Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас
Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992-йил 14-октябрдаги қарори билан 3-декабрь Халқаро ногиронлар куни, деб эълон қилинган эди. Шундан буён ушбу сана бутун дунё бўйлаб ақлан ёки жисмонан нуқсони бўлган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган турли тадбирлар, хайрия акциялари ўтказилади.
Сана муносабати билан Қашқадарё вилоятида ҳам “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас” шиори остида кўплаб ана шундай тадбирлар ташкил этилди.
Жумладан, вилоят мусиқали-драма театрида ногиронлиги бўлган фуқаролар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазма-савдоси ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими бошчилигидаги турли давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, ногиронлиги бор кишилар яратган маҳсулотлардан харид қилишди.
Шу куни жисмоний имконияти чекланганига қарамасдан, бирор-бир ҳунарни пухта эгаллаган ва бу ишни ўзининг фаолият йўналишига айлантирган фуқаролар томонидан тайёрланган заргарлик, бижутерия, кулоллик, ҳайкалтарошлик маҳсулотлари, турли аксессуарлар, ўйинчоқлар ва бошқа санъат асарларининг бозори қизиди.
— Ёшлигимдан суратлар чизишга қизиқаман, — дея ўз фикрларини имо-ишоралар орқали баён этади Қарши шаҳридаги 17-имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаси ўқувчиси Исидора. — Бугун ўзимнинг энг яхши суратларимни кўргазмага олиб келгандим. Уларнинг барчасини иштирокчилар сотиб олишди. Чизган суратларим бошқаларга манзур бўлганидан жуда бахтиёрман. Келгусида етук рассом бўлишни мақсад қилганман.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятида сана муносабати билан 50 нафардан зиёд болажонларнинг суннат тўйлари ва ногиронлиги мавжуд ёшларнинг никоҳ тўйлари ўтказиб берилди.
Тўй тантаналарида вилоят ҳокими Муротжон Азимов иштирок этиб, суннат бўлаётган болажонлар ва ёш оилаларни никоҳ тўйлари билан табриклади. Тўй соҳибларига эсдалик совғалари топширилди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг