Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш йўлида қўйилган янги қадам

09:33 18 Апрель 2023 Жамият
624 0

Архив сурат

Сўнгги йилларда ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходими томонидан “Халқ манфаатларига хизмат қилиш”ни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш борасидаги чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2023 йил 20 январдаги “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада қўйилган муҳим қадамлардан бири бўлди.

Мазкур ҳужжат ички ишлар органларини аҳолининг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш, уларнинг фуқаролар, жамоат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик руҳида ишлашини таъминлаш, маҳаллалар, аҳоли турар жойлари ва бутун юртимизда қонун устуворлиги, тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш, бир сўз билан айтганда “Инсон қадри учун” тамойилининг амалий ҳаётда тўлиқ ўз аксини топиш мақсадини кўзлайди.

Қарор билан ушбу мақсадни рўёбга чиқариш механизмлари ҳам назарда тутилган бўлиб, улар ички ишлар органлари ходимларида хизмат вазифаларига ҳалол, виждонан, Ватан ва халқ олдидаги бурчини чин дилдан ҳис этган ҳолда, юксак масъулият билан ёндашиш, жамиятда умумэътироф этилган одоб-ахлоқ нормаларига сўзсиз амал қилиш туйғусини шакллантиришга хизмат қилади. Унга мувофиқ, Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси тасдиқланиб, унинг қоида ва талаблари ҳаётга татбиқ этилди.

Мазкур Кодекснинг қабул қилиниши натижасида:

биринчидан, ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданияти, хулқ-атвори, хизмат интизомини белгиловчи бир қатор, тарқоқ идоравий ҳужжатлар ягона тизимга келтирилди;

иккинчидан, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Давлат раҳбари қарори билан Кодекс сифатида тасдиқланиши ундаги қоида ва талабларга бирдек амал қилинишини таъминлашга ҳамда уларнинг юридик аҳамияти ва даражаси ошишига хизмат қилди;

учинчидан, ички ишлар органлари ходимларининг хизмат ўташдаги масъулияти бир поғонага ўсиши учун шароит яратди.

Қабул қилинган Кодекс ички ишлар органлари тизимида хизмат ўташ тартиби билан боғлиқ бир қатор кўрсатма ва талабларни ўзида ифода этиб, мазкур қоида ва талабларни билиш, уларга қатъий ва сўзсиз амал қилиш ҳар бир ходим учун мажбурий ҳисобланади.

Аҳамиятли жиҳати унда белгиланган қоида ва талабларга амал қилиш ходимнинг хизмат фаолияти самарадорлиги ва хизмат интизомини баҳолашнинг асосий мезони саналади. Шунингдек, Кодексдаги қоида ва талабларга амал қилмаслик ёки уларни қўпол равишда бузиш ходимни ички ишлар органларидан хизматдан бўшатишгача бўлган интизомий жазо чорасини қўллаш учун асос бўлади.

Президентимизнинг юқорида номи келтирилган қарори билан яна бир қатор ўзига хос тартиботлар белгиландики, уларнинг барчаси ички ишлар органларини халққа янада яқинлаштириш, кундалик муаммоларини доимий равишда ҳал этишда салоҳиятли кадрлар тайёрлаш ва захирасини яратишга йўналтирилган.

Жумладан, эндиликда ички ишлар органларида хизматга биринчи марта қабул қилинган ходимларга нисбатан тайинланадиган дастлабки синов муддати бир йил этиб белгиланди (илгари ушбу муддат уч ой эди). Мазкур тартибнинг жорий этилиши тизимга кириб келаётган ёш кадрларнинг касбий салоҳияти ва хизмат ўташ қобилиятларини тўлиқ синовдан ўтказиш, ходимнинг тизимга муносиблигини тўлақонли аниқлашга имкон беради.

Шунингдек, интизомий жазо тариқасида лавозимидан озод этилаётган ходимларни бошқа соҳавий тузилмаларга ўтказиш амалиётига чек қўйиб, ўз йўналиши бўйича қуйи бўлинмаларга йўналтириш тартибининг йўлга қўйилганлиги ходимларнинг ўз хизмат вазифаларига масъулият ва садоқат билан ёндашиш ҳамда фаолият самарадорлигини оширишга ундайди.

Аҳолининг тизимга нисбатан ишончи ва ҳурматини ошириш, тизим фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизимини яратиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларида жамоатчилик асосида доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланган, соҳа олимлари, фахрийлари ва журналистлардан иборат жамоатчилик кенгашлари тузилди.

Мазкур кенгашлар ички ишлар органлари фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, соҳа бўйича ижтимоий фикрни ўрганиш ва тизимли мониторинг олиб бориш, ички ишлар органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида ижтимоий фикр ва жамият манфаатлари ҳисобга олинишини таъминлаш чораларини кўриш, шунингдек коррупцион ҳолатлар бўйича ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарларни батафсил ўрганиш ва натижасини кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги вазифаларни бажарувчи, ички ишлар органлари ҳамда аҳоли ўртасидаги узвий алоқани таъминловчи кўприк вазифасини ўтайди.

Юқоридаги қарор асосида ички ишлар органлари тизими учун кадрлар тайёрлашнинг алоҳида йўналиши бўлган, педагог ходимларни тайёрлаш тартибига доир муҳим қоида киритилиб, унга мувофиқ Ички ишлар вазирлиги Академиясига — ички ишлар органлари таълим ва ўқув муассасаларининг педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш вазифаси юклатилди. Қайд этиш лозимки, бунга қадар ички ишлар органларининг таълим ва ўқув муассасалари педагог ходимларини тизим доирасида ўқитишнинг аниқ механизмлари мавжуд эмас эди. Шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг академик лицейларига — ўқув-тайёрлов марказларини ташкил этган ҳолда, иш вақтидан ташқари пайтда академик лицей ўқитувчилари томонидан ўқувчи ва фуқаролар учун ихтиёрийлик асосида қўшимча ўқув машғулотларини ўтказиш бўйича пулли таълим хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи берилганлиги тизим учун кадрлар тайёрлаш амалиётининг мақсадли йўналтирилишига хизмат қилди.

Алоҳида эътироф этиш лозимки, ушбу ҳужжатда ички ишлар органларида кадрлар салоҳиятини ошириш замон талаби ва долзарб вазифа эканидан келиб чиққан ҳолда, тизим учун кадрлар тайёрлашга масъул тузилма — Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаментининг фаолияти қуйидаги устувор йўналишларда такомиллаштирилиши белгилаб қўйилди:

ички ишлар органларида хизматга қабул қилиш бўйича номзодларни танлашнинг адолатли, холис ва шаффоф тизимини яратиш;

маънавий-маърифий ишларни “таълим муассасасидан — хизматнинг охирига қадар” тамойили асосида тизимли ва узлуксиз ташкил этиш орқали уларнинг самарадорлиги ҳамда таъсирчанлигини ошириш;

хизматнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ички ишлар органлари шахсий таркиби ўртасида манзилли психологик тадбирларнинг замонавий усулларини татбиқ этиш, лавозимга тайинлаш ва аттестация ўтказиш жараёнларида мутахассис-психологларнинг ролини ошириш;

ички ишлар органларида истиқболли ёш раҳбар кадрлар захирасини шакллантиришнинг янги тизимини жорий этиш;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасининг хусусиятларидан келиб чиқиб, ички ишлар органлари шахсий таркибининг жанговар ва жисмоний тайёргарлик даражасини оширишнинг узлуксиз тизимини яратиш ва уни баҳолашни янги мезонлар асосида амалга ошириш;

инсон омилини истисно этиш ҳамда коррупция ҳолатларининг барвақт олдини олиш мақсадида ички ишлар органларида кадрлар билан ишлаш, хизматни ўташ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, шахсий таркиб ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини замон талабларига мос равишда тўлиқ рақамлаштириш.

Таъкидлаш лозимки, юқорида келтирилган янги механизмларнинг жорий этилиши натижасида ички ишлар органларида хизмат ўташ тартиб-таомиллари такомиллаштирилиб, тизимнинг замон талабларига мос бўлган тузилмага айланиши учун замин яратилади. Бунинг натижасида ички ишлар органлари ходимларини ўз бурчига содиқ, ватанпарвар ва халқпарвар этиб тарбиялаш орқали аҳолининг чинакам розилигига эришилади.

Жаҳонгир ЮЛДАШЕВ,

ИИВ Академияси кафедра бошлиғи,

юридик фанлар доктори, доцент.

Беҳзод ЭГАМБЕРДИЕВ,

ИИВ бош инспектори,

юридик фанлар бўйича фалсафа доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер