Ҳиндистон парламентининг янги биноси очилди

16:38 03 Июнь 2023 Дунё
472 0

Кеча Ҳиндистон парламенти янги биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мамлакат парламентининг қароргоҳи бўлган янги бинода қуйи палата — Лок Сабҳа ва юқори палата — Ражя Сабҳа жойлашди. Иншоот асосий давлат органлари, мамлакатнинг кўплаб штатларининг ваколатхоналари жойлашган ҳудудда қад ростлади.

Замонавий бинони Бош вазир Нарендра Моди мамлакат парламенти аъзолари, вазирлик ва идоралари раҳбарлари, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, дипломатик корпус вакиллари иштирокида очди. Ҳукумат раҳбари янги бино фаровон Ҳиндистоннинг ўзига хос рамзини ифодалашини таъкидлади.

Ушбу воқеа муносабати билан мамлакатда махсус эсдалик почта маркаси ва танга муомалага чиқарилди.

Шу пайтгача мавжуд бўлган парламент мажмуаси ўрнига янги бино қуриш таклифлари 2010 йиллар бошида илгари сурила бошлаган. Маҳаллий мутахассисларнинг фикрича, бунинг асосий сабаби қарийб бир аср аввал – 1927 йилда фойдаланишга топширилган эски бинода замон талаблари даражасидаги шарт-шароит йўқлиги бўлди. Иккала палатада ҳам йиғилишлар ўтказиш учун қулай механизмларнинг чегаралангани депутатлар фаолияти самарадорлигига таъсир кўрсатар эди. Шунга қарамасдан, эски бино Ҳиндистон миллий мероси учун муҳим объект саналади ва уни меъморий аҳамиятга эга давлат иншооти сифатида ҳимоя қилиш чоралари кўрилиши айтилмоқда.

Янги бино 150 йилдан ортиқ хизмат қилиш учун мўлжалланган. Унинг дизайни зилзилага чидамликни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган ва Ҳиндистоннинг турли ҳудудларининг меъморий услубларини ўзида мужассам этган. Мамлакат Конституциясига биноан, Лок Сабҳага 550 нафар депутат, Ражя Сабҳага эса 250 аъзо сайланиши мумкин. Аммо мамлакат аҳолисининг келажакдаги ўсишини ҳисобга олган ҳолда, палаталар мажлисларини ўтказиш учун мўлжалланган бинолар катта сиғим, яъни мос равишда 888 ва 384 ўринга эга. Шу билан бирга, Лок Сабҳа зали қўшма мажлислар ўтказиш учун 1270 дан ортиқ кишини сиғдира олади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер