Ҳудудларнинг ижтимоий инфратузилмаси яхшиланмоқда

16:19 30 Сентябр 2023 Жамият
581 0

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан чекка ва олис ҳудудларнинг ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш ва аҳоли турмуш даражасини кўтаришга қаратилган “Обод кўча”, “Обод маҳалла”, “Обод хонадон” мезонларини жорий қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ана шундай манзиллардан бири Хоразм вилоятидир. Дастур бўйича вилоятнинг тўрт ҳудудида — Боғот тумани “Саховат” МФЙда, Янгибозор тумани “Катли” МФЙда, Хонқа тумани “Дургадик” МФЙда ҳамда Хива тумани “Истиқлол” МФЙда кенг кўламли бунёдкорлик ишлар олиб борилмоқда.

Аҳолини ўйлантириб келаётган муаммоларга ўз вақтида ва сифатли ечим топиш мақсадида Президент маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи вакиллари ҳам бевосита жойларга чиққан холда уйма-уй юриб ўрганишлар олиб бормоқда.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, танланган ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш мақсадида янги маҳалла бинолари, атрофида мини спорт майдончалар, тикувчилик цехлари, банк хизматлари марказлари, сартарошхона ва гўзаллик салонларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Маҳаллардаги мактаб ва боғчалар жорий ва капитал таъмирланди.

Бундан ташқари 22 километрга яқин ички тупроқ йўллар шағаллаштирилди, 6 километрдан зиёд табиий газ қувурлари капитал таъмирдан чиқарилди, 5 километрга яқин янги сув қувурлари ўтказилди. Электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 9 та янги трансформатор ўрнатилди, 12 километр СИП кабеллар тортилди ҳамда 200 дан зиёд янги бетон таянч устунлар ўрнатилди, 300 га яқини жорий таъмирдан ўтказилди.

Ҳудудларни тартибга келтириш мақсадида, 36 км. ариқлар ва зовур тармоқлари тозаланиб, ишчи фаолиятга келтирилди, маҳалла қабристонлари ободонлаштирилди.

Кам таъминланган, ижтимоий ёрдамга муҳтож 584 та оилалар хонадонларида капитал ва жорий таъмирлаш ишлари кетмоқда, томорқалари тартибга келтирилмоқда.

Аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида 6,3 мингга яқин фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Натижада, 84 нафар фуқарога амбулатор шароитда даволанишга ордер ажратилди, 49 нафар фуқарога туман тиббиёт марказига йўлланма берилди, 723 фуқарога эса бепул дори-дармонлар етказилди.

Оилаларни тадбиркорликка жалб қилиш ҳамда бандлигини таъминлаш мақсадида тикувчилик ва хизмат кўрсатиш йўналишида 39 нафар фуқарога 366 млн сўмлик субсидия, 118 нафар фуқарога 2,3 млрд. сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратиб берилди. Шу билан бирга 112 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқишга йўналтирилди ҳамда 73 нафари ҳақ тўланадиган жамоатчилик ишларига жалб қилинди. Ижтимоий оғир аҳволдаги 89 та оилага 36,1га ер майдони экин экиш учун тарқатилди.

Бундан ташқари, Республика ишчи гуруҳи вакиллари аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг қиш мавсумига тайёргарлигини ҳам ўрганди. ФВБ томонидан ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши ва ис газидан заҳарланиш ҳолатларини олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар ўтказилди. Хусусан, мингга яқин хонадон мўрилари тозаланди, ўндан зиёд ижтимоий объектлар ёнғин хавфсизлиги бўйича ўрганиб чиқилиб, кўмир сақлаш омборлари тартибга келтирилди.

Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?