Ҳукумат органларига «DeepSeek AI»дан фойдаланиш тақиқланди – Тайван

16:29 03 Февраль 2025 Дунё
181 0

Тайван ҳукумати Хитойга тегишли «DeepSeek» сунъий интеллект хизматидан фойдаланишни тақиқлади. Ҳукумат бундай қарорни ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва махфий маълумотларнинг Хитойга сизиб чиқиш хавфини олдини олиш мақсадида қабул қилган. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Тайван ўз суверенитетини сақлаб қолиш йўлида узоқ йиллардан бери Хитой технологияларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланиб келмоқда. Қайд этиш керакки, Пекин ўзини Тайваннинг ягона қонуний ҳукумат сифатида эътироф этишни талаб қилиб келади. Шу боис Тайпей ҳукумати Хитой технологиялари орқали келиб чиқадиган хавфларга алоҳида эътибор қаратишга мажбур бўлган.

Тайван Бош вазири Чжо Жунтай ҳукумат йиғилишида «DeepSeek» сунъий интеллект хизматидан фойдаланиш барча давлат идораларида тақиқланганини маълум қилди. Унга кўра, мазкур қарор давлат ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун қабул қилинган. Расмий баёнотда «DeepSeek» хизматидан фойдаланиш цензура муаммоларига олиб келиши, шунингдек, фойдаланувчилар маълумотлари Хитойга сизиб чиқиши хавфи борлиги маълум қилинди.

Ўтган ҳафта Тайван Рақамли ишлари вазирлиги давлат идораларига «DeepSeek»дан фойдаланишни тавсия этмаган, бироқ аниқ тақиқ қўймаган эди. Бироқ ҳукумат ҳозирда бу хизматдан бутунлай воз кечиш зарурлигини таъкидлаяпти.

«DeepSeek» сунъий интеллекти фақат Тайванда эмас, балки Жанубий Корея, Франция, Италия ва Ирландия каби давлатларда ҳам шахсий маълумотларнинг ҳимояланиши бўйича текширувлардан ўтмоқда. Ушбу давлатларнинг расмийлари хизматдан фойдаланиш натижасида шахсий маълумотлар қанчалик хавфсизлигини таҳлил қилиб, хулоса чиқаради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?