II Иқтисодий форуми ва саноат ярмаркаси бошланди

13:06 16 Август 2022 Сиёсат
866 0

Тошкентда ШҲТ Иқтисодий форуми ва Саноат инновацион ярмаркаси очилди. Икки кун давом этадиган Иқтисодий Форум ва инновацион ярмарка мамлакатимиз томонидан сўнгги бир неча йил ичида олиб борилган ва бу йил ШҲТга раислик қилинаётгани муносабати билан фаоллашган кўп қиррали ташқи иқтисодий сиёсатининг мантиқий давомидир. Ушбу форматдаги Форумни Тошкентда ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ШҲТнинг 2020 йилда Москвада бўлиб ўтган саммитида илгари сурилган эди.

Форумнинг асосий вазифалари савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини, шунингдек, ШҲТ маконида иқтисодий ривожланиш ва амалий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш, Форум иштирокчи давлатларининг инвестициявий салоҳиятини намойиш этиш, барқарор ривожланишни таъминлаш ва иқтисодиёт тармоқлари салоҳиятини ошириш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Форумда давлат органлари раҳбарлари, ташқи иқтисодий фаолиятга масъул вазирликлар, шунингдек, ШҲТ давлатларининг халқаро ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда. Унинг дастури Ялпи мажлис ва «ШҲТ доирасида истиқболли инвестициявий лойиҳалар», «Халқаро кооперация хусусиятлари ва савдо-иқтисодий алоқаларни тиклаш», «Рақамлаштириш даврида савдо-иқтисодий ҳамкорлик», «ШҲТ маконида «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш» мавзуларидаги тўртта панель муҳокамалардан иборат. Бундан ташқари, меҳмонлар учун ШҲТ Саноат инновацион ярмаркаси ўтказилаётир. Унинг мақсади ташкилот мамлакатларининг инновацион ғоялари, технологиялари ва лойиҳаларини тижоратлаштириш учун шароит яратишдир.

ШҲТ Иқтисодий форуми нафақат ҳукуматлараро мулоқотни йўлга қўйиш, балки ишбилармон доиралар ва корхоналар вакилларининг ўзаро ҳамкорлиги, шунингдек, ШҲТ маконидаги ҳудудларга инвесторларни жалб қилиш учун самарали майдонга айланиш имконини беради.

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?