Инвестициялар соҳасини жадал ривожлантиришга оид қонун муҳокама қилинди

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
2025 йил 8 январь куни Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлисида “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Мажлисда сенаторлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари аъзолари, мутахассис ва экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда қулай инвестициялар муҳитини яратиш, тўғридан-тўғри инвестицияларни фаол жалб қилиш, шунингдек соҳада фаолият юритаётган маҳаллий ва хорижий инвестор ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, инвестиция фаолиятини асоссиз текширувлардан ҳимоялашни кафолатлаш, инвесторларнинг кафолатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, амалдаги инвестиция қонунчилигидаги илғор халқаро стандартлар, жумладан Жаҳон савдо ташкилотининг қоидаларига мослаштириш зарурати бугунги куннинг талаби бўлмоқда.
Мазкур Қонун билан инвестициялар ва инвестиция фаолиятига оид асосий тушунчалар, ушбу фаолиятнинг асосий принциплари ва мақсадлари белгиланмоқда, инвестиция фаолиятининг кафолатлари ва унинг ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояси тартибга солинмоқда.
Хусусан, адолатли ва тенг ҳуқуқли муносабатда бўлиш, инвестиция фаолиятини асоссиз текширувлардан ҳимоя қилиш, инвестициялаш эркинлиги, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, бизнесни бошқариш эркинлиги ҳамда маблағларни эркин тасарруф этишга доир кафолатлар белгиланмоқда.
Шунингдек, “устувор инвестиция лойиҳаси” тушунчаси киритилиб, инвестиция ҳажмига кўра кичик, ўрта, йирик, стратегик инвестиция лойиҳаларига Қонунга мувофиқ имтиёзлар бериш кўзда тутилмоқда.
Инвестицияларни рағбатлантириш чоралари ва имтиёзлар доираси кенгайтирилмоқда. Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонада устав фондининг камида 15 фоизи чет эл инвестицияларини ташкил этиши лозимлиги тўғрисидаги амалдаги норма 10 фоизга туширилмоқда.
Шунингдек, қўмита мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартномани (Душанбе, 2024 йил 18 апрель) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонуни ҳам муҳокама қилинди.
Мазкур Шартнома Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 18 апрелда Тожикистон Республикасига давлат ташрифи доирасида Душанбе шаҳрида имзоланган. Шартнома икки давлат ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янги – иттифоқчилик даражасига олиб чиқишга қаратилган.
Ушбу ҳужжат халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилган ҳолда минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этиш, давлат чегараларини демаркация қилиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш, сув-энергетика соҳасида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш, парламентлар ўртасида парламент дипломатиясини ривожлантириш ва ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш каби йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришни назарда тутади.
Шунингдек, иқтисодий, инвестициявий, фан-техника, маданият, таълим, спорт ва туризм соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш, терроризм, экстремизм ва трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Мажлис якунида Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг