Ҳаётимни Ўзбекистонсиз тасаввур этолмайман

12:56 27 Август 2024 Жамият
178 0

Ота-онам иш тақозаси билан Ўзбекистонга, Муборак шаҳрига кўчиб келишган, мен ўшанда 8 ёшда эдим. Мактабни тугатгач, Бухоро давлат педагогика институтига ҳужжатларимни топширдим.

Ўша палладаги бир воқеа ҳеч ёдимдан кўтарилмайди. Абитуриентман. Уйимиз Бухородан чамаси 100 километр олисда. Энди қаерда яшасам экан, деган муаммо туғилди. Шунда ўзимга ўхшаган абитуриент қизлардан бири кутилмаганда уйига таклиф қилиб қолди. Елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди. “Ота-онанг рози бўлишармикан?”, дебман денг андишага бориб.

Бу кичик воқеани эслаганим бежиз эмас. Мен ўз ҳаётим давомида ўзбекларнинг меҳр-оқибатли, меҳмондўст, ўзгалар ташвишини худди ўзиникидек қабул қиладиган халқ эканлигига жуда кўп бор гувоҳ бўлдим. Уларга меҳрим ўн чандон ортди. Айтмоқчи, турмуш ўртоғимнинг миллати ўзбек. Икки фарзандни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказдик. Ўзбекистонсиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Тақдирим шу серқуёш юрт билан боғланганидан мамнунман.

Салкам ўттиз йилдирки, ёш авлодга таълим-тарбия бериб келяпман. Миллий сертификатга эга олий тоифали ўқитувчиман. Шогирдларим орасида иқтидорли, интилувчан ўғил-қизлар кўп. Улар фан олимпиадалари, турли кўрик-танловларда кўплаб муваффақиятларга эришмоқда. Педагогик тажрибам оммалаштирилган. Ойига 1000 доллар миқдорида маош олаётган муаллимлар қаторидаман.

Адабиёт дарсликларида нафақат жаҳон ва рус, балки ўзбек адабиёти намуналари ҳам ўрин олган. Русийзабон ёшларга Алишер Навоий, шунингдек, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом сингари ўзбек адиблари ижодини қунт билан ўргатиб бораяпман. Шу ўринда замонавий ўқув дарсликларимизнинг афзаллигини ҳам таъкидламоқчиман. Дарсликларда у ёки бу ёзувчи ижодига мансуб ихчам асарлардан намуналар берилган. Бу ўқувчида уларни ўзлаштиришга қулайлик яратади. Ўқитувчини эса изланишга, ўша ижодкорнинг бошқа асарларини ҳам ўқиб ўрганиб ўқувчига етказишга ундайди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 33 йиллигини мактабимиз жамоаси, оиламиз аъзолари билан ўзгача бир кайфиятда қарши оляпмиз. Бу сана мен учун бир умр ёдда қоладиган бўлди. Негаки, Президентимизнинг тегишли Фармони билан бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида давлатимизнинг юксак мукофоти билан тақдирландим. Меҳнатим қадр топганидан мамнунман. Бундан сўнг ҳам ёш авлод таълим-тарбияси йўлида билимим, куч-ғайратимни аямайман.

Лилия ТОВСТЕНКО,

Бухоро шаҳридаги 21-умумий ўрта таълим мактабининг

рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси,

“Дўстлик” ордени соҳиби.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?