Ҳиндистонлик тадбиркорлар Нукусда

12:50 12 Сентябр 2024 Жамият
325 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Жорий йилнинг 9 сентябрь куни Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари Федерацияси бошчилигидаги ишбилармон доира вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюрганди.

Бугун ҳиндистонлик тадбиркорлар делегацияси Қорақалпоғистонга ташриф буюрди. Меҳмонларни Нукус халқаро аэропортида Қорақалпоғистон Республикаси бошқар­маси бошлиғи ва бошқа расмийлар кутиб олишди.

Делегация вакиллари иштирокида Нукус шаҳрининг «Оқ қуш» мажмуасидаги яқинда Гиннес рекордлар китобига киритилган «Қора уй»да Ўзбекистон – Ҳиндистон қўшма бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов ҳамда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант ва Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари Федерацияси бош маслаҳатчиси Манаб Мажумдар сўзга чиқиб, қўшма бизнес-форумни ўтказишдан кўзланган мақсад ва Ўзбекистон, шу жумладан Қорақалпоғистонда ҳамкорликда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилиши режалаштирилган тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги товар айланмаси 2023 йил ҳолатига кўра, 691,5 млн долларни ташкил этади. Ҳиндистон давлатига амалга оширилган экспорт ҳажми 36,5 млн доллар, импорт ҳажми 655,1 млн доллардан иборат.

Форум доирасида икки давлат вазирлик, идора ва ташкилот вакиллари Ўзбекистон ҳамда Ҳиндистон давлатининг савдо-иқтисодий муносабатларини ривожлантириш бўйича тадбиркорликнинг кенг истиқболлари намойиш этилган тақдимот билан қатнашди.

— Бизнес-форум доирасида ҳиндистонлик тадбиркорлар Нукус шаҳридаги бир неча корхоналарда бўлишди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси бошқар­маси бошлиғи Казбек Артиков. — Хусусан, Нукус шаҳридаги «Nukus SSP Texnopark» МЧЖ, «Nukuselektroapparat» қўшма корхонаси, терини қайта ишловчи корхоналарда бўлиб, маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатмоқда. Қорақалпоғистонда табиий ҳолда ўсадиган қизилмия ўсимлигига делегация вакиллари катта қизиқиш билдирди. Кейинги йилларда юртимизда қизилмия илдизини етиштириш ва қайта ишлаш ривожланаётгани фармацевтика ва бошқа соҳаларда қўллаш борасида ҳамкорликда ишлаш бўйича фикр алмашилди.

Ташриф доирасида қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, логистика, таълим, қурилиш ҳамда туризм соҳаларида иш юритувчи 150 га яқин икки давлат ишбилармон доира вакиллари иштирокида Ўзбекистон – Ҳиндистон бизнес форуми ҳамда В2В форматидаги икки томонлама учрашувлар ташкил этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер