Ифторликдаги тартибсиз таомланиш ошқозон учун хавфли — Рамазонда тўғри овқатланишнинг 9 та олтин қоидаси
Муборак Рамазон ойида тўғри овқатланишга алоҳида эътибор бериш лозим. Кун давомида узоқ соатлар давом этадиган очликдан сўнг, турли таомларга бой ифторлик дастурхонида кўпинча тартибсиз овқатланиш кузатилиши мумкин. Оқибатда ошқозон-ичак тизимига ортиқча юк тушади ва организмда ноқулайликлар юзага келади.
Шу сабабли Рамазон ойида тўғри ва мувозанатли овқатланиш қоидаларини билиш ҳамда уларга амал қилиш ниҳоятда муҳимдир. Соғлом рацион нафақат рўзани енгил ўтказишга, балки умумий саломатликни сақлашга ҳам хизмат қилади.
Санитария-эпидемиология қўмитаси Рамазон ойида соғлом овқатланиш ва ошқозон-ичак тизими саломатлигини асраш учун қуйидаги тавсияларга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади:
Таомланишни хурмодан бошланг
Хурмо — бу рўза пайтида кун давомида энергия билан таъминлайдиган углеводларнинг манбаи ҳисобланади. Хурмо меваси толалари овқат ҳазм қилиш трактининг ишлашини тартибга солади. Бундан ташқари, хурмо магний ва калийга бой.
Кўп миқдорда сув ичинг
Кун давомида чанқамаслик учун оғиз очилгандан кейин ва саҳарликдан олдин етарлича сув ичинг. Бир кунда 8 стакан сув ичишга ҳаракат қилинг.
Чанқатадиган овқатлар ва маҳсулотлардан сақланинг
Тузли овқатлар, консервалар, тузланган ёнғоқлар, бодринглар, балиқлардан сақланинг. Бундан ташқари, зираворларга бой овқатлардан сақланинг, чунки улар сизда чанқоқ ҳиссини чақиради. Кўпроқ мева ва сабзавотларни истеъмол қилинг, улар организмнинг сув захираларини янгилайди ва тўлдиради.
Секин, шошмасдан ифторлик қилинг
Узоқ муддатли очликдан сўнг, танага катта миқдордаги озиқ-овқат тушиши – стрессдир. Мўътадил бўлишга ҳаракат қилинг, ифторни хурмо, сув билан бошланг, кейин шўрва, салат ейишингиз мумкин. Бир мунча вақт ўтгач, асосий таомга ўтинг. Ортиқча овқатланиш овқат ҳазм қилишда муаммолар ва ошқозон оғриғига сабаб бўлиши мумкин. Ифторни илиқ шўрва билан бошлаш рўза тутгандан кейин энг яхши овқат бўлиб, организмнинг озуқавий моддаларини тўлдиради ва танани оғирроқ овқатлар учун тайёрлайди.
Таомингизда барча керакли нутриентлар мавжудлигига ишонч ҳосил қилинг
Ифторда оқсиллар, сабзавотлар, ёрмалар, мевалар ва фойдали ёғлар каби овқатлар бўлиши керак.
Соғлом овқатларни танланг
Рационингизда дон, ёрмалар, товуқ гўшти, ёғсиз гўшт, балиқ, зайтун мойи ва мевалар бўлиши керак. Қовурилган, шўр ва ёғли овқатлардан сақланинг. Гўшт, дуккаклилар, тухум ва сут маҳсулотлари оқсилга бой. Ушбу озиқ-овқат маҳсулотларидан камида биттасини ҳар куни истеъмол қилишингиз керак.
Ширинликлардан сақланинг
Ифтордан кейинги ширинликлар қоринда газ тўпланишига сабаб бўлади ва овқат ҳазм қилишни бузади. Бундан ташқари, у қондаги глюкоза миқдорини оширади, бу эса ширинликларга бўлган эҳтиёжни янада оширади. Шунинг учун ифторликдан 2–3 соатдан кейин ширинликларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Ширинликларни фойдалироқ маҳсулотларга: хурмо, қуруқ мевалар, ширин мевалар билан алмаштириш керак.
Қаҳва (кофе) ичишдан тийилинг
Рамазон ойида бош оғриғи ва уйқусизликка йўл қўймаслик учун кофе истеъмол қилишни камайтиришга ҳаракат қилинг.
Рационга эътибор қаратинг
Асосий овқатланишингизни уч қисмга бўлинг. Учдан бир қисми мураккаб углеводлар, учдан бири ёғсиз гўшт ёки балиқ, қолганлари эса сабзавот. Бу соғлом мувозанатли овқатланиш бўлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Ўзбекистоннинг 7 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари AYSESKO рўйхатига киритилди
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- Эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ калория истеъмол қилиши керакми?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг