«Ҳар тоши тарихдир қардош диёрнинг...»

Бадиият олами
Хабарингиз бор, кўп йиллардан бери «www.xs.uz» сайтимизда халқнинг маънавий-руҳий озуқаси саналган, инсон қалбини поклаш, тафаккур оламини ёритиш, орзу-умидлари рўёби сари қанот қоқишдек вазифани зиммасига олган бадиий сўз санъати соҳибларининг бир-биридан гўзал ва мазмундор ижодий асарларини ёритиб борамиз.
Шу маънода, бугун «Бадиият олами» рукнида жойланаётган шеъру ҳикоялар кўпчиликнинг қалбидан жой олиб, маънавий дунёсини юксалтиришда камарбаста бўлмоқда, десак, муболаға эмас.
Рукнимизни янада бойитиш мақсадида эндиликда қардош мамлакатлар ижодкорларнинг ижодидан ҳам намуналар бериб боришни ҳам мақсад қилдик. Куни кеча почтамизга Озарбайжон Республикасининг «Аскар» газетаси муҳаррири, майор Анар Аҳмадов ўзининг юртимизга улкан меҳр-муҳаббат билан ёзган бир қатор шеърларини жўнатибди. Қуйида улардан айримларини сизга тақдим этмоқдамиз.
БИР КУН БОРАДИРМАН ЎЗБEКИСТОНГА
Бир кун борадирман Ўзбекистонга,
Қадим турк юртига, қардош маконга.
Чиқаман ундаги энг юксак тоғга,
Баланд қояларга, баланд чўққига,
Салом деб у ердан Ўзбекистонга,
Йўлларман меҳримни қардош ўлкага.
Бир кун борадирман Ўзбекистонга,
Азиз қариндошим қадим юртига.
Сайр этиб бир бошдан шаҳарларини,
Бухоро, Хиваю ҳам Самарқандни,
Қўқонни, Термизу ҳам Фарғонани,
У азиз, у қадим, гўзал Тошкентни.
Бир кун борадирман Ўзбекистонга,
Неъматлари дармон тотган ҳар жонга.
Меҳмон ҳайрон қолар боқиб бу юртга,
Ўзин бахтли кўрар унинг қўйнида.
Ўхшамас дунёда ҳеч бир маконга,
Қиёслашар шу боис гулистонга.
Бир кун борадирман Ўзбекистонга!
ЎЗБEКИСТОН ТАРИХИ
Ўқидим неча бор мен тарихингни,
Юракдан ўргандим бу турк элини.
Ахир қандай севмай ширин тилингни?
Бемалол англаймиз бир-биримизни.
Урган юрагидир у Туркистоннинг,
Кечмиши шонлидир Ўзбекистоннинг.
Бахш этган жаҳонга неча доҳийлар,
Олимлар, табиблар, мутафаккирлар,
Илмга жон тиккан муборак зотлар,
Синою Навоий, ал-Берунийлар.
Маданияти бой қардош диёрнинг,
Кечмиши шонлидир Ўзбекистоннинг.
Марди тарих ёзиб қиличларила,
Ватанни асраган ўз жонларила.
Ҳар бири ғурурланар ўзбек номила,
Амир Темурила, боболарила.
Буюклар ном қўйган улуғ диёрнинг,
Кечмиши шонлидир Ўзбекистоннинг.
Сайру саёҳат эт шаҳарларини,
Кўрарсан у маҳал гўзаллигини.
Фарғона, Бухоро, Хива, Самарқанд,
Инсонни яйратар муҳташам Тошкент.
Ҳар тоши тарихдир қардош диёрнинг,
Кечмиши шонлидир Ўзбекистоннинг.
ШАҲАРЛАР ШАҲАРИ, ГЎЗАЛ САМАРҚАНД
Афросиёб эди аввалги номинг,
Ёйилган жаҳонга шуҳратинг, шонинг,
Тилига ёд бўлган қари дунёнинг,
Қалбини фатҳ этдинг сен Ботуттанинг,
Боқиб мафтун бўлган, от қўймиш сенга:
Шаҳарлар шаҳари, гўзал Самарқанд.
Регистон майдони уриб турган қалби,
Ҳаммани лол этар мадрасалари,
Темурнинг турбаси, Бибихоним масжиди,
Шоҳи-зинда аталган ўшал масканни,
Очиғи, бунчалик билмаган эдим.
Шаҳарлар шаҳари, гўзал Самарқанд.
Ўзбек қардошимнинг ўт юрагисан,
Олган нафасисан, кўрар кўзисан,
Ўтмиши, бугуни, келажагисан,
Улуғ турк миллатин шоҳ асарисан,
Инсонлари гўзал, суҳбатлари қанд,
Шаҳарлар шаҳари, гўзал Самарқанд.
Кўрмаган эсамда васф этдим сени,
Суратингла яна жалб этдинг мени,
Жисмимла Бокуни, руҳимла сенинг
Тез-тез сайр этаман кўчаларингни.
Девона шоирдек бўлдим сенга банд,
Шаҳарлар шаҳари, гўзал Самарқанд.
Озарбойжончадан Раҳмат Бобожон таржимаси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг