“... Ҳар ваъдаки, айласа вафодур анга шарт”

19:53 08 Февраль 2024 Маданият
293 0

Туркий халқлар осмонининг сўнмас қуёши, мутафаккир шоир Алишер Навоий мумтоз Шарқ поэтикасининг ўн олти лирик жанридаги асарлардан таркиб топган “Бадоэъ ул-бидоя” девони мисолида ўз даври поэтик услубига хос жуда кўп илмий масалаларни, хусусан, туркий тил имкониятлари, ёзма адабиётда стилистика қонуниятлари, оғзаки бадиий ижоднинг лирикага таъсири масалаларини таҳлил қилиш мумкин.

Хусусан, буюк аждодимиз шеъриятда ғазалдан ташқари ўз даврида кенг тарқалган лирик жанрларнинг турли кўринишлардаги такомилига эришар экан, эстетик тамойилларнинг янги қирраларини намойиш этади.

Жумладан, “Бадоэъ ул-бидоя” девонидан 85 рубоий ўрин олган ва уларнинг аксарияти рубоийи-таронадир. Бу рубоийлар орасида табиат мўъжизаларининг гўзал тасвири берилган мўъжаз лавҳалар учрайди:

Сув кўзгусини боғ аро айларда шитоб

Сиймоб қилур эрди таҳаррук била тоб.

Дай қилди бу сиймобни андоқ кўзгу,

Ким кўзгу анинг қошида бўлғай сиймоб.

Насрий баёни шундайки, боғда кўзгудек жилоланиб турган сув юзида симоб ўйнар эди. Ёки бир ёғду — шуъла сув юзида симобдек жилоланар эди. Қиш совуғининг шиддати бу симобни шундай бир кўзгуга айлантирдики, унинг тиниқлигини кўрган кўзгу симобдек эриб кетди.

Кичик шакл, аммо чуқур мазмунли рубоийларида шоир ўз ижодий услубига хос сўз ўйини қилади. Масалан, шоир муғбача образида, албатта, дайр пири, яъни бу дунёдаги бир маърифий йўлбошчини назарда тутади, жому май образларида эса маърифий суҳбатлар, пок муҳаббатга интилиш назарда тутилади.

Қуйидаги рубоийда ҳам бизни ўзига тортган ҳодиса шоир адабий-эстетик принципларига хос сўз ўйинидир. Ижодкор бир жом май ҳаққига жонини беряпти, икки жом май учун эса икки дунёсини ҳадя этмоқда. Илоҳий муҳаббат завқидан бир томчисини тўкканимдан кўра, қоним тўкилсин, демоқда:

Бер жому ол, эй муғбача, жонимни иваз,

Қўш тутқилу, ол икки жаҳонимни иваз,

Они сумурурда қатрае томса агар,

Сен ҳам тўк анинг ўрнига қонимни иваз.

Шоирнинг бу мазмундаги маърифий фикрлари ижтимоийлашган тарзда баъзи рубоийларда намоён бўлади:

Ким истаса салтанат, саходур анга шарт,

Ҳар ваъдаки, айласа вафодур анга шарт.

Ким фақр талаб қилса, фанодур анга шарт,

Оллиға неким келса, ризодур анга шарт.

Подшоҳ бўлишни истаган киши саховатли, ваъдасига вафо қилувчи бўлиши керак. Фақирлик, дарвешлик даъво қилган кимса эса, Аллоҳдан неки келса ризо бўлиб, шукр қилиб, асосий мақсади — ҳаётий талаблар ва эҳтиёжлар юкидан ўзини халос этмоқ бўлиши керак.

Алишер Навоий ижодида кичик лирик жанрларнинг поэтик жиҳатдан шу тариқа мукаммал даражадаги такомили унинг Шарқ мумтоз шеъриятини янги тараққиёт босқичига олиб чиққанидан далолат беради.

Дилором САЛОҲИЙ,

филология фанлари доктори, профессор,

Ўзбекистон Республикасида хизмат

кўрсатган ёшлар мураббийси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?