент халқаро кинофестивалининг ёпилиш маросимида фестиваль иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллади. Мурожаатномада иштирокчилар мамлакатимиз раҳбарига ушбу афсонавий кинофестивалнинг қайта тиклангани муносабати билан миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Тошкент халқаро кинофестивалининг йирик халқаро ижодий лойиҳа сифатида қайтадан тикланиши миллий санъатимизни янада ривожлантириш, уни бир неча поғона юксакларга олиб чиқиш, бир пайтлар жаҳонда шуҳрат қозонган ўзбек кино санъатининг қаддини қайта ростлаш учун муҳим амалий қадам эканини қайта-қайта таъкидлади.

Франко НЕРО, актёр ва продюсер (Италия):

— Ўзбекистон ҳақида тасаввурларим деярли йўқ эди. Бироқ шу бир-икки кун ичида анча нарсани билиб олдим. Ўзбекистон жуда меҳмондўст юрт экан. Ҳар бир одамнинг юзида табассум зоҳир. Улар билан суҳбатлашиб, ташвишингиз бир зумда унутилади-қолади.

Болалигимдан кино соҳасига ихлос қўйганман. Мусиқани ҳам жон-дилимдан яхши кўрар, ҳамиша буюк ва таниқли актёрлар, хонандаларга ҳавас қилардим. Яшаётган жойимдан Римга кўчиб ўтгач, бу соҳа билан шуғулланишга жиддий киришганман. Кино соҳасидаги илк касбимни фотографликдан бошлагандим. Ўша пайтларда ҳаётимда туб бурилиш ясаган воқеа кинорежиссёр Жон Хюстон билан танишганим бўлганди. У менга биринчилардан бўлиб суратга олаётган фильмида рол таклиф қилган. Ундан кўплаб касбий маҳорат сирларини ўрганганман. У менга Шекспирни ўқишим кераклигини, ўйнаган ролларим роль деб эмас, бир инсон ҳаёти, қисмати билан боғлиқ эканини уқтирарди. Машаққатлар, заҳматлар оловида пишиб етилдим. Актёрлик касбини танлаганимдан ҳеч қачон афсусланмаганман, афсусланмайман ҳам. Ўйлайманки, ўз ижроларим билан одамларга нимадир бера олдим.

Бу фестиваль менга ёшлик кучини қайтариб берди, десам, муболаға эмас. Юртингизда, гарчи тилни тушунмасам-да, хушчақчақ одамлар орасида ўзимни йигирма яшар йигитдай сезяпман. Агар фестиваль ҳар йили ўтказилса, албатта, ҳар йили ўз ихтиёрим билан келган бўлардим.

Нури Билга ЖАЙЛОН, режиссёр ва продюсер (Туркия):

— Кино инсонларни ўйлантириши, қайғуга солиши, бахтли қилиши, кулдириши, йиғлатиши, унга ниманидир тушунтириб қўйиши мумкин. Мен, албатта, ҳақиқий санъат ҳақида гапиряпман.

Ҳозирги дунё кино мухлислари учун таъсир доираси кенг фильмлар яратиш керак, назаримда. Кино — инсонларга наф келтирса, уларни маънан бойитса, ўз вазифасини бажарган ҳисобланади.

Ўзбекистонга илк маротаба келишим. Таассуротларим бир олам. Матбуот анжуманларида қатнашган пайтимда ўзбек кино мухлисларининг саволларидан мен суратга олган фильмларни кўрган, билган одамлар кўп эканидан бошим осмонга етди.

Фестиваль дўстлик ришталарини мустаҳкамламоқда. Бу ерда эканимдан, қардошларимиз билан дийдорлашганимдан, айниқса, меҳмондўстликдан, айрича эътибордан жуда мамнунман. Мен кўплаб ўзбек алломалари, мутафаккирлари ҳақида ўқиган, ўрганганман. Жумладан, Алишер Навоий, Беруний, Ибн Сино, Жалолиддин Мангуберди каби тарихий шахсларга ҳурматим баланд. Ўзбекистонда фильм суратга олиш ниятидаман, қачондир шундай имконият туғилгудай бўлса, бу асар, албатта, юқорида санаб ўтилган шахслар ҳақида бўлади.

Филипп КИРКОРОВ, хонанда (Россия):

— Ўзбекистонга кўп бор ташриф буюрганман. Болаликдаги энг севимли фильмларим айнан ўзбек фильмлари бўлган. Ўзига хос миллийлик уфуриб турадиган бу картиналар ҳали ҳамон ўн дақиқа аввал кўрилгандек хотирамда турибди. Бир қатор тарихий кинолар, сериалларни ҳам яхши кўриб томоша қилганман. Шундан сўнг, Самарқанд, Хива, Бухоро каби нафақат ўз даврининг, балки ҳар замоннинг буюк шаҳарларини кўришга ошиққанман. Ҳар сафар Ўзбекистонга келганимда, шулардан биттасини бўлса-да зиёрат қилиб кетаман.

Кинога алоқам бўлмаса ҳам кинематография соҳасини жуда яхши кўраман, продюсерлар, режиссёрлар, актёрлар, умуман олганда, барча кино ижодкор аҳлига ҳурматим чексиз. Тошкент халқаро кинофестивалида иштирок этиш мен учун ўзгача ҳодиса бўлди. Ўйлашимча, фестиваль бежиз “Ипак йўли дурдонаси” дея номланмаган. Буюк Ипак йўли ҳақида кўп эшитганман, кўп ўқиганман. Бу йўл орқали ўз замонасида мамлакатлар бир-бири билан дўстона алоқа ўрнатган, албатта, бу дўстлик ҳар соҳада бўлгани шубҳасиз. Бугун ҳам у ўз номига содиқ қолиб, ўзбекистонлик дўстларим қаторини янада кенгайтирди. Бир менинг эмас, хорижлик ҳар бир ижодкорнинг “дўстлик рўйхати” узайди.

Жерар ДЕПАРДЪЕ, актёр (Франция):

— Ўзбекистонга тез-тез таклиф қилишади, бирор марта рад қилмаганман. Бу сафар эса Тошкент халқаро кинофестивалига фахрий меҳмон сифатида таклиф қилиндим. Оила аъзоларим ҳам юртингизга келишга ошиқяпти. Насиб қилса, улар ҳам бирор кун меҳмонингиз бўлади. Уларга ҳар сафар қайтганимда мамлакатингиз ҳақида гапирсам, дарров қанот чиқаришади. Ўзбекистон — бир марта келган одамни иккинчи, учинчи, ўнинчи марта ўзига тортадиган юрт.

Режиссёр қадрдоним Арно Фриел “Менинг ўзбекча тушим” номли картинасида роль ижро қилиш учун даъват этди. Рози бўлдим. Бу роль орқали Ўзбекистонга, унда кечаётган янгиланиш жараёнлари, анъана ва қадриятлар, ўзбек маданиятига хорижликлар қандай нигоҳ билан қарашини гавдалантирганман.

Фильм жараёнида Ўзбекистоннинг турли минтақалари, вилоят ва шаҳарларида бўлдим. Бебаҳо меъморий обидалар, бозорлар, кўҳна шаҳристонларни кездим. Бу юртнинг ҳар бир ҳудудидан унинг ўзигагина хос бўлган маданияти билан танишганим ҳам қувонарли ҳол бўлди.

Фестиваллар, тадбирлар ўз йўлига, ўзбекона лутфни, бир пиёла чой устида суҳбатларни соғингандик. Ниҳоят мана шу фестиваль бу имкониятни бизга тақдим этди. Тадбир ташкилотчиларига миннатдорлик изҳор этаман.

Раҳматжон БОБОЖОНОВ “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?