Инсон аъзолари олди-сотдиси билан шуғулланган талабага ҳукм ўқилди

18:26 09 Октябр 2024 Жамият
373 0

Иллюстратив фото

Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси Б.А. инсон аъзолари олди-сотдисида айбланиб, жиноий жазога тортилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи»га Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби Зокир Қўзибоевнинг маълум қилди.

Билдирилишича, 2003 йилда туғилган Б.А. ижтимоий тармоқларга инсон аъзоларини сотиб олиши ҳақида эълон жойлаштирган. У мазкур эълонларида буйракни 38 минг, жигарни 43 минг ҳамда суяк илигини 23 минг долларга олишини билдирган.

Ушбу эълондан сўнг фуқаро Ж.Р. у билан мулоқотга киришган. Б.А. унга битта буйрагини 38 минг долларга сотиб олишини айтган.

«Шерикларим Германияда. Буйракни кўчириб ўтказиш ўша ерда амалга оширилади. Бунинг учун Германияга боришингиз керак. Сафар учун олдиндан 350 доллар беришингиз керак», деган талаба фуқарога.

Б.А. жорий йилнинг 26 апрель куни Шайхонтоҳур тумани ҳудудида Ж.Р.дан келишилган пулни олган вақтида ҳуқуқни муҳоқаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушланган.

Суд ҳукми билан Б.А. Жиноят кодексининг 25- (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 133-1-моддаси 1-қисмида (инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси) назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?