Инсониятга ойна тутувчи спектакль
Фото: Акрам Хамрақулов, «Халқ сўзи»
«Дийдор» ёшлар экспериментал театр-студиясида швейцариялик драматург Макс Фриш пьесаси асосида саҳналаштирилган «Бидерман ва ўт қўювчилар» спектаклининг премьераси бўлиб ўтди. Пьесанинг асосий ғояси жамиятдаги шахсларнинг юзига ойна тутиш, уларни огоҳликка чақиришга қаратилган. Спектакль бадиий раҳбари – Бобур Йўлдошев, адабий маслаҳатчи – Нигора Умарова, рассом – Доно Ғаниева, либослар бўйича рассом – Севара Зуннунова, режиссёр ёрдамчиси – Саломат Зарифбоев, чироқлар бўйича рассом – Ҳусанбой Мамашарипов.
Макс Фриш ижодида ўзини ўзи «фош этиш» – автобиографик тамойил устунлик қилади. Кўпинча жанр талабларидан йироқ, тайин ечимга ҳам эга эмасдек кўринган бу асарлар, аслида мазмун-моҳиятнинг салмоғи, психологик ёндашувнинг теранлиги билан томошабинни ўзига жалб этади.
Асар бутун жамиятни қўрқувга солаётган ўт қўювчилар шаҳар марказида яшайдиган худбин домланинг уйига уни мақтай-мақтай жойлашиб олишидан бошланади. Домла ўзини ҳамма нарсани биламан, деб ўйлаган чоғда ўт қўювчилар унинг уйидан туриб бутун шаҳарни ёқишга тайёрланишади. Қизиғи спектакль бошидан сўнггигача домла уларнинг ўт қўювчилар эканлигини тушуниб турса-да, бепарво тарзда муомалада бўлади.
— Спектакль мавзуси ўта долзарб, — дейди бош роль ижрочиси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Абдуллаев. — Халқимизда бир гап бор, «тушунган тушунади» деган. Спектакль огоҳлик ҳақида. Ҳаммани ҳам уйингизга киргизаверманг, беписанд бўлманг, бефарқ бўлманг демоқчи асарда. Менинг қаҳрамонимга келадиган бўлсак, қаҳрамоним жуда устамонман, ўт қўювчиларни ҳам ўзгартираман, деб ўйлайди. Уларнинг мақтовига учиб, ўт қўйувчиларни уйига қандай қўйганини билмай қолади. Қаҳрамон шунчалик худбинки, ўла-ўлгунича улар унинг уйини портлатмаслигига ишонади. Агар ўз юртини ўйлайдиган одам бўлганида, бир оғиз бошқаларга айтарди. У эса менинг уйим портламаса бўлди, ахир уларни меҳмон қиляпман, уйимдан жой беряпман, деб ўз фикрида қолаверади. Аслида менинг қаҳрамоним каби худбин одамлар орамизда бисёр. Фақат кўпчилиги буни тан олгиси келмайди.
Домла бағритош ва қўпол. У яқин дўстларидан бирини ўз жонига қасд қилишигача олиб келган. Уни кўп йиллик бенуқсон хизматидан сўнг ишдан бўшатган, лекин ўзини хушмуомала, одамларни ўзига жалб қила оладиган шахс деб билади. Уни йўлдан оздирган нарса ҳам аслида шу эди.
— Бу спектакль илк маротаба етмиш йил олдин қўйилган бўлса ҳам мавзу долзарб ва ўзининг аҳамиятини йўқотмаган, — дейди таниқли санъатшунос Нигора Умарова. — Биз «Дийдор» студиясининг ижодий жамоаси ҳар доим халқаро алоқаларни йўлга қўйганмиз. Бу спектаклни саҳналаштириш учун тожикистонлик режиссёр Барзу Абдураззоқовни таклиф этдик. Пьеса ўз навбатида инсонларни огоҳликка даъват қилувчи, ҳаммага ҳам ишонавермасликка чақирувчи асар ҳисобланади. Инсон қанчалик огоҳ бўлса, ўзининг атрофидагиларга ҳам шунчалик фойда бўлади.
Спектаклда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Абдуллаев, Юлдуз Ражабова, Хуршида Арабшоева, Жўрабек Арзиев, Ирода Қосимова, Анвар Ҳамроқулов, Зафарбек Қутлимуродовлар роль ижро этган.
Акрам Хамрақулов, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг