“Ҳар лаҳзада уйғон, ҳар лаҳзада ўс”

21:18 17 Май 2021 Маданият
1651 0

Халқимизнинг дарду ташвиши билан яшаб ўтган Ҳалима Худойбердиева — Сирдарё фарзанди. Ҳар бир шеъри, ҳар бир мисрасида миллатнинг кўп асрлик армонлари мужассам. Шоира қалбини оловлантирган қўрни, беқиёс қуввату шиддатни шу замин бағридан олгани шубҳасиз.

Ўзбекка шундай буюк шоирани туҳфа этган заминда унинг номида ижод мактаби очилиши ғоятда оқилона иш, айни чоғда, адабиётга бўлган юксак эътибор намунасидир.

 Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида Ўзбекистон халқ шоири, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Ҳалимахоним таваллудининг 74 йиллигига бағишланган тантанали хотира кечаси бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат арбоблари, таниқли шоир, ёзувчилар, адабиётшунослар, санъаткорлар, ёш ижодкорлар иштирок этди.

Мактаб ҳовлисидаги шоира ҳайкали пойига гуллар қўйишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ўзбек адабиёти ва маданиятига улкан ҳисса қўшган атоқли шоиранинг бетакрор ижодий мероси, Ватанга муҳаббати, вафо ва садоқати, сермазмун ҳаёти ёш авлод тарбиясига беқиёс ҳисса қўшишини таъкидлади.

Иштирокчиларининг айримларини суҳбатга чорладик.

Эшқобил ШУКУР,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

— Шеъриятда Ҳалима Худойбердиева овози муҳташам ўринга эга. Шеърлари ўзбек аёлининг мардонавор овози каби жаранглаб туради. Бу шеърларда биз муҳташам оналаримизнинг юрак уришлари, опа-сингилларимизнинг меҳр-муҳаббатга тўлиқ туйғуларини, уларнинг дарду армонларини, қувончу шодликларини ҳис этамиз. Бир сўз билан айтганда, ўзбек аёлининг қалбини ўрганаман, деган одам Ҳалима опа шеърлари билан танишиш керак.

Бир пайтлар Зулфия опа Ҳалима опага “Юрагида аланга бор шоира” деб таъриф берганида Ҳалима опа ҳали мактабда ўқиб юрган муштдай қизалоқ бўлган. Ҳолбуки, ўша аланга унинг умрининг охиригача қалбида гуриллаб турди. Зеро, бу алангани шоирага Худонинг ўзи берган. Ҳалима опа бирор сатрни ҳам шунчаки ёзмаган. Шунчаки, эрмакка ёзишни у ор билган. Бу ижодий интизом ҳар бир шеърига ҳаёт ва ҳақиқат руҳини олиб кирди. Ҳамиша баланд бўлди, ҳамиша мард келди. Ҳаммамиз Ҳалима опани яхши кўрардик, у киши ҳам барчамизни яхши кўрарди. Шоирдек келди, шоирдек яшади, шоирдек кетди.

Дилором КАРИМОВА,

Ўзбекистон халқ артисти:

— Ҳалима Худойбердиева шеърлари миллат болаларини руҳан етук, ғурурли ва ўзбек бўлиб яшашга, тиз чўкмасликка, ҳаёт машаққатлари олдида тиз чўкмасликка ўргатади. Замонавий ўзбек шоиралари орасида энг оташнафас қалам соҳибаси. Бир шеърида: “Менинг овоз пардаларимга чидаб берсанг, бас”, дейди. Қаранг, “Оқ олмалар” китобига 53 йил бўлибди. Ҳали ҳам ўқувчилар қўлидан тушмайди. Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби халқаро даражадаги нуфузга эга. Бу ерда ўқувчилар хорижий тилларни ҳам ўрганишади. Бу мактаб болаларига муваффақият тилайман.

Камола УМРЗОҚОВА,

Ҳалима Худойбердиева қизи:

— Бугунги кунда онажоним ижоди ва хотирасига юксак эътибор қаратилаётганидан бошимиз осмонда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ҳалима Худайбердиева ижод мактаби очилгани ҳар биримизни чексиз қувонтирди. Онам ҳаётининг энг оғир дамларида ҳам барча машаққатларни сабр-чидам билан енгди. Доим адабиёт, мухлисларимни соғиндим, дердилар. Фарзандларига меҳрибон эди. Оиламизни ҳурмат қилиб келган барча иштирокчиларга ўз миннатдорчилигимизни билдираман.

Адиба УМИРОВА,
("Халқ сўзи").

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер