Ичимлик суви таъминотини яхшилаш — муҳим вазифа

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Андижон вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида сўнги беш йилда 3 минг 524 км тармоқ тортилиб, 685 та сув қудуғи ва 52 та сув иншоотида таъмирлаш ҳамда янгитдан қуриш ишлари амалга оширилди. Натижада 600 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.
Ҳудудларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатишни ташкил этишда давлат дастурларининг аҳамияти катта бўлмоқда. 2024 йилда барча дастурлар доирасида 103 млрд. сўм маблағ ҳисобига 186,3 км ичимлик суви тармоғи тортилиб, 9 та сув иншооти, 25 та сув қудуғи қурилди ва реконструкция ишлари бажарилди.
— Ушбу ишлар натижасида 33 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланиб, 64 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатиш сифати яхшиланди, — дейди “Андижон сув таъминоти” АЖ директори Дилшодбек Қўлдошев. — Бу борада энг аввало, ижтимоий жиҳатдан шароити нисбатан оғир бўлган ҳудудларга алоҳида эътибор қаратдик. Натижада чекка ҳудудлардаги маҳаллаларнинг ҳар бир хонадонига сув жўмраклари ўрнатилиб, “обиҳаёт” кириб борди.
Жамиятда соҳа тараққиётини таъминлаш, амалга оширилаётган ишлар ривожини йўлга қўйиш мақсадида “яшил” энергияни ишга тушириш борасида ҳам хайрли ишларга қўл урилган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 октябрдаги қарори ижросини таъминлаш доирасида ўтган йили 57 та энергия тежамкор насослар ишга туширилди. Бунинг натижасида йилига 4 млн. 582 минг кВт электр энергияси ёки 4 млрд. 124 млн. сўм маблағ тежалишига эришилди.
— Бундан ташқари, сув иншоотлари ҳудудида қуввати 50 МВт бўлган қуёш панелларини ўрнатиш бўйича хатлов ишлари йўлга қўйилди, — дейди биз билан суҳбатда жамиятнинг энергетика бўлими муҳандиси Абдулазиз Эгамбердиев. — Бу каби истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда Хитойнинг “Gansu Yucun New Energu Technologu” ҳамда Россиянинг “Зарубежнефт” АЖ компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилиши аҳамиятлидир. Бу каби лойиҳаларнинг ишга туширилиши йилига электр энергияси учун харажатлар қийматини 25 фоизга қисқартириш имконини беради.
2024 йилда Андижон вилоятида истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги хайрли ишлар 2025 йилда ҳам кенг кўламда давом этади. Зеро, навбатда 11,7 км янги сув қувурини тортиш, 2 та сув қудуғи, 2 та сув иншоотини қуриш ва таъмирлаш орқали 8 та маҳаллада истиқомат қилувчи 33 минг нафар аҳоли илк бор тоза ичимлик суви таъминотига эга бўлади. Шунингдек, 64 минг нафар ҳамюртларимизга хизмат кўрсатиш сифати янада яхшиланади. Бир сўз билан айтганда, “Андижон сув таъминоти” АЖ томонидан ҳудудларни сувлаштиришда барча имкониятлар ишга солинмоқда. Бу эса манзилларда инфратузилмани шакллантириш орқали аҳоли турмуш шароитини яхшилаш имконини бермоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг