Ҳаққоний ва холис сўз қалбларга чуқур сингиб, эзгу туйғуларни уйғотади

16:47 21 Май 2024 Жамият
263 0

Фото: "Халқ сўзи"

Аслида беғубор болаликнинг ўйинқароқ лаҳзалари қолиб кетган, ақлингизни танитган, тафаккурингизни чархлаган, қўлингизга илк бор қалам тутқазган муқаддас заминга қадам қўймоқ, мусаффо ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олмоқдан ортиқ бахт бўлмаса керак дунёда. 70 нафарга яқин пойтахтда яшаб, ишлаётган ижодкорларнинг баҳорнинг сўлим фаслида, лолақизғалдоқлар очилиб, атроф фусункорлик касб этган кунларда Қашқадарёга бориши рамзий маънода киндик қони томган заминга таъзим ва эҳтиром намунаси бўлди, десак муболаға эмас.

Қалбимизни шундай гўзал туйғулар чулғаб олган пайтда бу учрашувни илк бор йўлга қўйганлар кўз ўнгимиздан ўтади. Марҳум, вилоятни анча йиллар бошқарган Нуриддин Зайниев илк ташкилотчи эди. Бу анъаналарни кейинги раҳбарлар давом эттирди. Бу галги учрашувларни эса Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов уюштирди ва ҳар галгидан фарқли ўлароқ, бир пиёла чой устида гурунг ва базм эмас, балки туманларда аҳоли билан учрашувлар ўтказилди. Жойлардаги вазият ўрганилди, одамларни қийнаётган муаммолар, турли масалалар ёзиб олинди.

…Қарши тумани Қовчин қишлоғида жойлашган буюк бобокалонимиз Абул Муин Насафий зиёратгоҳи. Мозий ва бугун ўртасидаги минг йиллик кўприк вазифасини ўтаётган улуғ бобокалонимиз дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган олимлардан биридир. Унинг «Тавсиратул адилла», «Баҳрул калом», «Ат тамҳид ли қавоиди тавҳид» каби асарлари дунё олимлари томонидан юқори баҳога сазовор бўлган. Зиёратгоҳнинг тарихий музейида бу асарларнинг нусхалари, Хитой ипак қоғозига битилган ноёб Қуръони карим қўлёзмаси сақланмоқда. Бу муқаддас китобнинг бўйи 60, эни 41 сантиметр бўлиб, собиқ тузим даврида девор орасига яшириб қўйилган ва кейинчалик бус-бутун ҳолда топилган.

Қарши туманидаги 71-мактабда вилоят раҳбарлари, шоир, ёзувчи ҳамда журналистлар иштирок этган мулоқотда мактаб ҳаёти, ўқувчиларнинг билими ва салоҳияти, ўқитувчи шарафи ҳамда масъулияти ҳақида фикрлар билдирилди.

— Бундай шинам, чиройли мактабда аъло баҳоларда ўқимасликнинг иложи йўқ, — дейди шоир Берди Раҳмат. — Ўзим шифтларидан қамиш осилиб турган, қишда ўтин билан иситиладиган, лойсувоқ мактабда ўқиганим кўз ўнгимдан ўтди. Ўшандаям биз илм олишни, ҳаётда ўз ўрнимизни топишни ўйлаб, китобдан бош кўтармасдик. Бу мактаб пойтахтдаги илм даргоҳлари билан бемалол бўйлаша олади. Мен аминманки, илм масканида Янги Ўзбекистоннинг келажаги, эртаси камол топмоқда ва улардан умидларимиз жуда катта.

Қарши шаҳридаги «Alp Texno Service» масъулияти чекланган жамият цехларида жаҳон андозаларига мос, турли русумдаги замонавий телевизорлар ишлаб чиқарилмоқда. Ўзи туғилиб ўсган қадрдон юртдаги шундай оламшумул янгиланишларни кўрган ижодкор кўксида ғурур ҳисси уйғонадида. 2022 йилда очилган корхонада бир йилда 120 минг дона телевизор ишлаб чиқариб, асосий қисми хорижга экспорт қилинаётгани бу катта гап. 110 нафар маҳаллий йигит-қиз телевизорларни йиғаётганини кўриб, ҳавасимиз келди. Корхона ижрочи директори Эркин Қурбонов яқин кунларда чанг ютгич ва кир ювиш машинаси, иккинчи босқичда кондиционер ҳам ишлаб чиқарилишини айтиб ўтди.

«Sulton Tex» Group» масъулияти чекланган жамияти кластер корхонаси билан танишар эканмиз, чигитни экиб, парваришлаб, йиғиб-териб олиб, қайта ишлаб, ундан калава-ип тайёрлаб, мато тўқиб, матони тайёр кийим-кечакка айлантириш жараёни яъни саноат занжири яратилганининг гувоҳи бўлдик. Қарши шаҳрида жойлашган бу корхонада барча жараёнлар узлуксиз амалга оширилмоқда. Шунингдек, ижодкорлар Қарши давлат университетида, Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида, вилоят марказидаги «Jahongir MED» хусусий клиникасида, Ғузор туманидаги «Oʼzbekiston JTL» МЧЖ, Косон туманидаги «Bunyodkor tex» МЧЖ, Яккабоғ туманида барпо этилаётган «Yangi Oʼzbekiston» массивини бориб кўришди. Шаҳрисабз шаҳридаги Мираки маҳалласида «Маърифатли ёшлар – юрт келажаги» мавзусида ижодий учрашув ўтказилди. Шаҳрисабз шаҳридаги «Оқсарой» мажмуаси, «Мақом» музейида кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди.

Учрашувларда фикрлар, гап-сўзлар, мулоҳазалар кўп бўлди. Мироқида шоирлар жўшиб айтган фикр ва ёниб ўқиган шеърлари юракларга етиб борди. Шеърлар ҳам, ижодий кечалар ҳам керак. Аммо халқ бизлардан ҳаққоний ва холис сўз, тараққиётга хизмат қиладиган фикрларни ҳам кутаётгани рост. Буни инкор этиб бўлмайди. Ваҳоланки, ҳар бир анжуман ёки тадбирдан кўзланган мақсад бўлади. Бу учрашувда ҳам шеъру ҳамду санолар билан чекланиб қолмасдан ҳаққоний ва холис фикрлар айтилса яхши бўларди. Мисол учун ижодкорлар борган Абул Муин Насафий зиёратгоҳига нафақат мамлакатимиздан балки Саудия Арабистони, Малайзия, Германия, Франция, АҚШ ва бошқа мамлакатлардан сайёҳлар келади. Аммо тан олиш керак, улуғ аллома абадий қўним топга қишлоқда лоақал битта меҳмонхона йўқ. Ваҳоланки, Қовчин қишлоғи туризм марказига айланиши, унда меҳмонхоналар, кўнгилочар масканлар, ҳунармандлар расталари, Абул Муин Насафий боғи ва бошқа сайёҳлик объектлари қуриш лозим эди.

Ҳақиқатда бу қишлоқ табиий газдан бебаҳра. Ҳатто зиёратгоҳни ободонлаштириш пайтида электр симларини кабель билан алмаштириш бошландию, чала қолиб кетди. Сув тармоғи торитиб келишга киришилди, лекин 10 фоизга ҳам етмасдан тўхтаб қолди. Зиёратгоҳга борадиган йўл четида бетон йўлка қурилиши ҳам ўлда-жўлда бўлиб қолиб кетди. Агар бу каби муаммоларга ечим топилса ва Қовчин қишлоғи туризм марказига айлантирилса, бу ерга келаётган сайёҳлар сони янада кўпайган бўларди. Энг муҳими эса ислом оламида буюк шахс сифатида тилга олинаётган Абул Муин Насафий бобомизнинг руҳи шод бўларди.

Ижодкор ва журналистлар катта куч. Жамиятдаги ўрни фақат ижоди ёки мартабаси эмас, балки у юртда кечаётган ҳаётий ислоҳотларнинг иштирокчиси ҳамдир. Шундай экан, Қашқадарё учрашувлари қатор ижтимоий муаммоларни ҳал этишда ҳам ташаббускор бўлиши керак эди. Масалан, Қашқадарёга нега доим давлат инвестиция киритиши керак. Ахир Тошкентдаги сармояси мўл қашқадарёлик тадбиркорларни жалб қилиш мумкин эмасми? Ёки воҳанинг чекка ва олис қишлоқларида ўқитувчилар, шифокорлар етишмайди. Тошкентда эса бориб ишлашга мойил шундай касб эгалари жуда кўп. Уларни жалб қилиш учун эса тарғибот керак, яхши сўз ва ундов керак. Буни эса ижодкорлар гоҳида сўз билан, баъзан шеъру ашъор билан қалбларга сингдириши мумкин.

Бугун яхшини оширадиган, ёмонни яширадиган давр эмас. Ҳаммаси очиқ ва ошкора бўляпти. Очиқлик бу холисликдир. Биз ҳам очиқ ва холис фикримизни айтдик ва бу ўзининг самараларини беришидан умидвормиз.

Фахриддин БОЗОРОВ, Фазлиддин АБИЛОВ, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?