Икки улуғ сиймонинг илмий-маданий мероси
Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.
Кейинги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, шоир туғилган қутлуғ 9 февраль санасини ҳар йили адабиёт ва маърифат байрами сифатида юксак даражада нишонлаш анъанаси қарор топди. Улуғ сўз санъаткорининг асарлари мунтазам нашр этилиб, навоийшунослик соҳасида кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда, республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар ўтказилмоқда.
Шу билан бирга, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга, йирик давлат арбоби ва саркарда ҳамдир.
Икки улуғ сиймо таваллуд кунлари муносабати билан пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 269-сонли мактабда «Икки буюк сиймо» мавзуида маънавий тадбир ташкил қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда улуғ аждодларимизга нисбатан муносабат ҳар қачонгидан ҳам юксак босқичга кўтарилгани, уларнинг маънавий-маърифий меросини ўрганишга бўлган эътибор тубдан кучайди. Хусусан, бугунги кунда буюк сиймоларимиз Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш, уларнинг илмий-маданий меросини асраб-авайлаш ҳамда кенг оммалаштириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришга қаратилган қатор қарорлар қабул қилинди.
Қайд этилганидек, мамлакатимиз Президентимизнинг 2020 йил 19 октябрдаги «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 январдаги «Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, унга кўра, буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби Бобурнинг илмий-ижодий меросини, давлатчилик фаолиятини кенг ўрганиш, халқаро миқёсда илмий изланишлар олиб бориш, унинг номи билан боғлиқ обида ва ёдгорлик мажмуаларини таъмирлаш борасида тизимли ишлар қилинмоқда.
Таъкидланганидек, Навоийнинг асарларида давлатчилик асослари, инсон ҳуқуқи масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, фаровон жамият, адолатли бошқарув ғоялари акс этган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларида салтанатни идора этишда халқ хоҳиш-иродасини инобатга олиш, уларнинг манфаатларини кўзлаб иш тутиш бош ғоя сифатида ўрин олган.
Маънавий тадбирда ўқувчилар томонидан Бобур шахси ва унинг инсонийлик, ватанпарварлик хусусиятлари ҳақида маълумотлар берилиб, унинг буюк салоҳияти, дилбар шахс сифатидаги хусусиятлари очиб берилди. Шу билан бирга, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларидан олинган парчалар саҳналаштирилди. Улар ҳаётидан лавҳалар тайёрланиб, ғазалларидан парчалар ўқилди.
Айтиш жоизки, буюк аждодларимиз нафақат илмий-ижодий балки, миллий давлатчилик ва адолатли жамият барпо этиш борасидаги фаолияти билан ҳам жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган, десак, айни ҳақиқат.
Нодира Машарипова,
Сергели туманидаги 269-умумтаълим мактабининг Она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг