Ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион ҳафталиги бўлиб ўтмоқда

18:30 07 Октябр 2024 Жамият
261 0

Фото: Сирожиддин Воҳидов / “Халқ сўзи”

Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги, Ўзбекистон  Савдо саноат палатаси,  Ўзбекистон  Ихтирочи аёллар маркази ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети томонидан жорий йилнинг 7-12 октябр кунлари Ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион ҳафталиги ўтказилмоқда.

Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида ташкил этилаётган Ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталигида ўз тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлаётган 200 дан ортик хотин-қизлар ўз бизнес ғоялари билан иштирок этадилар.

Ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталигини ўтказишдан асосий мақсад:

•  юртимизнинг иқтидорли хотин-қизлари томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган бизнес ғоя ва лойиҳаларнинг асосий йўналишлари, ҳолати ва даражаларини аниқлаш;

•  мамлакатимиз хотин-қизларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш ва уларнинг ўзига бўлган ишончини орттириш;

•  хотин-қизларнинг  интеллектуал мулк обектларини  ҳуқуқий муҳофаза қилишларига кўмаклашиш;

•  хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятига инновацион ёндашувни жорий қилиш;

•  хотин-қизларнинг ўз бизнес ғоя ва лойиҳаларини амалга оширишларига кўмаклашиш.

•    Ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталиги доирасида қуйидаги тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган:

•  Ихтирочи ва тадбиркор хотин-қизларнинг инновацион лойиҳа, технология ҳамда маҳсулотлари кўргазмаси;

•  Инновацион тадбиркорлик ҳафталиги иштирокчилари учун ихтиро, фойдали модел, саноат намунаси ва товар белгиларини ҳуқуқий муҳофазаси бўйича ўқув машғулотлар ўтказилади;

•  Тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун бизнес семинарлар ташкил қилинади;

•  Тажрибали тадбиркорлар томонидан кўргазмали амалий машғулотлар ҳамда давра суҳбатлари ўтказилади;

•  Лидер тадбиркор аёлларнинг амалга оширган ишлари бўйича тақдимотлари ўтказилади;

•  Ҳафталик якунида иштирокчи хотин-қизлар орттирган тажриба ва кўникмалари асосида тайёрлаган бизнес лойиҳалари бўйича тақдимотлар қилишади;

•  Ҳафталик давомида таълим олган хотин-қизларга сертификат берилади.

Шунингдек, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда республикамизнинг турли корхоналарида самарали ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдаги ижодий масалаларни ҳал қилишда ихтирочи аёлларнинг ижодий потенсиалини кучайтириш, жамият эътиборини республика хотин-қизларининг интеллектуал потенсиалини  ривожлантириш масалаларига қаратиш ишлари амалга оширилади.

Хотин-қизларнинг ўз истеъдодларини намоён қилишларига имконият яратиш мақсадида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда йил давомида малака ошириш курслари, касб-ҳунарга йўналтирилган курслар ва маҳорат дарслари ташкил қилиб борилади.

Хотин-қизлар томонидан яратилган инновацион маҳсулотлар, техника, технологияларни амалиётга жорий қилиш ва ишлаб чиқариш корхоналари очиш  бўйича мақсадли ишларни амалга ошириш режалаштирилган.

Иқтидорли хотин-қизларни  тегишли соҳа  корхоналарининг илмий, техник ва технологик муаммолари бўйича олинган  патентлари асосида инновацион лойиҳаларини тайёрлаб Инновацион ривожланиш агентлиги, агентликлар, Холдинг компаниялари, акциядорлик жамиятлари, саноат корхоналари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган танловларда қатнашишлари бўйича ташкилий ишлар амалга оширилади. Шунингдек, иқтидорли хотин-қизларни ўз лойихалари билан халқаро танловларда қатнашишлари бўйича ҳам мақсадли ишларни амалга ошириш кўзда тутилган.

  Иқтидорли хотин-қизларни  хорижий мамлакатларнинг  олий ўқув юртлари, инновация марказлари ва саноат корхоналарида ўз малакаларини оширишга юбориш ҳамда халқаро анжуманлар, семинарлар, ярмаркалар ва кўргазмаларда иштирок этишлари бўйича  мақсадли ишлар бажарилади.

  Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва ҳамкор ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган ишлар Республикамиз хотин-қизлари томонидан бажарилаётган инновацион лойиҳаларини кенг жамоатчиликка тарғиб этишда ҳамда олима, ихтирочи, тадбиркор ва ишбилармон аёлларнинг янги авлодини тарбиялаб ўстиришга хизмат қилади.

Фото: Сирожиддин Воҳидов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?