«Илҳақ» фильми Беларусдаги халқаро кинофестивалда 2 та энг йирик мукофотни қўлга киритди

07:34 27 Ноябрь 2021 Маданият
1786 0

«Листапад» халқаро Минск кинофестивалида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг «Илҳақ» фильми кинофестивалнинг иккита соврини билан, Муҳаммадали Искандаровнинг «Мен террорчи эмасман» фильми эса кинофестиваль ҳайъат аъзоларининг махсус мукофоти билан тақдирланди.

«Илҳақ» фильми кинофестивалнинг «Гран-при» ҳамда Беларус Республикаси Президентининг «Кинода маънавият ва инсонпарварлик ғоялари учун» махсус мукофоти билан тақдирланди.

«Сўнгги йиллар ўзбек фильмлари юксак мукофотларни олаётгани таҳсинга лойиқ. Буларнинг барчаси муҳтарам президентимизнинг кинога эътиборидан далолат. «Илҳақ» фильмининг ғояси ҳам юртбошимизга тегишли» дейди Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов

Шунингдек, «Листапад» халқаро кинофестивалида Муҳаммадали Искандаровнинг «Осиё арслони» («Азиатский лев») ҳамда Акбар Бектурдиевнинг «Узбечка» («Ўзбек қизи») янги кинолойиҳалари Кинематография агентлиги ҳамда «Беларусфильм» миллий киностудияси билан ҳамкорликда суратга олиш бўйича келишувлар олиб борилди. Фильмларнинг бир қисми Беларус ҳудудида суратга олиниши кўзда тутилган.

Ўзбек фильмлари сўнгги ойда қўлга киритган 6 халқаро даражадаги мукофотни қўлга киритди. Аввалроқ, 8-12 ноябрь кунлари Туркияда бўлиб ўтган «Коркут Ата» халқаро кинофестивалида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган «Тутқунлик» ҳамда «Халқ жасорати» фильмлари ҳам совринларни қўлга киритган эди. Шунингдек, ёш киноижодкорларнинг қисқа метражли фильмлари ҳам мунтазам равишда турли кинофестивалларда ғолибликни қўлга киритиб келмоқда.

«Листапад» халқаро Минск кинофестивали Кинопродюсерлар ассоциациясининг халқаро федерацияси (FIAPF) рўйхатидан ўтган бўлиб, унда Болтиқбўйи мамлакатлари, Марказий Осиё ва Шарқий Европа давлатларининг сара фильмлари иштирок этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер