Ҳар куни қаҳва ёки чой ичиш хавфли касалликларнинг олдини олиши мумкин

Янги илмий тадқиқотларга кўра, қаҳва ва чой истеъмол қилиш оғиз ҳамда томоқ саратони каби касалликларнинг хавфини камайтириши мумкин. 14 та мустақил тадқиқот натижаларини ўрганган олимлар ушбу ичимликлар билан бош ва бўйин соҳасидаги саратон ўртасида боғлиқлик мавжудлигини аниқлади. Бу ҳақдаги тадқиқот «Cancer» журналида чоп этилди.
Бош ва бўйин саратони дунёдаги энг кенг тарқалган еттинчи касаллик ҳисобланади. Айниқса, кам ва ўрта даромадли мамлакатларда бу касаллик билан касалланиш ҳоллари кўпайиб бормоқда. Қаҳва ва чой истеъмолининг саратон хавфига қандай таъсир қилишига оид илгари турли натижалар эълон қилинган бўлса-да, Юта университети ҳузуридаги «Huntsman» саратон институти олимлари ушбу боғлиқликни аниқроқ ўрганиш мақсадида кенг қамровли таҳлил ўтказди.
Тадқиқотчилар 9 минг 548 нафар саратон беморлари ва 15 минг 783 нафар соғлом инсонларнинг маълумотларини таҳлил қилди. Уларнинг хулосасига кўра, кунига 4 ёки ундан ортиқ финжон кофеинли қаҳва истеъмол қилган одамларда бош ва бўйин саратонига чалиниш хавфи 17 фоизга камайган. Оғиз саратони хавфи 30 фоизга, томоқ саратони эҳтимоли эса 22 фоизга пасайгани кузатилган.
Бундан ташқари, уч-тўрт финжон кофеинли қаҳва ичиш ҳалқумнинг пастки қисмида жойлашган гипофаренкс саратони хавфини 41 фоизга камайтирган. Ҳатто кофеинсиз қаҳва истеъмол қилган одамларда ҳам оғиз бўшлиғи саратонига чалиниш эҳтимоли 25 фоизга пасайгани аниқланган.
Чой истеъмоли ҳам саратон хавфини камайтиришга ёрдам бериши мумкин. Тадқиқот натижаларига кўра, кунига битта ёки ундан кам чой ичган инсонларда бош ва бўйин саратонига чалиниш хавфи 9 фоизга, гипофаренкс саратони хавфи эса 27 фоизга камайган. Шундай бўлса ҳам, кунига бир финжондан ортиқ чой истеъмол қилганларда ҳиқилдоқ саратони хавфи 38 фоизга ошгани қайд этилган.
Тадқиқотчилар қаҳва ва чой истеъмолининг саратон хавфига қандай таъсир қилишини янада чуқурроқ ўрганиш лозимлигини таъкидламоқда. Университет профессори Юан-Чин Эми Ли бу тадқиқот қаҳва ва чойнинг турли саратон турларига таъсирини ўрганишда муҳим қадам бўлишини қайд этди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг