Ҳусанов жароҳати сабаб нечта ўйинни ўтказиб юбориши аниқ бўлди

09:32 24 Сентябр 2025 Спорт
131 0

Англия Премьер-лигасининг 5-туридан ўрин олган «Арсенал» – «Манчестер Сити» ўйинида жароҳат олиб, майдонни тарк этган ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусанов нечта ўйинни ўтказиб юбориши маълум бўлди. Бу ҳақида клубга яқин манба хабар берди.

Маълум бўлишича, ўзбекистонлик ҳимоячи бугун, 24 сентябрь куни бўлиб ўтадиган Лига кубогида «Ҳаддерсфилд»га қарши майдонга тушмайди. Шунингдек, Абдуқодир «Бёрнли» ва «Монако»га қарши баҳсларни ҳам ўтказиб юборади. Аниқроғи, у майдонга октябрь ойидаги ФИФА кунларидан сўнг қайтади.

«Манчестер Сити» устози Пеп Гвардиола бу ҳақда гапирар экан, сўзи якунида Ҳусановни мақтади.

«У марказда ёки ҳимоя чизиғининг деярли барча позицияларда ҳаракат қила олади. Фақатгина чапда ўйнаш унга ноқулайроқ деб ўйлайман. Абдуқодирнинг майдонни кўриш қобилияти юқори, жисмоний жиҳатдан кучли, ишончли, баъзи жиҳатдан Кайл Уокерни эслатади.

Асосийси, у ўрганишга чанқоқ, диққатини шунга йўналтира олмоқда. Ёш бўлишига қарамай, Ўзбекистондан Францияга, кейин Англияга келди. Мослашув осон кечмади. Бир мавсум ичида бундай йўлни босиб ўтиш катта тажриба берди.

Услуб ва схемаларимизни тез ўзлаштирмоқда, ажойиб футболчи сифатида шаклланяпти. Келажаги порлоқ, «Манчестер Сити» учун кўп йиллар давомида хизмат қилади», дейди у.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов жароҳати сабабли ўтган ойда бўлиб ўтган «CAFA National Cup» мусобақасида ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоасига ёрдам бера олмаган эди. Эндиликда октябрь ойидаги ФИФА кунлари доирасида ўтиши режалаштирилган Уругвай терма жамоасига қарши баҳсда ҳам кўп эҳтимол Ҳусанов кўриниш бермаслиги мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?