“Ҳисоб-китоб ишларида шошиш ярамайди”
Дунёда кечаётган мураккаб иқтисодий ва сиёсий жараёнлар, пандемия оқибатлари туфайли юзага келган инқирозлар ҳамда халқаро майдондаги зиддиятларга қарамасдан мамлакатимизда кенг кўламли ва самарали ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистондаги ижобий ўсиш суръатлари, ташқи иқтисодий алоқаларда миллий иқтисодиётимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келишининг ҳамда экспорт ҳажми ошганлиги синовли йилда Президентимиз ташаббуслари ҳамда фармон ва қарорлари ўз вақтида қабул қилинганлигини исботлаб турибди.
Мухбиримиз эришилган натижаларда ислоҳотларнинг қонуний асосларини такомиллаштириш борасида олиб борилган ишлар, шунингдек, истиқболдаги вазифалар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Шарофиддин Назаров билан суҳбатлашди.
— Ўтган йил иқтисодиётимиз учун синовли йил бўлганлигига қарамасдан ижобий натижалар кузатилди. Бунда ислоҳотларнинг асосини ташкил этувчи қонунчиликни такомиллаштиришга бўлган эҳтиёжни қандай баҳолайсиз?
— Мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантиришда самарали бюджет, солиқ ва пул-кредит сиёсатини олиб бориш, товар ва молия бозорларида рақобат муҳитини яхшилаш орқали иқтисодий фаолликни ошириш, давлатнинг иқтисодиётга бевосита таъсирини камайтириб бориш ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, молия хизматлари хусусан, суғурта, микромолиялаш, ипотека ҳамда қимматли қоғозлар бозорларини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда. Буни қўмита масъуллигида қабул қилинган қонунлар салмоғидан ҳам кўрса бўлади.
Масалан, қўмитамиз 2020 йилда 21 та қонун лойиҳаси учун масъул бўлиб, шундан 18 таси қабул қилинган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич мос равишда 25 ва 22 тани ташкил қилган. Ўтган йилда эса қўмитамиз 30 та қонун лойиҳаси учун масъул бўлди ҳамда шундан 25 таси қабул қилинди.
Кўриниб турибдики, бюджет, солиқ, пул-кредит сиёсати ва иқтисодий ислоҳотларга оид қонунларни такомилига етказиш ва давр талабига мослаштиришга бўлган талаб борган сари ортиб бормоқда. Чунки изчил ва кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётни тартибга солишнинг замонавий бозор механизмлари ва воситаларини амалиётга қўллаш, аввало, бу борадаги қонунчилик асосларини такомиллаштиришни талаб этади.
— Юқорида иқтисодий сиёсат олиб боришнинг замонавий механизмлари ҳақида айтиб ўтдингиз. Шу тўғрисида кенгроқ тушунча бериб ўтсангиз...
— Бу борада узоқ фикр юритиш мумкин. Қисқароқ айтадиган бўлсак, қўмита масъул бўлган бир қанча қонунларда барқарор макроиқтисодий сиёсат юритишнинг замонавий усулларини амалиётда қўллашнинг ҳуқуқий асосларига оид нормалар устида иш олиб борилди.
Хусусан, “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳасида макроиқтисодий хавф-хатарларни (рискларни) ҳисобга олган ҳолда ваколатли давлат органлари томонидан иқтисодий сиёсатни амалга оширишдаги ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди.
Ушбу қонунда давлат қарзи ва унга хизмат кўрсатиш харажатларининг устуворлигини таъминлаш, давлат қарзининг чекланган ҳажмлари ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатларни белгилаш имконини берадиган нормалар киритилди. Шунингдек, қонун лойиҳасида давлат қарзини бошқаришда парламент ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича самарали ва яхлит тизимнинг қонуний асосларига оид нормалар акс эттирилган. Қонунда давлат қарзини бошқариш жараёнининг фрагментациялашувининг олдини олиш, давлат қарзи ҳамда давлатнинг шартли мажбуриятлари бўйича хатарларни бошқариш ҳамда давлат қарзини барқарор даражада сақлашга қаратилган қонуний механизмларнинг амал қилишига оид нормалар ҳам келтирилган.
Бундан ташқари, бюджет ва солиқ сиёсати самарадорлигини оширишга қаратилган бир қанча янги нормалар Бюджет ва Солиқ кодексларида ўз аксини топган. Улар жумласига солиқ солиш тизимини соддалаштириш, ишбилармонлик ҳамда инвестиция фаоллигини ошириш мақсадида корхоналар ва жисмоний шахслар учун солиқ юкини камайтириш, солиқ тўловчилар учун ташқи шоклар натижасида вақтинчалик юзага келадиган йўқотишларни бошқаришнинг етарлича мослашувчан шарт-шароитларини таъминлайдиган ҳуқуқий нормалар ва фискал қоидалар ишлаб чиқилди.
— Бу йилги Давлат бюджетини қабул қилиш жараёни қандай кечди? Сир эмас, айрим оммавий ахборот воситалари, жумладан, ижтимоий тармоқларда “Депутатлар Давлат бюджети тўғрисидаги қонунни тезда қабул қилиб юборди”, деган гаплар тарқалди. Буни қандай изоҳлайсиз?
— Дунё мамлакатлари иқтисодиётида кечаётган нобарқарорликлар ва юзага келиши мумкин бўлган рискларнинг миллий иқтисодиёт ва қолаверса, давлат бюджети ижросига таъсирини олдиндан башорат қилиш жуда муҳим аҳамият касб этаётир.
Кечаги гап бугунга тўғри келмай қолаётган бундай шароитда ҳар бир мамлакат учун халқаро молия институтлари ҳамда асосий савдо-иқтисодий ҳамкор давлатлар билан муносабатларидаги ўзгаришларнинг ўз иқтисодиётига, қолаверса, бюджет даромадларига таъсирини тўғри баҳолаш мушкул вазифага айланиб бормоқда. Шу ва бошқа сабаблар туфайли кўпгина давлатларда бюджет параметрларини тасдиқлаш жараёнлари чўзилиб кетаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Биргина мисол, АҚШда молиявий йил 1 октябрдан бошланадиган 2023 йилнинг бюджет харажатлари (ассигнованиялари) 2022 йилнинг охирги кунларида АҚШ Конгресси томонидан тасдиқланди. Бундай кечикишлар бошқа давлатлар амалиётида ҳам кузатилмоқда. Бундан Ўзбекистон ҳам мустасно эмас. Зеро, мамлакатимиз глобал жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланиб бўлди. Шундай экан, “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини парламентга олдинги йилларга нисбатан кечроқ киритилишининг ҳам маълум бир сабаблари бор.
Масалан, Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий алоқалардаги асосий ҳамкорлари бўлган Хитой, Жанубий Корея, Россия Федерацияси, Қозоғистон ва бошқа давлатлар иқтисодиётида кузатилаётган ўзгаришларга қараб макроиқтисодий ва бюджет параметрларимизга аниқлик киритиш зарурати ой эмас, ҳафта эмас, кун сайин юзага келмоқда.
Бундай ҳолатлар Давлат бюджети параметрларини ваколатли давлат органлари ўртасида мувофиқлаштириб олишда айрим ҳисоб-китобларни қайта кўриб чиқишни талаб этади. Бундай ҳисоб-китоб ишларини шошма-шошарлик билан қилиб бўлмайди. Шу сабабли ҳам “2023 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси парламентга олдинги йилларга нисбатан кечроқ кириб келди.
“Депутатлар кеч киритилган Давлат бюджети тўғрисидаги қонунни бир пасда қабул қилиб юборишди”, деган фикрларга қўшилмаган бўлардим. Чунки Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2023 йил учун Давлат бюджетининг параметрлари муҳокамаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Фискал стратегия 2022 йилнинг 15 июнида тасдиқланиб, парламентга маълумот тариқасида киритилган санадан бошланган, десак, тўғри бўлади.
Фискал стратегия, бу — ўрта муддатли давр учун солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини белгиловчи ҳужжат ҳисобланади. У Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади, Ҳукумат уни тасдиқлайди. Фискал стратегияда кейинги ўрта муддатли давр учун макроиқтисодий кўрсаткичларнинг прогнозлари, фискал сиёсатнинг асосий йўналишлари, макрофискал таваккалчиликлар таҳлили, Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджети даромадлари ва харажатларининг прогнозлари, Давлат бюджети профицити ёки тақчиллиги прогнозлари, тақчилликни молиялаштириш манбалари, давлат қарзи таҳлили ҳамда бошқа бир қанча маълумотлар ўз аксини топган.
Ушбу стратегия халқ вакиллари учун 2023 — 2025 йилларга мўлжалланган фискал мақсадлар, давлат молияси тизимида амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлар, бюджет харажатларини режалаштиришда натижадорлик ва самарадорликка эришиш, бюджет очиқлигини таъминлашга оид хулосалар чиқариш учун муҳим манба ҳисобланади.
Умуман, Фискал стратегия 2023 йил учун “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг концепциясини тўлиқ очиб берадиган ҳужжат. Ушбу ҳужжат қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига расман кириб келишидан 4-5 ой аввал депутатларга тақдим этилиши бюджет параметрлари муҳокамасини сифатли амалга ошириш имконини берди.
Қолаверса, мазкур ҳужжат даставвал Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ва бошқа масъул қўмиталар томонидан батафсил ўрганиб чиқилди. Айни чоғда, депутатлар мамлакатнинг 2023 — 2025 йилда олиб бориладиган бюджет ва солиқ сиёсатига нисбатан позицияларини “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси парламентга расман кириб келгунга қадар аниқлаб олиш имкониятига эга бўлди. Бундан ташқари, қўмитамиз аъзолари “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси парламентга расман киритилгунга қадар лойиҳани шакллантириш жараёнида Молия вазирлигининг тегишли департаментлари томонидан ишчи тартибда ўтказилган муҳокамаларда иштирок этиб, ўз таклиф ва тавсияларини бериб борди.
Бюджетлаштириш жараёни шаффофлиги ҳамда бюджет маблағлари самарадорлигини таъминлаб боришда яна бир янгилик, бу — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрда қабул қилинган қарори билан муҳим парламент назорати механизми жорий этилганидир.
Унга кўра, 2022 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси томонидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи вазирлик ва идораларнинг ривожлантириш дастурларида белгиланган мақсад индикаторлари бажарилиши бўйича чораклик ахборотлар Қонунчилик палатасига тақдим этиб борилди. Мазкур ахборотда мақсад индикаторларига эришиш учун ажратилган бюджет маблағларидан самарали фойдаланишга оид маълумотлар 2022 йил учун батафсил ҳамда 2023 — 2025 йиллар учун ўрта муддатли прогноз кўрсаткичларини ҳам ўз ичига олган.
Мазкур маълумотларнинг қуйи палата тегишли қўмиталарида доимий равишда (ҳар чоракда) мониторинги йўлга қўйилиши натижасида депутатлар нафақат жорий йил учун, шунингдек, келгуси давр учун мўлжалланаётган бюджет параметрларини ҳам таҳлил қилиб бориш ҳамда тегишли фикр ва мулоҳазаларини Молия вазирлиги, тегишли вазирлик ҳамда идораларга билдириш имкониятига эга бўлдилар.
Шу боис 2023 йил учун Давлат бюджети параметрларини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи йиғилишида муҳокама қилиш жараёнида ортиқча тортишув, баҳс-мунозаралар олдинги йилларга нисбатан кам бўлди, дейишга асос бор.
— Қўмитанинг назорат-таҳлил ва сайловчилар билан амалга оширган ишлари борасида ҳам тўхталсангиз...
— Қўмита томонидан қонунлар ва қонуности ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни назорат-таҳлил тартибида ўрганиш мақсадида 21 та тадбир ўтказилди. Улардан биттаси қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганишга, йигирматаси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга тааллуқлидир. Ўтган вақт мобайнида қўмита томонидан “Расмий статистика тўғрисида”ги ҳамда “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги қонунларнинг мутасадди идоралар томонидан амалиётга жорий этилиш ҳолати ўрганилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан доимий парламент назорати ўрнатилиб, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси билан биргаликда масъул вазирлик ҳамда идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитиб борилди.
Қўмита томонидан сайловчилар томонидан кўтарилаётган масалалар ва жойларда олиб борилаётган ўрганишлар давомида аниқланган камчилик ҳамда муаммоларга мутасаддилар эътиборини қаратган ҳолда ҳал этишга устувор аҳамият қаратилди. Жумладан, ўтган даврда қўмита ташаббуси билан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан давлат ва бошқарув органлари мансабдор шахсларига 4 та парламент сўрови юборилди. Шу билан бирга, қўмита аъзолари томонидан мансабдор шахсларга сайловчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан жами 8 та депутат сўрови юборилди.
— Қўмитанинг келгуси режалари қандай?
— Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида иқтисодий ислоҳотларга оид бир қанча муҳим йўналишлар ва вазифалар белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, 2023 йилда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ўзининг қонун ижодкорлиги ҳамда назорат-таҳлил фаолиятида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда эркин бозор механизмларини жорий қилиш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, Давлат бюджети тизимини ислоҳ қилиш, банк-молия соҳасини либераллаштиришнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратади.
Қўмитамиз масъуллигида “Рақобат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси яқин кунларда иккинчи ўқиш муҳокамасига олиб чиқилади. Ушбу қонун лойиҳаси қўмита томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳлар ҳамда экспертлар гуруҳи йиғилишларида кўриб чиқилиб, такомиллаштирилди. Ундаги кўплаб нормалар халқаро тажрибани чуқур таҳлил қилган ҳолда маромига етказилди.
Умуман, белгиланаётган янги нормалар бозор иштирокчилари ўртасида тенгликни таъминлашга ҳамда товар ҳамда молия бозорларида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг